ЎзА Ўзбек

11.05.2019 Чоп этиш версияси

Бугунги таълим – эртанги келажак

Бугунги таълим – эртанги келажак

Ёшлар таълим-тарбиясини тўғри, миллий манфаатдорлик нуқтаи назаридан қайта қуриш жиддий масала. Чунки таълим-тарбия сифати ва таркиби ҳар қандай мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини белгилайдиган энг асосий омиллардан биридир.

ХХ аср иккинчи ярмида ёшлар таълим-тарбиясини мақсадли ислоҳ этиш натижасида юксак тараққиётга эришган давлатларга бир эътибор берайлик: Япония, Жанубий Корея, Финляндия, Норвегия... Ушбу давлатлар ислоҳотни боғчадан бошлаб, 2-3 ўн йилликда ўзига хос, самарали таълим-тарбия тизимини яратиш эвазига фуқаролари ижтимоий ҳимояланган, иқтисодий барқарор мамлакатларга айланди.

Ўзбекистонда бу борадаги ислоҳотлар деярли тугаган мактабгача таълим-тарбия тизимини тиклашдан бошланди. Ҳар бир вилоятда замонавий, ҳар жиҳатдан шинам, яхши жиҳозланган боғчалар қуришга киришилди. Энг аввало, узлуксиз таълимнинг энг муҳим ҳалқаси бўлган мактабгача таълим муассасалари мазмунан ва ташкилий жиҳатдан мутлақо янги шаклда ташкил этилмоқда. Ушбу тизим нафақат боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш, шунингдек, 3-6 ёшиданоқ уларнинг қизиқиши, эркин мулоқот қила олиш қобилиятига қараб алоҳида-алоҳида гуруҳларга бўлиб таълим-тарбия бериш механизмларини жорий этиш имкониятини беради.

photo_2019-05-11_22-05-18.jpg

Мактабгача таълим муассасалари учун тарбиячиларни тайёрлаш ҳам деярли йўқ бўлиб кетган эди. Олий таълим муассасаларида боғчалар учун тарбиячилар, мураббийлар тайёрлашнинг сон ва сифат жиҳатидан янги даври бошланди.

Боғчалар ва умумтаълим мактаблари хусусий шаклларининг ҳаётимизга кириб келиши таълимда соғлом рақобат муҳитини яратмоқда. Бунинг натижасида таълим муассасасини танлаш, шу билан бирга, инновацион таълим берувчи мураббий ва ўқитувчиларга бўлган янгича талаб ва шунга муносиб ҳақ тўлаш тизими ҳам амалиётга кириб келмоқда.

11 йиллик мактаб таълимига қайтилиши болаларимизнинг таълим олиш сифати ва тарбиясини янада кўтариш имконини берди. Бу таълимдаги энг муҳим ислоҳот бўлди. Умумий ўрта таълимдаги ўзгаришлар ҳам жадаллик билан кетмоқда: фанларга янги дастурлар, дарсликлар кириб келяпти, ўқитувчиларнинг маоши ошириляпти ва бу жараён узлуксиз давом этмоқда.

photo_2019-05-11_22-05-19.jpg

Касб-ҳунар таълими ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Бу тизим иш берувчиларнинг реал талабидан келиб чиққан ҳолда, аниқ ва оптимал бўлади.

Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз келажаги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлайдиган миллий элита ёшларни тарбиялаш бўйича давлат сиёсати юритилаётгани ва таълимга концептуал ёндашилаётгани яқин йилларда иқтисодиётимизнинг барча соҳаларини инновацион фикрлайдиган мутахассис-кадрлар билан таъминлаш имконини беради.

Бу мақсадга эришиш учун таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим омиллар белгиланди ва уларни мамлакат миқёсида бажариш бўйича қатор манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Бу омиллар ичида академик лицейлар янгича ташкил қилиниши, мактабгача таълим тизими ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида тубдан ўзгартирилиши, таълим соҳасида рақобат муҳитини яратишга олиб келувчи хусусий таълим муассасалари очилиши, ёшларнинг инновацион билим ва фанни эгаллаш учун хорижий университетларда таҳсил олиши, ва албатта, Президент мактабларининг ташкил қилиниши таълим ислоҳотларини жадаллаштириш ва уни юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади.

photo_2019-05-11_22-05-20.jpg

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида олий таълимдаги ислоҳотларга алоҳида тўхталди: “Қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги илмий марказлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан яқин ҳамкорликда самарали иш олиб бориши керак”.

Албатта, мамлакатимизнинг порлоқ келажаги, равнақи ва барқарорлиги, дунё мамлакатлари ичида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши сўзсиз инновацион билимларни эгаллаган, бошқача айтганда, инсон капитали соҳиби бўлган бугунги ёшлар қўлида. Шу сабабли ёшлар тарбиясидаги энг муҳим қадамлардан бири бу давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўлди.

