Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 18:04 Чоп этиш версияси

Китобхонлик ва экологик маданият

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида таълим муассасаларида ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга бағишланган тадбирлар, давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ташкил этилмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 227-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Китобхонлик ва экологик маданиятни юксалтириш” мавзуидаги давра суҳбатида китобнинг ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни, ўқувчиларнинг экологик маданиятини ошириш борасида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида амалга оширилаётган “Соғлом келажак учун” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда эколог олимлар, “Ёшлар қаноти” аъзолари, ўқитувчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мактаб директори С.Тўрахонова, “Булоқча” (“Родничок”) болалар экологик журнали бош муҳаррири Р.Фарҳодий ва бошқалар навқирон авлодга таълим-тарбия бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, маънавиятини юксалтириш, кенг дунёқарашни шакллантиришда китобнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, ишлаб чиқариш жараёнида табиатга салбий таъсир этишнинг олдини олишга йўналтирилган кўплаб чора-тадбирлар жамиятимизни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

– Сайёрамизда юз бераётган экологик муаммолар, инқирозлар маълум маънода инсонларнинг атроф-муҳитга масъулиятсизлиги ва ёшлар экологик маданиятининг етарли даражада эмаслиги билан ҳам боғлиқдир, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши мутахассиси М.Қодирова. – Бир неча йилдан буён Ўзбекистон Экологик ҳаракати муассислигида “Булоқча” (“Родничок”) болалар экологик журнали чоп этилмоқда. Мазкур нашр ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, ёшларни атроф-муҳит муҳофазаси ишларига кенг жалб этишга кўмаклашмоқда.

Давра суҳбатида ахборот-коммуникация технологиялари кундалик турмушимиздан муҳим ўрин эгаллаётган бугунги кунда навқирон авлодда китобга меҳр уйғотиш, уларнинг экологик маданиятини юксалтириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
2 733






Все о погоде - Pogoda.uz