Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 19:13 Чоп этиш версияси

Чет тилларни ўрганиш янада такомиллашмоқда

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказида «Инглиз тилини махсус мақсадлар учун ўқитиш тизимидаги ислоҳотлар» – «EnSPIRE-U» лойиҳаси ижроси доирасида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Британия Кенгашининг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ва Буюк Британия олий ўқув юртларининг ўқитувчилари, илмий ходимлари ва талабалари иштирок этди.

Ўзбекистонда олий таълим тизимини изчил ривожлантириш, ўқитувчиларнинг касб даражаси ва малакасини ошириш, уларни халқаро талабларга мувофиқ қайта тайёрлаш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим ва маданият соҳаларида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажрибаларни оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Мазкур семинар-тренинг юртимиз университетларида чет тилларни ўқитиш ҳолатини таҳлил қилиш, бу тизимни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва бу борада халқаро тажрибани ўрганиш масалаларига бағишланди.

Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази ўқув машғулотлари, ўқитувчилар ва кафедра мудирлари фикрлари бўйича мониторинг ўтказди, ҳар бир ўқув муассасасининг кутубхона ресурсларини ўрганиб чиқди. Мазкур тадқиқотлар асосида намунавий дастурлар, иш режалари ҳамда университетлар тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинади. Бу борада «EnSPIRE-U» лойиҳасининг ижобий натижа бергани ҳамда чет тиллар ўқитувчиларини тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича намуна бўлгани диққатга сазовордир.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон таълим тизимидаги дастурлар ёшларнинг пухта билим олиши, салоҳиятини намоён этиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда дунёнинг кўплаб етакчи олий ўқув юртлари филиаллари муваффақиятли фаолият юритаётгани қайд этилди.

Инглиз тилини ўқитиш бўйича халқаро мутахассис Ричард Уэст (Буюк Британия) Ўзбекистонда таълимнинг барча босқичларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мазкур тадбир олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини халқаро стандартларга мувофиқ модернизациялаш ва такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш имконини берди.

– Мамлакатимизда чет тилларни ўқитишда илғор педагогик технологиялардан фойдаланилмоқда, ўқув жараёни халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда, – деди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказининг илмий ходими Виктория Лямкина. –Марказимиз бу борада хорижий давлатларнинг, хусусан, Буюк Британиянинг етакчи олий ўқув юртлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бу тил ўқитиш методикасини ривожлантириш, ўқитувчилар малакасини оширишга хизмат қилади.

Тадбирда замонавий ўқув дастурлари асосида олий таълим сифатини ошириш, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Кадрларни тайёрлашда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба ва маълумот алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Нодира Манзурова, ЎзА
4 071






Все о погоде - Pogoda.uz