Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 13:22 Чоп этиш версияси

Чет тиллари билимдонлари

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўқув дастурлари, дарсликлар чоп этилмоқда, таълим муассасаларида турли кўрик-танловлар, интерактив ўйинлар ўтказилмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида ўтказилган «Spelling competition» сўзларни ҳарфлаб талаффуз қилиш мусобақасида ўқувчиларнинг инглиз тили бўйича билимлари синовдан ўтказилди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бир гуруҳ иқтидорли талабаларидан таркиб топган «Ёш изланувчилар» гуруҳи ташаббуси билан Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, «Ўзбекистонда хорижий тиллар» номли электрон журнал ва интернет портали, Британия Кенгаши Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган танловда халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мактаб-интернат директори М.Мақсудов ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг жаҳон андозалари даражасида билим олиши, қизиққан соҳалари бўйича касб-ҳунар эгаллаши, ижодий-интеллектуал салоҳиятини намоён этиши, чет тилларини пухта ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мазкур мусобақа олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўриш имконияти чекланган талаба-ёшлар орасида ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги мусобақа ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати ўқувчилари ўртасида ташкил этилди.

– Мамлакатимизда таълим тизимининг барча босқичларида чет тиллари, хусусан, инглиз тилини ўрганишга бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортаётир, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Ёқут Шарипова. – Бу жараёнда жисмонан соғлом ёшлар билан бир қаторда жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг ҳам фаол иштирокини кўриш мумкин. Чет тилларини ўргатиш орқали уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмак бериш лойиҳамизнинг асосий мақсадларидан бири саналади.

– Мусобақада иштирок этаётганимдан хурсандман, – дейди 8-синф ўқувчиси Мадина Умарова. – Инглиз тили фанини севиб ўқийман. Тайёргарлик жараёнида грамматика, фонетикага оид кўпгина янги билимларни эгаллашга ҳаракат қилдим. Келажакда инглиз тилини пухта эгаллашни ният қилганман.

Ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 552






Все о погоде - Pogoda.uz