Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 17:11 Чоп этиш версияси

Бола бошидан

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятда 2-7 ёшли болалар 285 мингдан ошади. Туман ва шаҳарлардаги 551 мактабгача таълим муассасасида 74 минг 300 га яқин бола тарбияланмоқда. Бошқача айтганда, мазкур муассасаларга қамров 26 фоизни ташкил этади.

Бу камми ё кўп? Вилоятда 1100 га яқин маҳалла, 1200 дан ортиқ умумтаълим мактаби борлиги, айни пайтда мавжуд ҳар бир мактабгача таълим муассасаси учун ўрта ҳисобда 135 бола тўғри келаётганини эътиборга олсак, албатта, кам. Бинобарин, таълим тизимининг илк бўғини ҳисобланган мактабгача таълим бутун тизимнинг асосий мақсади бўлган баркамол авлодни тарбиялаш ва камолга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур бўғин фаолияти самарадорлигини ошириш, мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларнинг мактабгача таълимга қамровини кенгайтириш ва уларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.

– Давлатимиз раҳбари қарори асосида 2017-2021 йилларда вилоятдаги 281 мактабгача таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш режалаштирилган, – дейди Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Умаров. – Жумладан, 7 мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилади, 251 боғчада реконструкция, 23 тасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Муассасалар замонавий талабларга жавоб берадиган мебель ва бошқа жиҳоз, ускуна, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа воситалари билан таъминланади. 2017 йилга мўлжалланган инвестиция дастурида вилоят бўйича 28 мактабгача таълим муассасасини капитал реконструкция қилиш, 4 тасини капитал таъмирлаш белгиланган. Айни пайтда мазкур объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди.

Мактабгача таълим муассасалари учун кадрлар тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган педагог ва тарбиячилар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада туман ва шаҳарлардаги педагогика коллежлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш мақсадида муассаса педагог-ходимларига методик хизмат кўрсатиш ишлари такомиллаштирилмоқда.

Қарорда мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилган. Бундай гуруҳлар болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг самарали шакли бўлиб, ота-оналар учун ҳам кўплаб қулайликлар яратади. Муҳими, бу болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражасини ошириш, бошланғич синфларда ўқувчилар ўртасида билим эгаллашда тафовут йўқолишига ёрдам беради.

– Мактабгача таълим муассасаларида болалар қамровини ошириш мақсадида вилоятдаги барча боғчаларда қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси мактабгача таълим методисти Д.Азизова. – Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасаларида 116, ЮНИСЕФ ташкилоти лойиҳалари асосида 115 қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилган. Бу гуруҳларда “Билимдон”, “Болажон” ва бошқа дастурлар асосида болалар мактабга тайёрланмоқда, уларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, теварак-атроф ҳақидаги тушунчаларини бойитиш, бадиий адабиётга қизиқишини оширишга қаратилган машғулотлар олиб борилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 418






Все о погоде - Pogoda.uz