Қарорда 2019-2021 йилларда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 14 та Президент мактабини қуриш белгиланган ва энг муҳим жиҳатларидан бири бу мактабларда таҳсил оладиган ўқувчиларни танлашни Кембриж университети профессор-ўқитувчилари ўтказиши тўғрисида Халқ таълими вазирлиги махсус меморандум имзолади.

photo_2019-05-11_22-05-21.jpg

Яна бир муҳим ҳолатни таъкидлаш лозим. Президент мактабларида республика умумтаълим мактабларининг 4-синф битирувчилари орасидан мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижасида танлаш ҳамда халқаро “STEAM” таълим дастури (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Art – санъат, Mathematics – математика) асосида ўқиш ташкил қилиниши, 9-11-синфларда ўқувчилар ўзларининг қизиқишига қараб айрим фанларни танлаш орқали индивидуал билим олиш имкониятига ҳам эга бўлиши билан умумтаълим мактабларидан тубдан фарқ қилади. Чунки Президент мактабларининг асосий вазифаларидан бири – табиий ва аниқ фанларни чуқур ўқитиш, ўқувчиларнинг инновацион билимларни ўзлаштириши, уларнинг интеллектуал, илмий-ижодий салоҳиятларини очиб бериш ва ривожлантиришдан иборат.

Шу жиҳатдан Президентимизнинг Ўзбекистон Конституциясининг 26 йиллигига бағишланган тадбирдаги қуйидаги сўзлари ҳам биз – таълим соҳаси масъуллари учун чуқур даъват бўлиши лозим: “Фарзандларимизнинг қобилиятларини рўёбга чиқаришга болаликдан эътибор бериб, уларнинг камолоти учун барча имкониятларимизни сафарбар этсак, юртимизда яна кўплаб Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар етишиб чиқади”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу соҳада ташланган яна бир ўта муҳим қадам бўлди. Бу ҳужжат ёшларимизни илм-фан бобида янада ғайрат-шижоат кўрсатишларига катта туртки беради.

Таълим сифати жамият равнақини таъминлайдиган асосий ва бирламчи омил сифатида давлатнинг устувор масаласига, иқтисодиётнинг реал секторлари талабидан келиб чиқиб миллий элита кадрларни тайёрлаш ва уларни дунё бозорида рақобатбардошлигини таъминлашни ташкил қилиш эса минтақа (вилоят)лар стратегиясининг бош масаласига айланиб бормоқда. Бу ўта муҳим сиёсатнинг муваффақияти мамлакатнинг ҳар бир фуқароси таълим ислоҳотларида фаол иштирок этишини тақозо қилади.

Президентимиз 2018 йил 28 декабр куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, ислоҳот – бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотларнинг ижобий натижа бериши учун, аввало, раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради.

Ҳақиқатан ҳам таълим сифати ҳар бир ўқитувчининг малакаси ва ўз касбига фидойилигидан ташқари, жамиятнинг таълимга муносабатига ҳам бевосита боғлиқ. Бугун биз янги авлод ўқитувчисини хорижда ёки юртимизда тарбиялаш билан параллел равишда ҳозир олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган 25-45 ёшдаги педагоглар малакасини оширишнинг янги, мукаммал ва иқтисодий-ижтимоий ўзгаришларга мослашувчан тизимини ишлаб чиқишимиз лозим. Чунки бугун янги типдаги боғчада тарбияланаётган болалар олий таълим муассасасига ўқишга келгунича камида 12-15 йил ўтади. Ваҳоланки, шу вақт ичида ҳозирги профессор-ўқитувчиларнинг 75-85 фоизини янгилаш керак. Кутишга ва лоқайдликка берилишга эса биз – таълим соҳаси ходимларининг ҳаққи йўқ.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида таъкидлаган Нажмиддин Кубронинг “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деган ҳикматли сўзлари маъносини ҳаммамиз яхшилаб чақишимиз керак. Ҳар бир кишида мамлакат тараққиётига дахлдорлик ва фидойилик туйғусини уйғотиш вақти келди, бу жараённи кундалик турмуш тарзига, миллат менталитетининг илҳом булоғига айлантириш кун тартибимиздаги бирламчи масала бўлиши лозим.

Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида, хусусан, ёшлар масаласи бўйича олиб бораётган сиёсати туфайли яқин 5-10 йилда Ўзбекистонда таълим, фан ва технологияларнинг янги поғонага чиқишига мустаҳкам замин яратилмоқда. Ана шу пойдевор асосида таълим сифати ва самарадорлиги ижобий томонга кескин ўзгаради, инновацион билим ва фанни шакллантирадиган илмий технологик инфратузилмалар шакллантирилади, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда минглаб интеллектуал даражаси юқори ёш кадрлар тайёрланади, улар юртимизнинг жаҳон интеллектуал мулк бозоридаги мавқеини юксалтиради. Таълим ислоҳотларидан кўзланаётган асосий мақсад – шу.

Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори.

11 381
ЎзА