Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 21:30 Чоп этиш версияси

АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада Ўзбекистон шарафини Тошкентнинг Вестминстер университети жамоаси ҳимоя қилади

АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада Ўзбекистон шарафини Тошкентнинг Вестминстер университети жамоаси ҳимоя қилади Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетида 8 февраль куни Филипп Жессоп номидаги Халқаро ҳуқуқшунослар мусобақасининг миллий раунди бўлиб ўтди.

Унда ҳуқуқшунос кадрлар тайёрловчи 3 олий таълим муассасаси – Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети жамоалари ўзаро баҳслашди.

13.JPG

– Глобаллашув шароитида интеграция жараёнлари тобора жадаллашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, – дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, польшалик эксперт, профессор Владислав Цаплинский. – Бу халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан боғлиқ амалиётларнинг ўзаро тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамиятини янада оширади. Филипп Жессоп номидаги Халқаро ҳуқуқшунослар мусобақаси талаба-ёшларга халқаро ҳуқуқни чуқур ўрганиш, тадқиқ қилиш асосида ижобий ечимларни глобал мувофиқлаштириш учун ўзига хос мулоқот ва тажриба майдони вазифасини ўтайди. Мамлакатингиз халқаро майдонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сураётгани кенг жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинаётир. Ўзбекистонлик ёш ҳуқуқшуносларнинг мазкур танловда қатнашиши келгусида бу борадаги интилишларни халқаро ҳуқуқ органларидан туриб фаол қўллаб-қувватлашда иштирок этиш имконини беради.

15.JPG

Уч раунд давом этган баҳсларда Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, апрель ойида АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. 

7 (1).JPG

Эслатиб ўтамиз, Халқаро ҳуқуқшунослар ассоциацияси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро ҳуқуқшунослар мусобақаси БМТнинг Халқаро адлия суди ҳузуридаги суд жараёни моделига асосланган ҳолда ўтказилади. Халқаро ҳуқуқшунослар мусобақаси 100 га яқин давлатдаги ҳуқуқшуносликка ихтисослашган 650 дан зиёд олий ўқув юртини қамраб олган дунёдаги энг катта суд танловидир.

Улуғбек Шоназаров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
18 879