ЎзА Ўзбек

11.12.2017 15:56 Чоп этиш версияси

Қаршида нефть ва газ соҳаси мутахассислари тайёрланмоқда

Қаршида нефть ва газ соҳаси мутахассислари тайёрланмоқда Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Қашқадарёдаги ҳудудий тайёрлов бўлими ўз фаолиятини янги бинода олиб бормоқда.

Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва шерикчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ўртасида тузилган ўзаро келишув меморандуми асосида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошида рус тилини чуқурлаштириб ўқитишга мўлжалланган тайёрлов курслари ташкил этилган эди.

Дастлаб, рус тили чуқурлаштириб ўқитиладиган курсларда ўқиш истагини билдирган ўрта махсус таълим муассасаларининг 2 минг 288 нафар ўқувчисидан 800 дан зиёди саралаб олинди. Рус тилини ўрганиш бўйича уч ойлик тайёрлов курсида ўқитилган ўқувчилар жорий йилнинг 3-7 октябрь кунлари ҳудудий тайёрлов бўлимига қабул қилиш учун тест синовларидан ўтказилди. Тест синовларидан 342 ўқувчи муваффақиятли ўтди.

Мазкур ўқув бўлими учун Қарши шаҳридаги “Ҳисорнефтгаз” ташкилоти биносининг 3-қаватидан жой ажратилиб, капитал таъмирланди. Тингловчилар учун мўлжалланган 14 хонанинг барчаси замонавий ўқув жиҳозлари ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Туманлардан келадиган тингловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳудудий тайёрлов бўлимининг Шаҳрисабз, Китоб, Муборак, Ғузор ва Қамаши туманларида ажратилган касб-ҳунар коллежлари негизида ҳудудий филиаллари ҳам ташкил этилди.

Айни пайтда тайёрлов бўлимида вилоят бўйича 342 нафар тингловчи таълим олмоқда. Хусусан, Қарши шаҳридаги ҳудудий тайёрлов бўлимида 146 тингловчи 10 гуруҳга бўлинган ҳолда математика, физика ва рус тили фанларини чуқур ўрганмоқда. Дарслар тўлиқ рус тилида олиб борилаётир.

5.jpg

– Тайёрлов бўлимидаги таълим услуби менга жуда ёқди, – дейди Қарши ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси Саидолим Мирзаев. – Аввало, тартиб-интизомга алоҳида эътибор қаратилади. Коллеждаги дарсларимга ҳам халақит бермайди. Ҳар икки ойда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ўқитувчилари келиб тест синовларидан ўтказишади ва ўзлаштириш даражасини аниқлашади. Бу ерда саккиз ой давомида таълим оламиз. Шундан сўнг И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ва унинг филиалларида имтиҳондан ўтиб, ўқишни давом эттиришимиз мумкин бўлади. Агар имтиҳонлардан муваффақиятли ўта олмасак, юртимиздаги олий ўқув юртларига бемалол ҳужжат топширишимиз ҳам мумкин. Келажакда нефть-газ соҳаси бўйича малакали мутахассис бўлиб етишишни мақсад қилганман.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
11 453