ЎзА Ўзбек

20.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 

ф а р м о н и

Ўтган давр мобайнида архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди, архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилди ҳамда муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилди, Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлар билан бойитилди.

Шу билан бирга, таҳлил ва ўрганиш натижалари архив иши ва иш юритиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий қилиш, давлат архивларининг моддий-техника базасини яхшилаш, архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг замонавий механизмларини қўллаш зарурати мавжудлигидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат бошқаруви ва назоратини такомиллаштириш, қоғоз шаклидаги, кино, фото ва фоно ҳужжатларини рақамлаштиришни янада жадаллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилсин.

2. Белгилансинки, 2020 йил 1 январдан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган бошқарув (иш юритиш)га оид, илмий-техникавий ва бошқа ҳужжатларнинг архив сақловига топширилишида ҳамда ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон ва Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларининг суғурта нусхалари талаб этилади.

3. Агентлик:

а) 2020 йил 1 июнгача Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича чораларни кўрсин;

б) 2020 йил 1 июнгача Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда қуйидаги давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини жорий қилсин:

ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;

иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;

иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;

араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш;

архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш);

в) уч ой муддатда:

доимий сақловга олинадиган ҳужжатлар таркибини оптимизация қилиш;

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартириш;

архив иши жараёнларини тўлиқ қамраб олувчи ва интерактив қидирув имкониятлари мавжуд бўлган “Архив иши” ягона ахборот тизими яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

г) 2021 йил 1 январгача давлат архивларида сақланаётган фондларни хатловдан ўтказиб, улар ҳақида тегишли маълумотларни қамраб олган маълумотлар базасини яратсин.

Белгилансинки, мазкур бандда кўрсатилган архив маълумотномаларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

4. Агентликнинг 2020 йил 1 январдан бошлаб архив иши соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатиш муддатларини иловага мувофиқ қисқартириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган ваколатли давлат органи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик директори ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Агентликнинг ҳудудий архив иши бошқармалари бошлиқларини лавозимга тайинлаш Агентлик директори томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

6. Қуйидагилар тузилсин:

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви негизида Ўзбекистон Миллий архиви;

Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви негизида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви;

Ўзбекистон Республикаси Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлат архиви негизида Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви;

Тошкент шаҳар давлат архиви негизида Тошкент шаҳар марказий давлат архиви;

Агентлик ҳузурида муассаса шаклида Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази;

Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Архив ишини ривожлантириш жамғармаси.

Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Миллий архиви Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивининг, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архивининг, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви Ўзбекистон Республикаси Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлат архивининг, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви Тошкент шаҳар давлат архивининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

7. Қуйидагилар архив иши ва иш юритиш соҳасини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

архив иши ва иш юритиш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадаллик билан жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини босқичма-босқич рақамлаштириш ва суғурта нусхаларини яратиш;

архив ҳужжатларини махфийликдан чиқариш ишларини фаоллаштириш орқали архив ахборотларидан фойдаланувчилар сонини кенгайтириш;

архив хизматларини босқичма-босқич Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини ташкил этиш;

архивларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда инфратузилмасини янада модернизация қилиш, архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг замонавий усулларини жорий этиш;

архив иши ва иш юритиш соҳасидаги ходимларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини татбиқ этиш йўли билан кадрлар сиёсатини шакллантиришнинг замонавий тамойилларини жорий қилиш;

соҳа ходимларини моддий рағбатлантиришни яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширишнинг илғор ва шаффоф механизмларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2020 йил 1 мартгача республика шаҳарлари ва туманлари ҳокимликлари томонидан тузилган шахсий таркиб бўйича идоралараро архивларни Агентлик идоравий бўйсунувига ўтказсин ва улар негизида шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларини ташкил этсин.

Белгилансинки, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолиятини молиялаштириш:

хўжалик фаолиятини амалга оширишдан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

9. Агентлик 2023 йил 1 январгача босқичма-босқич давлат архивлари сақловида бўлган шахсий таркиб ҳужжатларини шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларига ўтказиш чораларини кўрсин.

10. Агентлик:

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда бўш турган давлат мулки объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши лозим бўлган давлат архивларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини тузсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар шахсий таркиб бўйича давлат архивларини давлат-хусусий шериклик асосидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивларига айлантириш чораларини кўриб чиқсин.

11. Агентлик бир ой муддатда:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

Агентлик фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси

   Президенти                        Ш.МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри,

2019 йил 20 сентябрь


21 962
ЎзА