Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2017 12:26 Чоп этиш версияси

Бугун мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида Билимлар куни тадбирлари бўлиб ўтди

Бугун мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида Билимлар куни тадбирлари бўлиб ўтди 2 сентябрь куни барча мактабларда истиқлолимизнинг 26 йиллиги муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Мустақиллик дарси" ҳамда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган "Хотира дарслари" ўтказилди. Ушбу дарсларга адиб ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари кенг жалб этилди.

Бундан йигирма олти йил муқаддам она Ўзбекистонимизнинг янги тарихий даврга қадам қўйиши, халқимиз учун эркин, фаровон, ҳур ва озод даврнинг бошланиши буюк давлат ва жамоат арбоби, халқимизнинг суюкли фарзанди, мард ва қатъиятли инсон, Буюк Йўлбошчимиз Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ. Ўтган чорак асрликдан кўпроқ вақт мобайнида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий жабҳаларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Ўзбекистонни дунё тан олди.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик, ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчи-ёшларнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифларини пухта ўрганиш, уларга таянган ҳолда иш кўришга тизимли ёндашилмоқда. Айни жиҳатларни халқимизнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда янги ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида 10-синфларнинг ташкил этилгани, ўқувчиларнинг интилишига қараб улар мактаб, коллеж, академик лицейларда таълимни давом эттириши учун яратилган шароитларда кўриш мумкин.

7 (1).JPG

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, 10-11-синфлар учун янги ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилиб, улар асосида 18 номдаги дарсликлар яратилди. Ўқув режага кўра 10-синф ўқувчилари ҳафтада беш кун умумтаълим фанларини ва бир кун касбга оид фанларни ўрганиши белгиланди. Педагог кадрларга бўлган эҳтиёж олий ўқув юртлари битирувчилари, академик лицей ва коллежлар фан ўқитувчиларини жалб этиш ҳамда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг дарс юкламасини ошириш ҳисобидан қопланмоқда.

Бу йил 482 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Мактабларни янги ўқув йилига ҳозирлаш жараёнида улардаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини пухта ўрганиш, мавжуд камчиликларни маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этишга жиддий эътибор қаратилди.

Ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш мақсадида бу йил ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига 28 номдаги 1,2 миллион бадиий адабиётлар, энциклопедиялар ва ранг-баранг маърифий китоблар етказилди.

5.JPG

Бу йил 1-синфларга қабул қилинган 650 мингдан ортиқ ўқувчи учун “Президент совғаси” – 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилди. Улар мактабга илк марта қадам қўйган ўғил-қизларга тантанали топширилди.

...Барча таълим масканларида бўлгани каби пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 153-мактабда ҳам илк сабоқ самимий руҳда бўлиб ўтди. Ўқувчиларга Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши, бугунги ҳур ва озод, бахтиёр кунларимиз не-не машаққатли ва оғир синовлар, мураккабликлар эвазига қўлга киритилгани кенг ва атрофлича тушунтирилди.

– Бугунги ёшларга бундай тинч ва осуда, фаровон, тўкин, саодатли ҳаёт одатий ҳолдек туюлади, – дейди мактаб директори Фотима Эргашева. – Ваҳоланки, истиқлолимизни қанчадан-қанча аждодларимиз орзу қилган. Ёруғ кунларимиз Биринчи Президентимиз, халқимизнинг қатъий азми шижоати, машаққатли меҳнати, қийинчиликларни мардона енгиб ўтгани эвазига келганини ёшларга оддий, самимий тарзда, ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириш, ёш авлодда шукроналик, Ватанимизга, аждодларимизга муносиблик, масъулият туйғуларини шакллантириш педагогларнинг инсоний, касбий, ҳам фуқаролик бурчи саналади.

Ўқувчилар билан самимий мулоқот тарзида ўтказилган "Мустақиллик дарс"ларида истиқлолимизнинг тарихий, маънавий асослари, бу йўлда кўрсатилган чинакам маънавий жасоратлар, Ватанга садоқат, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилишдек эзгу интилишлар Биринчи Президентимизнинг ибрат бўлишга арзигулик ҳаёт йўли, фаолияти мисолида баён этилди. Улуғ инсон ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фильм ўғил-қизларнинг Ватан, истиқлол, тарихий қаҳрамонлар ҳақидаги фикрини янада теранлаштирди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
5 816






Все о погоде - Pogoda.uz