Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 18:46 Чоп этиш версияси

Баркамол авлод тарбияси йўлида

Баркамол авлод тарбияси йўлида Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори болаларни мактаб таълимига тайёрлаш ва қамраб олиш даражасини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 19 мактабгача таълим муассасасида 2 минг 500 га яқин бола тарбияланмоқда.

– “Болажон”, “Билимдон” таянч дастурлари асосида тарбияланувчилар мактаб таълимига сифатли тайёрлаб борилмоқда, – дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Муҳаммаджон Шоматов. – Мазкур жараёнда болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим-тарбия ишларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ва тарбиячиларнинг касбга оид билим ва малакасини ошириш алоҳида аҳамиятга эга. Улар белгиланган жадвал асосида вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти махсус ўқув курсларида ўқитилмоқда.

Тумандаги 21-, 23- ва 27-мактабгача таълим муассасаларида меъёрий ҳужжатларни юритиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказилган семинар-тренинглар мутахассисларнинг болалар билан олиб бориладиган машғулотларни самарали ташкил этиш, замонавий педагогик усуллардан фойдаланиш борасидаги билим ва малакасини янада бойитди.

– Ташкил этилган ўқув курси ҳамда семинар-тренинглар педагог ва тарбиячи-мутахассислар фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда, – дейди 1-мактабгача таълим муассасаси раҳбари Наргиза Асанбоева. – Айниқса, инглиз ва рус тиллари тўгараклари фаолиятини намунали йўлга қўйиш борасида берилган билим ва тавсиялар мазкур йўналишдаги ишларимизни тубдан яхшилашда муҳим аҳамият касб этди.

Тумандаги барча мактабгача таълим муассасаларида инглиз ва рус тиллари, гимнастика, рақс ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Тўгарак машғулотлари болаларнинг ёшига мос мавзу ва усуллар асосида нутқ маданиятини, эркин фикрлаш қобилиятини ўстириш, жисмонан чиниқтириш тарзида олиб борилмоқда. “Зумрадойлар давраси” тўгараги машғулотларида болалар миллий одоб-ахлоқ мезонлари, меҳмон кутиш, тозаликка риоя этиш борасидаги тушунчаларини бойитмоқда.

Муассасаларда ўтказилаётган “Ораста қиз”, “Соғломжон– полвонжон”, “Инглиз тилида сўзлашамиз”, “Мен чизган расмлар” каби танлов ва тадбирларда болалар катта қизиқиш билан иштирок этмоқда.

22-мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия ишлари намунали йўлга қўйилган. Бу ерда 5 ёш гуруҳига 160 бола қамраб олинган. Болалар ҳар томонлама соғлом ўсиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши учун барча шароит яратилган. Инглиз ва рус тиллари, спорт, рақс тўгараклари, фитобар ташкил этилган.

– Рақс тўгарагига болалар катта қизиқиш билан қатнашади, – дейди тўгарак раҳбари Дилафрўз Жўраева. – Рақс ҳамда рақс билан боғлиқ турли ўйинлар орқали улар интеллектуал ривожланиб, билим олиш ва соғлом бўлишга интилиши кучаяди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида тумандаги 9 мактабгача таълим муассасасида олти ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилган. Айни пайтда ушбу гуруҳларда 450 бола илк сабоқларни олмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 670






Все о погоде - Pogoda.uz