Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2018 20:15 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сон қарорига мувофиқ ҳамда ЮНЕСКОнинг Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенциясини қўллаш тадбирларини амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлигини (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Агентлик фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

спортда допинг қўлланишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, Бутунжаҳон антидопинг кодекси, халқаро антидопинг стандартларига асосланган миллий антидопинг қоидалари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, шунингдек, уларга риоя этилишини таъминлаш;

антидопинг назоратининг самарали тизимини, спортда фармакологик таъсир кўрсатувчи дори воситалари ва бошқа моддалар қўлланишини назорат қилиш дастурлари ва услублари, шунингдек, спортчилар ва спорт ташкилотлари учун интизомий регламентни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

тадқиқотлар (допинг-тестлар) ва допинг назоратининг бошқа элементларини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасида Бутунжаҳон допингга қарши агентлигининг республика спортчилари ҳақида маълумотларни тўплаш ва сақлаш учун мўлжалланган антидопинг маъмуриятчилиги ва менежмент (ADAMS тизими) бўйича онлайн тизимини қўллаш;

антидопинг назорати соҳасида илғор услублар ва технологиялар билан алмашиш ҳамда уларни мамлакатимизда жорий қилиш учун етакчи хорижий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;

спорт федерациялари, клублари ва жамоалари тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашиш, уларга спортда допинг қўлланишининг олдини олиш ва антидопинг назоратини амалга ошириш борасида услубий ёрдам кўрсатиш, таълим дастурларини амалга ошириш, соғлом ва ҳалол спортни тарғиб қилиш;

давлат ҳокимияти органлари, жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг антидопинг назорати соҳасида ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш.

3. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик:

ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот берувчи давлат органи ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтларининг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлигининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Агентлик бош директорига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, Агентликнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Агентликни беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Олмазор кўчаси, 6-уйда жойлаштириш бўйича таклифи маъқуллансин.

6. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги низомини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг “Миллий антидопинг хизмати"ни тугатиш ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази тизимида “Спорт психологияси бўлими” ташкил этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантиришда Агентликни сақлаш ва унинг фаолият кўрсатиши, шу жумладан, антидопинг тадқиқотларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағларни назарда тутсин;

Агентликка 1 та автотранспорт воситасини харид қилиш ва уни сақлаш учун лимит ажратсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Агентлик буюртманомалари бўйича Агентлик фаолиятини ташкил этиш ва унинг фаолият кўрсатиши учун жалб этиладиган чет эллик мутахассисларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агентлик буюртманомалари бўйича Агентлик фаолиятини ташкил этиш ва унинг фаолият кўрсатиши учун жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга кўп марталик визалар белгиланган тартибда берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларни давлат божлари ундирилмасдан вақтинчалик яшаш жойига вақтинча прописка қилиш ва вақтинчалик прописка муддатининг узайтирилишини таъминласин.

11. Агентликка биологик намуналарни тўплаш учун махсус мосламалар ва бошқа товарларни харид қилиш учун тўғридан-тўғри импорт шартномалари, шунингдек, тадқиқотлар (допинг-тестлар) ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини тендер савдолари ўтказмасдан тузиш ҳуқуқи берилсин.

12. Агентлик томонидан спортчиларнинг биологик намуналарини тўплаш учун республикага олиб келинадиган махсус мосламалар ва бошқа товарлар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар 2-иловага мувофиқ киритилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари К.В.Акмалов ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Ж.Қурбонов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш.Мирзиёев 
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 3 январь


* * * 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор, авваламбор, соғлом ва ҳалол спортни тарғибот қилиш ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг кодекс ва стандартларини Ўзбекистонда самарали амалга ошириш, Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш борасида барча шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Шу ўринда Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни барча аъзо давлатлар каторида Ўзбекистон Республикаси 2010 йилда ратификация этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги зиммасига Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг антидопинг бошқаруви ва менежменти (ADAMS) махсус дастурини республикамизда жорий этиш ва қўллаш масъулияти юклатилган. Мазкур дастур орқали Агентлик фаолиятини самарали ташкил этиш ва бутунжаҳон тезкор маълумотлар базаси ахборотларидан фойдаланиш имконияти яратилади ҳамда мусобақа ва мусобақалардан ташқари бўлган давр мобайнида допинг-тест жараёнларидан Ўзбекистон спортчилари ўтиши тўғрисида аниқ ахборот базаси шакллантирилиб, допинг-назорат тизими ташкил этилади. Айниқса, Ўзбекистон спортчилари дори воситаларидан терапевтик мақсадларда фойдаланиши ва тақиқланган дори воситаларидан фойдаланмаслиги тўғрисида аниқ тавсиялар бериш механизми ва самарали антидопинг тизими жорий этилади.

Қарор билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг “Миллий антидопинг хизмати” негизида “Спорт психологияси бўлими”ни ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, Агентлик таркибида 3 та бўлим ва 2 та комиссия ташкил этилиши натижасида спортчилар, мураббийлар, спорт тиббиёти ходимлари ва бошқа мутахассисларга соғлом ва ҳалол спорт тарғиботи ҳамда тақиқланган дори воситалари ёки услублар назоратини таъминлаш каби допингга қарши курашиш борасидаги қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилган.

Бундан ташқари, қарорда қуйидаги мақсадли тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

Агентликни сақлаш ва унинг фаолият кўрсатиши, шу жумладан, антидопинг тадқиқотларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағлар ажратиш;

Агентликка биологик намуналарни тўплаш учун махсус мосламалар ва бошқа товарларни харид қилиш учун тўғридан-тўғри импорт шартномалари, шунингдек, тадқиқотлар (допинг-тестлар) ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини тендер савдолари ўтказмасдан тузиш ҳуқуқини бериш;

Агентлик фаолиятини ташкил этиш ва унинг фаолият кўрсатиши учун жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга кўп марталик визалар бериш, уларни давлат божларини тўлашдан озод этган ҳолда вақтинчалик яшаш жойига вақтинча прописка қилиш ва вақтинчалик прописка муддатининг узайтирилишини таъминлаш;

Агентлик томонидан спортчиларнинг биологик намуналарини тўплаш учун республикага олиб келинадиган махсус мосламалар ва бошқа товарларни белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш.

Агентлик зиммасига спорт жамоатчилигини допинг орқали спортчиларга етказиладиган зарар, инсон соғлиғи учун допинг қабул қилишнинг салбий оқибатлари тўғрисида хабардор этиш, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш вазифалари юкланган. Шунингдек, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг янги қоида ва талабларини тезкор татбиқ этиш ҳамда узлуксиз мониторингини олиб бориш; допинг-текширув ва биоматериаллар топшириш процедураси ҳақида спортчилар, спорт шифокорларига маълумот ва тавсиялар тақдим этиш, халқаро тажрибага мувофиқ тадқиқотлар олиб бориш; Ўзбекистонда антидопинг онлайн хизмати ва тақиқланган дори-дармонлар тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш; тақиқланган дори-дармонлар тўғрисида семинарлар ва конференциялар ўтказиш, спортда допингга қарши курашиш бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш каби масалалар Агентликнинг устувор вазифалари сифатида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори мамлакатимизда соғлом ва ҳалол спортни тарғиб этиш ва ҳар томонлама рағбатлантириш масаласига давлат томонидан қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол намунасидир.


4 245