Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 16:15 Чоп этиш версияси

Болалар меҳр ва ғамхўрлик қуршовида

Жиззахлик Мирзо Абдулҳошимов ҳали ўспирин йигит бўлишига қарамай ҳаётнинг қийинчиликлари, синовларини бошидан кечирган. Бундан етти йил олдин пойтахтимиздаги 100-ихтисослаштирилган мактаб-интернатга олиб келинган бу бола нафақат юришга, балки гапиришга, ҳатто оддий нарсаларни сўрашга ҳам қийналарди.

Таянч ҳаракат аъзоларида нуқсон билан туғилган Мирзонинг ўқиши, саводли бўлишини истаган ота-онаси болани уйда ўқитди. Бироқ ногиронлиги сабаб ҳеч кимга қўшила олмаган, тенгдошлари билан бирга ўйнаш тугул, ҳатто суҳбатлашишга ҳам уялган болакай кундан-кунга сўлиб борарди. Ҳаммадан ўзини четга оладиган, тортинчоқ, ҳеч нимага қизиқмайдиган бефарқ бўлиб, дарсларга ҳам қунт қилмай қўйди.

Болакайнинг ҳаётига мазмун бағишлаш, болалик, ўқувчилик гаштини ҳис қилиши учун унинг онаси бор имкониятини ишга солди. Фарзандини Тошкентдаги 100-таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатга жойлаштирган Бучирой Синдорова Мирзонинг келажакда яхши ўқиб, ҳаёти бутунлай ўзгаришига ишонди.

– Шу даргоҳга келиб фарзандим ҳаётга қайтди, яшашни ўрганди, – дейди Б.Синдорова. – Уйда фақат менга суянган, ёрдамимга муҳтож бўлган ўғлимни узоқ жойга қандай ташлаб кетаман, деб кўп ўйлардим. Минг шукрки, бу ердаги яхши инсонлар, тарбиячилар, меҳрибон устозлар ўғлимга йўқлигимни билдирмади. Тенгдошлари билан бирга яшаб, бирга ўқиб, Мирзо бутунлай ўзгарди. Унинг дунёқараши, фикрлаши ўсганини, ўқишдаги ютуқларини кўриб, жуда қувонаман. Биз каби кўнгли ярим оналарнинг кўнглини тўлдириб, ҳар бир фарзандга меҳр-эътибор, ғамхўрлик кўрсатилаётган мана шундай юртдан, бағрикенг, меҳр-саховатли халқимиз, ғамхўр Президентимиздан чексиз миннатдорман.

Мирзо ҳозирги кунда 9-синфда аъло баҳоларда ўқияпти. Жонкуяр устозлар, моҳир логопедларнинг меҳнати туфайли фанларни яхши ўзлаштириб, нутқидаги камчиликлар ҳам бартараф этилмоқда. У яхши сўзлашиш билан бирга, мактабдаги тадбирларда фаол қатнашади.

– Онамнинг ҳамма нарса қўлингдан келади, деган гапларига сира ишонмас, ҳеч бир ишни уддалай олмайман, деб қўрқардим, – дейди Мирзо. – Бу ердаги таълим-тарбия туфайли ўзимга бўлган ишонч ортиб, масъулиятли бўлишни ўргандим. Устозларим ва онамнинг мендан умидлари катта, уларнинг орзуларини рўёбга чиқариб, келажакда етук мутахассис, яхши инсон бўлишим керак.

Болаларга алоҳида меҳр-эътибор кўрсатиш, кўнгли ўксикларни қўллаб-қувватлаш халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат замирида ана шундай эзгу қадриятлар ўз ифодасини топмоқда. Боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тарбиялаш ҳамда вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактаб-интернатлар, Меҳрибонлик уйларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, тарбияланувчиларнинг соғлом ва билимли бўлиб вояга етиши учун барча шароит яратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 26 декабрда имзоланган "Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам бу борадаги эзгу амаллар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётир.

100-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда имконияти чекланган ўғил-қизларнинг ўқиб-ўрганиши, таълим-тарбия олиши, соғлиғини тиклаши учун барча шароит яратилган.

– Мамлакатимиздаги ҳар бир навқирон авлод меҳр ва эътибордан баҳраманд улғаймоқда, – дейди мактаб-интернат директори Ўткир Қурбонов. – Таълим даргоҳимизда болаларга таълим-тарбия бериш билан бирга уларни бепул даволаш, жамиятга қўшилиши, фикрлаши ва дунёқарашини ўстириш устида ҳам иш олиб борилади. Айниқса, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор бермоқдамиз.

Мактаб-интернатда ўқувчиларга умумтаълим дастури ва мураккаб нуқсонли болалар учун махсус ёрдамчи дастур асосида таълим берилади. Дарс машғулотларидан ташқари логопедия, ритмика ўқитилмоқда. 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби билан ҳамкорликда ўқувчилар спортга жалб қилинади. Бунинг самарасида спортнинг сузиш тури болалар ўртасида кенг оммалашган.

Ўқувчиларнинг ҳар бир кунини мазмунли ташкил этиш, жисмонан чиниқиши учун ёши ва қизиқишига мос кўплаб машғулотлар олиб борилади. Ҳар хил тўгараклар ташкил этилган. “Моҳир қўллар”, “Ораста қизлар” клублари қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ҳунар ўргатишга йўналтирилган.

Мактаб-интернатда ўқувчи-ёшларни соғломлаштириш мақсадида бир йилда икки маротаба тиббий кўрик ўтказилиб, шифокор кўрсатмасига биноан даволаш ишлари олиб борилади. Бу масканга 17-оилавий поликлиника мутахассислари бириктирилган. Ўқувчилар Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Республика болалар ортопедия маркази ва Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институтида ҳам даволаниб, саломатлигини тиклайди. Кам таъминланган, чекка ҳудудлардан келган болалар йод ва витаминлар, озиқ-овқат, дарслик ва ўқув қуроллари, ётоқхона билан бепул таъминланади.

2016 йилда капитал реконструкция қилинган мазкур даргоҳ янгича қиёфа касб этди. Мўъжазгина безатилган ушбу даргоҳнинг йўлаклари тоза-озода, атрофи обод. Мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар, турли расмлар билан безатилган ҳовлида ўғил-қизларнинг хушчақчақ овози қулоққа чалинади.

Яратилган имкониятлар самарасида мактаб ўқувчилари нафақат мамлакатимизда, балки Япония, Россия, Греция каби давлатларда бўлиб ўтган халқаро спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритаётир. Бундан ташқари болалар иншо ва расм танловларида ҳам фаол қатнашаётир.

Меҳр-мурувват ва оқибат масканига айланган бу даргоҳда тарбияланиб, катта ҳаётга қадам қўйганлар орасида турли соҳаларда фаолият юритаётганлар, рассомлар, спортчилар ҳам бор. Бу давлатимиз томонидан имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга кўрсатилаётган эътибор, уларга яратилаётган имкониятлар самарасидир.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 514






Все о погоде - Pogoda.uz