Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Фан олимпиадасининг мамлакат босқичига ўқувчилар сараланди

Самарқандда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирокида республика фан олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Истеъдодли ўқувчи-ёшларни аниқлаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, фанларни чуқур ўзлаштиришига ёрдам бериш мақсадида ўтказилган олимпиадада қуйи босқичларда муваффақият қозонган 400 га яқин ўқувчи иштирок этди.

Танлов жараёнида очиқлик ва холисликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ўқув хоналарига ўқувчиларнинг ота-оналари кузатувчи сифатида таклиф этилди.

Ҳар бир фан бўйича ёзма иш ва тест синовлари топширган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учинчи босқич ўқувчилари беллашувларида 37 нафар ғолиб аниқланиб, улар олимпиаданинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Олимпиадада ўзбек тили фани бўйича биринчи ўринни қўлга киритдим, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Р.Жовбўриева. – Бу лицейимизда таълим олишимиз учун яратилган шароит ва устозларимиз меҳнатининг самарасидир. Энди олимпиаданинг мамлакат босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиш учун пухта тайёргарлик кўраман ва ғолиб чиқишга ҳаракат қиламан.

Иккинчи босқич ўқувчилари ўртасидаги баҳсларда 14 йигит-қиз биринчи ўринни эгаллаб, 2017-2018 ўқув йилида ўтказиладиган фан олимпиадасининг вилоят босқичида тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, олимпиаданинг вилоят босқичида юқори ўринларни эгаллаган 46 ўқувчи математика, кимё, биология, география ва информатика фанларидан халқаро фан олимпиадасида иштирок этиш учун Самарқанд вилояти жамоаси таркибига сараланди. 15 нафар ғолиб энди халқаро фан олимпиадасига борувчи мамлакат жамоасини шакллантириш баҳсларида қатнашади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 098






Все о погоде - Pogoda.uz