ЎзА Ўзбек

26.08.2019 Чоп этиш версияси

Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юртимизни халқаро спорт майдонларида муносиб равишда танитиш, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштиришнинг самарали механизмларини жорий қилиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

тугатилаётган Жамғарманинг жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича молиялаштириш функцияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юклатилади;

жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳалар ҳамда уларнинг манзилли рўйхатлари ҳар йили Вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда келишилган ҳолда шакллантирилади ҳамда навбатдаги йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритилади;

тугатилаётган Жамғарманинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб келинган жисмоний тарбия ва спорт объектларига спорт жиҳозлари, ускуналари ва инвентарларини марказлашган тартибда харид қилиш ҳамда етказиб бериш, республика спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказиш харажатлари ҳар йили спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасида назарда тутилади ва Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасини шакллантириш ва молиялаштириш учун ҳар йили белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, шунингдек, туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари назарда тутилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Вазирлик билан биргаликда ишлаб чиқилган 2019 йилга мўлжалланган жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади;

туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимларини, улардаги бош бухгалтер лавозимларини қисқартирган ҳолда, сақлаш билан боғлиқ харажатлар туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат марказлашган бухгалтерия хизмати ташкил этилсин ва уларга марказлаштирилган тартибда туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимларининг молия-бухгалтерия фаолиятини юритиш вазифаси юклатилсин.

4. Вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Жамғарма ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳисобрақамидаги қолдиқ маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган тўловлар амалга оширилгандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтарилишини таъминласин.

5. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, соҳани бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш, уларнинг касбий даражасини ошириш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирликнинг бюджетдан ташқари “Спорт” махсус ҳисоб рақами (кейинги ўринларда – Махсус ҳисоб рақам) очилсин.

6. Қуйидагилар Махсус ҳисоб рақам маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари томонидан ташкил этилган қайта тайёрлаш курсларида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи;

Вазирлик тизимидаги юридик шахс мақомига эга бўлган идоравий мансуб ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;

тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтказиш
ва рухсатномалар бериш, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини паспортлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағларнинг 15 фоизи;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида ўқитишнинг тўлов-контракт суммалари ҳисобидан тушадиган маблағларнинг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Махсус ҳисоб рақамдаги вақтинча бўш маблағларни жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

7. Белгилансинки, Махсус ҳисоб рақам маблағларидан:

Вазирликнинг марказий аппарати ходимларига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш;

юқори малакали хорижий экспертлар ва хориждаги ватандошларни Вазирликда ишлаш учун жалб қилиш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг бино ва иншоотларини сақлаш, фойдаланиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, зарур анжомлар, шу жумладан, мебель, алоқа воситалари, компьютерлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Вазирлик ходимларини хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш;

Вазирлик ходимларининг мамлакат ҳудудидаги ва хорижий мамлакатлардаги хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларини тўлаш;

Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар учун фойдаланилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Жамғарма тугатилишини инобатга олиб:

а) 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари маблағлари доирасида ва Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан:

жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар;

туман (шаҳар) спорт бўлимларини сақлаш харажатлари;

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси учун талаб этиладиган қўшимча маблағлар ажратилишини таъминласин;

б) 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларини шакллантиришда:

Вазирликнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ марказлашган тартибда жисмоний тарбия ва спорт объектларига спорт жиҳозлари, ускуналари ва инвентарларини харид қилиш ва етказиб бериш ҳамда спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасини шакллантириш учун республика бюджети параметрларида;

туман (шаҳар) спорт бўлимларини сақлаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаларини шакллантириш учун тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетлари, шунингдек, туман (шаҳар) бюджетлари параметрларида зарур маблағларни назарда тутсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда Жамғарма ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиши натижасида бўшайдиган бино ва иншоотлар, инвентарь ва ускуналар ҳамда автотранспорт воситаларини Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилишини таъминласин.

Тасдиқланган лимитдан ортиқча автотранспорт воситалари белгиланган тартибда сотилсин ва уларни сотишдан тушган маблағлар Давлат бюджети даромадларига ўтказилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда тугатилаётган Жамғарма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини иш билан таъминлаш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузурида жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда спорт инвентарлари билан жиҳозлаш лойиҳаларини амалга оширишда буюртмачи функциясини бажарувчи давлат унитар корхонаси шаклидаги Спорт объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Спорт объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуришда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган конструкция ва материаллардан фойдаланишни назарда тутувчи намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига
ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда таклифлар киритсин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 26 август 


16 177
ЎзА