Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 16:14 Чоп этиш версияси

Академик билан учрашув

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида олимларга кўрсатилган алоҳида эътибор, Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги фармони юртимиздаги барча илм аҳли зиммасига юксак масъулият юклади. Таълим муассасаларида таниқли олимлар билан ёшлар учрашуви, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Назаров билан талабаларнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Университет проректори Н.Мамадов, профессор Х.Дўстмуҳаммад ва бошқалар мамлакатимиз тараққиётини илғор илм-фансиз тасаввур этиб бўлмаслиги, соҳага қаратилаётган катта эътибор, олимларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар эртамиз эгаларининг баркамол улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашига замин бўлаётганини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарининг илм-фан намояндалари, олимларга қаратаётган эътибори бизни янада масъулият билан ишлашга, илм-фан тараққиётига кўпроқ ҳисса қўшишга ундайди, – дейди Б.Назаров. – Президентимиз жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар мактабларини яратиш, шогирдлар тарбиялаш тизимини такомиллаштириш каби долзарб вазифаларни ўртага ташлади. Бу йўлда сидқидилдан меҳнат қилиш, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январда имзоланган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Бахтиёр Назаров миллий қадриятларимиз, маданий меросимиз, уларнинг жамиятда ва ҳар биримизнинг ҳаётимизда тутган ўрни, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишда ёшларнинг бурчи ва масъулияти, замонавий бадиий адабиётга бўлган қизиқишларини кучайтириш борасидаги фикрларини баён қилди.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Азима Қиёсова, ЎзА
1 471






Все о погоде - Pogoda.uz