Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 23:15 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти (кейинги ўринларда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил деб юритилади) таъсис этилсин.

2. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Президентига тизимли равишда давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мақоми, меҳнат ҳақи, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосарига, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ўринбосари эса – Ўзбекистон Республикаси Президенти девони шўъба мудирига тенглаштирилади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолияти юридик шахс ҳисобланган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан таъминланади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимлари учун белгиланган тиббий хизмат кўрсатиш, моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари татбиқ этилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимларининг чекланган сони 8 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга:

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилишга доир қонун ҳужжатлари давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан сўзсиз ижро этилишини ўрганиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлигининг мониторингини олиб бориш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар киритиш;

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш;

тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ҳамда бошқа ахборот сўраш ва олиш;

давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида иштирок этиш;

зарур бўлган ҳолатларда ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш учун икки ой муддатда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур ташкилий, молиявий ва моддий-техник масалалар ҳал этилишини;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девонини жойлаштириш учун қулай бино (хоналар) ажратилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг девонини зарур алоқа воситалари ва турлари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан жиҳозланишини, шунингдек, кенг полосали интернет тармоғига уланишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

10. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 5 май


* * * 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги 
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний 
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини 
таъсис этиш тўғрисида”ги Фармонига

ШАРҲ 

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг қонуний ҳамда амалий жиҳатдан устувор ролини таъминлаш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бу борада қабул қилинган қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идораларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини бартараф этиш йўлида қатъий тартиб ўрнатилди.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилмоқда. Қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига ҳал этилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. У хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш тизимини тубдан соддалаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини юритишни янада енгиллаштириш масалалари ҳам давлатимиз эътиборида турибди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг фаолияти сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар турларини янада кенгайтиришга қаратилган аниқ чоралар белгиланди.

Бу саъй-ҳаракатлар тадбиркорлик субъектларининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги роли ва аҳамиятини янада оширишга хизмат қилмоқда. Натижада аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳиш-истаги ошиб, йилдан-йилга тадбиркорлик субъектларининг сони кўпаймоқда. Тадбиркорлик фаолияти аҳолини иш билан таъминлашда, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишда ҳал қилувчи омиллардан бирига айланди.

Ислоҳотлар самарадорлиги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг янги таъсирчан механизмларини жорий этиш ҳамда мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш билан узвий боғлиқлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда – Вакил) таъсис этилмоқда. Ушбу институт келгусида тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратишга хизмат қилади.

Фармон билан Вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланмоқда. Унга кўра, Вакил мазкур соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни бажаради. Шунингдек, соҳадаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсирини баҳолаш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш Вакил фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Вакил Фармонда белгиланган ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади. Вакил Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ҳисобланади. Бу қоида Вакилнинг ўз фаолиятини фақатгина Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига бўйсунган ҳолда амалга оширишида, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳар қандай шаклда бузилишига нисбатан адолат, қонун устуворлиги ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги нуқтаи назаридан холисона баҳо беришида, қонунбузилишларга ўз вақтида барҳам бериш учун қатъий чораларни кўришида, қонунбузилишларга йўл қўйган барча мансабдор шахслар учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлашида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Фармон билан Вакилга ўз вазифаларини бажариши учун қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилмоқда. Жумладан, Вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонунчиликнинг сўзсиз ижро этилишини ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлигининг мониторингини олиб бориш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш юзасидан таклифлар киритиш, давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, Вакил давлат органлари ва бошқа муассасалар мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириши, уларга аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиши мумкинлиги кўзда тутилаяпти. Вакил тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиши, давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида иштирок этиши мумкин.

Ушбу ҳуқуқ ва ваколатларнинг амалда рўёбга чиқарилиши соҳадаги қонунчилик талабларини тадбиркорлик субъектлари фикрлари, таклиф ва эҳтиёжларидан, мавжуд муаммолар, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳар томонлама таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, доимий равишда такомиллаштириб боришга ҳамда қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш учун барча зарур чора-тадбирларни кўришга замин яратади. Энг муҳими, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг, шу жумладан, ҳар хил асоссиз текширувлар ўтказиш йўли билан аралашувларнинг зудлик билан барҳам берилишига, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай шаклининг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишига, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, суд орқали тиклаш механизмларидан унумли фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Фармонда Вакил девони фаолияти ташкил этилиши белгиланиб, унинг тузилмаси тасдиқланди. Вакил ва унинг девони фаолиятини самарали ташкил қилиш учун зарур ташкилий, молиявий ва моддий-техник масалаларни ҳал этиш ҳам назарда тутилмоқда.

Ушбу ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Унда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари, асосий принциплари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тартибини белгилаш режалаштирилмоқда.

Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган тадбиркорлик субъектлари манфаатлари устуворлигини амалда таъминлаш, Вакил зиммасидаги вазифаларни тўлақонли рўёбга чиқариш, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали мулоқотни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бирор-бир шаклда бузиш ҳолатларига барҳам бериш имкониятини яратади. Пировардида мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, аҳолини барқарор ва сифатли иш билан таъминлаш, одамлар турмуш сифати ва даражасини янада яхшилаш, жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

8 410






Все о погоде - Pogoda.uz