Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 12:03 Чоп этиш версияси

Чет тилларни ўқитишнинг инновацион услублари муҳокама қилинди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказида Франциянинг Версаль академияси ҳузуридаги Педагогика ва таълим олий мактаби делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар замон талабларига жавоб берадиган, мустақил фикрлайдиган, чет тилларни яхши биладиган ёш авлодни тарбиялашга қаратилгани таъкидланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим асос бўлмоқда.

Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги фаол ҳамкорларидан биридир. Илм-фан ва техника, маданият бўйича ҳамкорлик битимлари мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ва Франция макроиқтисодиёт, молия, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида бошқарув кадрлари тайёрлаш бўйича самарали ҳамкорлик қилмоқда. Юртимиз олимлари франциялик ҳамкасблари билан қуёш энергияси бўйича тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Франциянинг Версаль академияси ҳузуридаги Педагогика ва таълим олий мактаби, Тошкент давлат юридик институти ва Тулуза-1 университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзоланган.

Франциялик мутахассислар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда француз тилида видеоматериаллар яратиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу хорижий тилларни ўқитишда янги услубларни қўллашга хизмат қилади. Келажакда “Erasmus+” халқаро кредит сафарбарлиги дастури бўйича ўқитувчи ва талабалар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

– Ўзбекистонда ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор самарасида улар чет тиллар, хусусан, француз тилини яхши ўрганмоқда, – дейди Версаль академияси мутахассиси Паскаль Буассон. – Мазкур учрашув ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан фикр ва тажриба алмашиш, янги ўқитиш услублари билан танишиш ҳамда француз тилини ўқитиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлди.

Томонлар замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда видеодарслар ўтишни ўз ичига олган “Micro-teaching” тақдимоти, ўқитишда қўлланилаётган услублар таҳлили бўйича фикр алмашди.

Учрашувда мамлакатимизда француз тилини ўқитиш тизимини янада ривожлантириш, чет тилларни ўқитиш бўйича инновацион услубларни кенг оммалаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Педагог кадрлар ва чет тиллар таржимонлари малакасини ошириш курслари тингловчилари учун ҳамкорликда модул ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Нодира Манзурова, ЎзА
2 854






Все о погоде - Pogoda.uz