Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 22:27 Чоп этиш версияси

Ўқитувчи – таълим жараёнида энг муҳим шахс

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан "Ўқитувчи ўзи фаолият юритаётган таълим муассасаси, болалар ва ўзи ҳақида" мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижасида фуқароларга сифатли ва бепул таълим бериш – кўп жиҳатдан жамият тараққиёти, келажагини белгиловчи муҳим вазифа эканини кўрсатди. Ўзбекистонда бу соҳага давлат сиёсатининг муҳим ва устувор йўналиши сифатида қаралади. Таълим самарадорлигини таъминлашда педагогнинг касб маҳорати, билими, малака ва кўникмаси муҳим омил саналади.

Сўров натижалари педагоглар умумий ўрта таълимни такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида давлат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. Иштирокчилар ўтказилаётган ислоҳотларнинг асосий вазифаси –бошланғич таълим сифатини яхшилаш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқув муассасаларига юқори даражадаги умумий ва касбга оид маданият, ижодкорлик салоҳиятига эга ижтимоий фаол, ташаббускор, истеъдодли мутахассисларни жалб қилишдан иборат, деб ҳисоблайди.

Тадқиқот натижалари ўқитувчи нафақат ўқувчи, балки бутун жамият, давлат келажагини шакллантиришда муҳим ўрин тутишини кўрсатди. Бу кўп жиҳатдан ўқитувчининг коммуникатив қобилияти, иродаси, таъбир жоиз бўлса, жасоратига боғлиқ. Шу боис, респондентлар ўқитувчилик энг мураккаб, шу билан бирга, жуда қизиқ ва талаб юқори бўлган касблардан бири ҳисобланишини таъкидлади.

Ўқитувчилардан таълим муассасаларидаги ўқувчилар жамоасида, шунингдек, улар машғулот олиб борадиган синфларда ҳукм сураётган умумий руҳий муҳитни тавсифлаб бериш сўралди. Умуман олганда педагоглар (75,3 фоизи) руҳий муҳитга ижобий баҳо берди.

Сўровда қатнашган ўқитувчиларнинг аксарияти (76,7 фоизи) ҳозирги кунда болаларнинг ахлоқий, ҳуқуқий, зарур ижтимоий ахлоқий-психологик сифатлари, ҳаётий қадриятлари шаклланишида, аввало, оила ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади. Ҳар бешинчи педагог ёш улғайган сари, айниқса, ўспиринлик ва ўсмирлик ёшида ўқувчилар шахс сифатида шаклланиши, ҳаётий қадриятлари тизимидаги устувор жиҳатлар шаклланишида тенгдошлари, жумладан, синфдошлар, дўстлар, ўсмирлар гуруҳлари тутган ўрни тобора ортиб боришини қайд этди. Ҳар ўнинчи педагог фикрича, кейинги пайтда мактаб ўқувчилари, хусусан, ўсмирлар ва юқори синф ўқувчиларининг ахлоқига интернет, айниқса, ижтимоий тармоқлар ва интернет-ҳамжамиятлари таъсир кўрсата бошлади.

Иштирокчилар фикрига кўра, боланинг виртуал маконда ота-она томонидан назоратсиз қолдирилиши, ота-она ва педагогларнинг замонавий дунёнинг нисбатан янги маънавий-мафкуравий таҳдидларидан яхши бохабар эмаслиги, педагог билан ҳамфикрлик йўқлиги, ахборот ва билим манбаи сифатида қабул қилувчи ўсмир орасида ишончга асосланган муносабат ўрнатилмагани, истаган муаммони муҳокама қилиш мумкин бўлган катта ёшли дўстлар – ўсмирни "тарбияси оғир" болага айлантириб қўяётган асосий сабаблардандир.

Сўров ўқитувчиларнинг ўзлари ишлаётган ўқув муассасасида йўлга қўйилган ўқув жараёни самарадорлиги ва сифати ҳақидаги фикрларини ҳам ўрганди. Иштирокчиларнинг аксарияти ўқув жараёни ташкиллаштирилишини ижобий баҳолади.

Ўқитувчилар ўз таълим даргоҳи, синф хонаси, аудитория, спорт зали ва бошқа турли ўқув, байрам, спорт ҳамда жамоатчилик тадбирлари ўтказиладиган бино ва майдонларга ҳам баҳо берди. Иштирокчиларнинг ярмидан кўпи (60,7 фоизи) ўзи ишлаётган таълим даргоҳи биносига ижобий баҳо бериб, улар яхши ҳолатда эканини қайд этди. Сўров натижасида мамлакатимиз ўқув даргоҳларининг деярли ярми, аудитория, зал, техник ва санитар объектлар билан бирга, (48,6 фоизи) капитал таъмирдан чиққани аниқланди. Шунингдек, таълим муассасаларининг ярмидан ортиғи (53,6 фоизи) ахборот ресурсларини сақлайдиган ZiyoNET миллий кутубхона маълумот тизимига улангани ойдинлашди. ZiyoNET тизимига уланган таълим даргоҳларининг 61,3 фоизи шаҳардаги ўқув даргоҳлари – мактаблар, лицей ва коллежлар, 46,9 фоизи эса қишлоқ таълим даргоҳларига тегишли экани сўров ўтказувчилар томонидан таъкидланди.

Иштирокчилар ўқув даргоҳлари кутубхоналарининг аниқ таълим йўналиши бўйича барча зарур китоблар билан тўла таъминлангани хусусида ҳам фикр билдирди. Умуман, респондентларнинг 75 фоизи ўзлари ишлаётган таълим муассасаси кутубхонаси барча талабларга жавоб бериши ва тўла таъминланганини билдирган. Лицей ва коллежларда бу кўрсаткич бироз паст – 69,6 ва 62,2 фоизни ташкил этади. Сўров натижаларига кўра, кўплаб мактаб, лицей ва коллежларда ўқувчиларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароит яратилган: спорт инвентарлари билан жиҳозланган спорт заллари мавжуд.

Болалар ва ўсмирлар соғлиғини сақлашнинг асосий шартларидан бири – мунтазам равишда мувофиқлаштирилган сифатли ва тўлақонли овқатланишдир. Шу жиҳатдан ўқув муассасасида болалар сифатли ва иссиқ таом тановул қилиши мумкин бўлган ошхона фаолият юритиши муҳим аҳамият касб этади. Сўров натижаларига кўра, ошхона шаҳар таълим даргоҳларининг аксариятида, қишлоқ таълим даргоҳларининг деярли ярмида фаолият юритади.

Педагоглар таъкидлашича, 11 йиллик таълим тизимига ўтилгани таълим жараёни сифатининг ошишига, ўқувчиларнинг мактабдаги асосий фанлар бўйича тизимли чуқурлаштирилган билим олишига имкон яратади. Респондентларнинг салмоқли қисми 11 йил давомида ўқувчи ўз мактабида қадрдон тенгдош ва ўқитувчилари жамоасида ахлоқан, руҳан ва жисмонан баркамол бўлиб вояга етади, деб ҳисоблайди.

Умуман, ўқитувчилар фикрича, Президентимиз ташаббуси билан ўрта таълимни ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Айни пайтда бу долзарбдир ва ота-оналар, ўқитувчи, жамоатчилик томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.

«Ижтимоий фикр» маркази маълумотлари
асосида ЎзА мухбири
Аблай Камолов тайёрлади


4 447






Все о погоде - Pogoda.uz