Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2017 16:10 Чоп этиш версияси

Билимлар кунида биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди

Билимлар кунида биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим муассасаларида ҳам янги ўқув йили “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида "Мустақиллик дарси" ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган "Хотира дарслари" билан бошланди.

Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи негизидаги умумтаълим мактабида ўтказилган “Мустақиллик дарси”да Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов ўқувчиларга Ватанимизнинг мустақилликка эришиши, истиқлол йилларида халқимиз эришган улкан ютуқ ва марралар ҳақида сўзлаб берди. Бугунги тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимиз, турмушимизда, онгу тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгариш ва янгиланишлар, ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда униб-ўсаётгани буюк давлат ва сиёсат арбоби, халқимизнинг атоқли фарзанди, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқдир.

Янги ўқув йилида 213 ўғил-қиз таълим-тарбия оладиган мазкур маскан синфхоналари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Спорт майдончалари, турли фан тўгараклари ўқувчиларнинг чуқур билим олиши, жисмонан чиниқишига хизмат қилмоқда. Болаларнинг 20 нафари мактаб остонасига илк бор қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларидир.

Интерфаол усулда ўтказилган “Хотира дарси”да ўқувчиларга Ислом Каримовнинг ҳаёти ва машаққатли меҳнат фаолияти, юртимиз учун ўта оғир ва мураккаб бўлган йилларда Биринчи Президентимиз амалга оширган улкан ишлар, халқимизнинг тинч ва фаровон турмушини таъминлаш йўлидаги жасорати, ёш авлодга кўрсатган алоҳида эътибори тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Буюк давлат арбоби Ислом Каримов хотирасига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

– Ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб улғайишимиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ўчмас хотирасини бир умр ёдда сақлаймиз, – дейди 9-синф ўқувчиси Шоҳрух Ҳамроев. – “Мустақиллик” ва “Хотира” дарсларида истиқлол берган имкониятлар, Биринчи Президентимизнинг ўша таҳликали йилларда мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ҳамда ёшларнинг бахту камоли йўлидаги ишлари билан танишиш асносида бизда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғулари янада ошди.

Билимлар куни тадбирлари доирасида Сурхондарё вилоятидаги барча умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчиларига Президентимиз совғалари топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
4 375






Все о погоде - Pogoda.uz