Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 18:05 Чоп этиш версияси

Баҳорни чорлаган ёшлар

Яшариш-янгиланиш фасли – баҳорда ўтказиладиган лой тутиш, шох мойлаш, ёмғир чақириш ва бошқа маросимларимиз, Наврўз сайли минглаб йиллик тарихга эга. Уларда кўкламни мадҳ этувчи лапарлар, шўх яллалар янграган. Тошкент маданият коллежида бўлиб ўтган маданий тадбир иштирокчилари асрлар давомида сайқалланиб келган ана шундай барҳаёт анъаналар жозибасидан баҳраманд бўлди.

Фольклор санъати халқчиллиги ва тарбиявий аҳамияти билан санъатнинг бошқа турларидан ажралиб туради. Унинг халқимиз турмуш тарзи, дунёқараши, руҳий-эстетик олами, ички кечинмаларини юксак бадиий ифода этувчи хусусиятлари доим қадрлидир.

Тошкент маданият коллежида «Фольклор санъати» кафедраси ташкил этилган. «Устоз-шогирд» анъанаси асосида ўтказилаётган машғулотларда тажрибали педагоглар ўқувчиларга лапар, алла, аския ва рақс санъати сир-асрорларидан сабоқ бермоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулшод Отабоева улардан бири. У коллежда фаолият кўрсатаётган фольклор-этнографик ансамблнинг бадиий раҳбари.

– Бугунги концерт дастурини «Баҳор соғинчи» деб номлаганимиз бежиз эмас, – дейди Гулшод опа. – Қишнинг тафти пасайиб, баҳор нафаси сезилиб қолган шу кунларда кўкламни соғинмаган одам бўлмаса керак. Бугунги чиқиш ҳам ўзига хос маросим – баҳор чорловидир. Бунда мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, миллий қадриятларимизни кўз-кўз қилиб келаётган ўғил-қизларимиз Сурхондарё, Бухоро, Хоразм, Фарғона вилоятларининг ўзига хос қўшиқ ва рақсларини ижро этди.

Концертда «Жўрагинам», «Дўмбирам», «Ойжамол», «Кело» каби халқ қўшиқлари, бахши термалари янгради, аскиялар, чистонлар айтилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
881






Все о погоде - Pogoda.uz