Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.09.2016 13:41 Чоп этиш версияси

Ҳар бир дарси янгиликка йўғрилган

Ҳар бир дарси янгиликка йўғрилган Жамолиддин Нурмуҳаммадов бугунги дарс мавзусига оид материаллар тўпламига мурожаат қилди. Мавзуга тааллуқли слайдлар, аудио овозли постановка, видеофильм, асарнинг ифодали ўқилган тўлиқ варианти ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Орқа партада ўтирган Миразиз савол берди: "Алишер Навоий бу шоҳ асарининг бугунги кундаги аҳамияти қандай?"

– Асар ўзининг инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, халқлар ўртасидаги дўстликни улуғлаш, соф ва самимий муҳаббатни ардоқлаш каби долзарб ғоялари туфайли ҳар доим муҳим аҳамият касб этади, – дейди ўқитувчи. – Бу асарни мукаммал ўқиб чиқиб, ундаги юксак ғоявийлик ва беқиёс бадииятдан баҳраманд бўлиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Доскада "Фарҳод ва Ширин" фильмидан парча намойиш этилади. Ундаги қизиқарли сюжетлар ўқувчилар ҳайратини янада оширади. Синфда жимлик ҳукмрон. Дарс янада қизиқарли тус олади. Энди дарснинг назарий қисмига навбат...

...Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Жамолиддин Нурмуҳаммадов замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш дарсни жонли ва мароқли қилишига ишонади.

– Биз ҳозир ахборот воситалари ривожланган, глобаллашув даврида яшаяпмиз. Ҳар кун янгилигу ихтиролардан хабардор бўлиб турмасангиз, ўқувчи сиздан олдин маълумотлар топиб, илдамлаб кетади, – дейди Ж.Нурмуҳаммадов. – Бу жараёнда ўқитувчидан ўта зийраклик, интилиш ва ташаббускорлик талаб этилади. Ҳар дарсга бир янгилик билан киришга ҳаракат қиламан. Бунга ўқувчиларим ҳам ўрганиб қолишган. Машғулотларимда “тармоқлаш”, “занжир”, “давра суҳбати”, “билиб олдим, билишни хоҳлайман” каби интерфаол усуллардан унумли фойдаланаман. Ўқувчилар бир-бирини тинглай олиш, берилган вазифани мустақил баён қилиш, гуруҳдошларини баҳолай олишни ўрганади. Ўтилган мавзу юзасидан ўқувчиларга дарсликдан ташқари топшириқ бериш уларни ўз устида ишлашга ундайди.

Ташаббускорлик, янгиликка интилиш, ижод ва изланишни ҳаётининг мазмунига айлантирган ёш педагог Ж.Нурмуҳаммадов Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида таҳсил олиб, 2009 йилдан буён Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейида она тили ва адабиёт фанларидан сабоқ беради.

Жорий йилда у “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2016” кўрик- танловининг республика босқичида она тили ва адабиёт йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади. Ўз касбини севувчи, тиниб-тинчимас бу педагогнинг халқ таълими тизимидаги муваффақиятлари талайгина. Ўтган йили “Энг яхши маҳорат дарси” кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган.

Жамолиддин илмий тадқиқотлар олиб бораётган маҳоратли услубиётчи ҳамдир. У “Адабиёт фанидан хроник композиция”, “Адибларнинг асарлари”, “Истеъдод жилғалари”, “Адабиёт фанидан амалий машғулотлар”, “Адабиёт дарслари учун барча мавзуларнинг тақдимоти” каби методик қўлланмаларини чоп эттирган.

Ж.Нурмуҳаммадов ўқувчиларининг ютуқларидан қувонади. Шогирди Ойхон Эркинжонова Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлса, Гулибону Амирова, Ориф Олимжонов, Камола Аҳадова, Хурсаной Каримова, Эъзоза Холбоева каби иқтидорли ўқувчилари она тили ва адабиёт фанлари бўйича республика фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Қалби меҳр уммонига, эзгулик нурига лиммо-лим муаллимларнинг шарафли меҳнати туфайли ёш авлод илм-маърифатга ошно бўлиб улғаймоқда, келажакнинг ишончли ворисларига айланаётир.

Жамолиддин Нурмуҳаммадов ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун турли кўргазмали ўйинлар, танловлар ўтказиб, уларни ижод қилишга, янгиликларни излаб топишга ундайди.

– Ҳозирги замонавий дарсларда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг вазифалари ўзгарган, – дейди Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи директори Зулфиқор Холмирзаев. – Ўқитувчи дарсда етакчи, йўналтирувчи, кўмак берувчи, бошқарувчи вазифасини бажарса, ўқувчи дарснинг фаол иштирокчисига айланиб, мустақил ишлайди, фикрлайди, ижод қилади, баҳс-мунозарада ўз фикр-мулоҳазаларини эркин ҳимоя қилади. Ёш педагог Жамолиддин машғулотларда интерфаол усуллардан самарали фойдаланади, ўзига ва ўзгаларга талабчан.

Азима Қиёсова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
5 632






Все о погоде - Pogoda.uz