Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2018 11:32 Чоп этиш версияси

10-11 синф ўқувчилари ўртасида "Ал-Хоразмий издошлари" кўрик-танлови таъсис этилди

Ўзбекистонда 10-11 синф ўқувчилари ўртасида математика, физика ҳамда информатика фанлари бўйича "Ал-Хоразмий издошлари" номли анъанавий кўрик-танлов таъсис қилинди. Танлов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ва Халқ таълими вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, кўрик-танловнинг асосий мақсади буюк олим ва математик Муҳаммад Ал-Хоразмийнинг илмий меросини тарғиб қилиш, ёш авлоднинг аниқ фанларга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида иқтидорли ёшларни юзага чиқариш, уларга салоҳиятларини намойиш қилишлари учун зарур шароитларни яратиб беришдан иборат.

Кўрик-танлов апрель ойида старт олади ва уч босқичда ташкил қилинади. Биринчи босқичда иштирокчилар ўз мактабларида математика, физика ҳамда информатика фанларидан онлайн усулда имтиҳон топширади. 80 баллдан юқори балл тўплаган ёшлар танловнинг кейинги босқичига йўл олади. Иккинчи босқич минтақавий шаклда бўлиб ўтади ва иштирокчилар учала фанга доир жами 9 та топшириқни ечиши лозим бўлади. 100 баллдан 75 балл тўплаганлар сўнгги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказиладиган сўнгги босқичда математика, физика ҳамда информатика фанларига доир 15 та вазифа танлов қатнашчилари эътиборига ҳавола қилинади. 

Танловда энг юқори балл тўплаган олти нафар ғолибга «Муҳаммад Ал-Хоразмий издошлари» танловининг дипломи ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 65 баробаридан 100 баробаригача миқдордаги пул мукофотлари топширилади.

ЎзА
11 086