Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 21:01 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида маданият соҳасини изчил ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги ижобий тажриба ва тенденциялар, ютуқ ва натижаларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш асосида маданият ва санъат муассасалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, уларнинг тармоғини кенгайтириш, моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Айни шу мақсадда 2002 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан Тошкент давлат консерваторияси учун янги бино қурилиб, у замонавий талаблар асосида жиҳозланди. Ушбу олий ўқув юртининг нуфузи ва мақомини ошириш учун унга “Ўзбекистон давлат консерваторияси” номи берилди, консерватория қошида иқтидорли ёшлар учун академик мусиқа лицейи ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятининг танқидий таҳлили ўтган давр мобайнида ушбу олий таълим муассасаси томонидан академик ва миллий мусиқа санъати йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ўқув-педагогик ва илмий-ижодий ишларни ташкил этиш борасида муайян ютуқларга эришилганини, шу билан бирга, бир қатор жиддий камчилик ва нуқсонларга ҳам йўл қўйилганини кўрсатмоқда.

Мутасадди ташкилотлар, биринчи навбатда Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан етарли даражада амалий ёрдам ва кўмак берилмагани, тегишли назорат олиб борилмагани, масъулият ва талабчанлик бўшаштириб юборилгани оқибатида Ўзбекистон давлат консерваторияси мамлакатимиз маданий ҳаётидаги ўзининг етакчи ўрни, обрў-эътибори ва таъсирини йўқотиб бораётгани, унинг фаолияти бугунги замон талабларидан орқада қолаётгани, бу борада кечиктирмасдан ҳал қилиш зарур бўлган бир қанча жиддий муаммолар мавжудлиги яққол кўзга ташланмоқда.

Жумладан, таълим-тарбия ишларининг замонавий стандартлар ва соҳанинг ўзига хос хусусиятлари асосида тўғри ташкил этилмагани, ўқув дастурлари ва методикасининг мукаммал эмаслиги, дарслик ва қўлланмаларнинг етишмаслиги, профессор-ўқитувчилар, илмий ва ижодий ходимларнинг салоҳияти аксарият ҳолларда талабга жавоб бермаслиги, консерваториянинг моддий-техник базаси ночор аҳволга келиб қолгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқишга қабул қилиш квоталарида номутаносиблик вужудга келгани, хусусан, 700 нафар ўқув ўрни мавжуд бўлгани ҳолда, амалда 1346 нафар талаба таҳсил олаётганини албатта нормал ҳолат сифатида баҳолаб бўлмайди.

Мана шундай камчилик ва муаммолар ўз навбатида ушбу олий таълим муассасаси олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли ва самарали амалга оширишга, маданият соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Халқимиз, хусусан, ёшларимизнинг дунёқараши, маънавий савияси ва эстетик тарбиясини юксалтиришда ғоят муҳим ўрин ва аҳамиятга эга бўлган мусиқа санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, бой мусиқий меросимизни чуқур ўрганиш, ёш авлодни миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг мумтоз намуналарига муҳаббат руҳида тарбиялаш, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур деб аталади) 1-иловага;

Ўзбекистон давлат консерваториясининг таркибий тузилмаси 2-иловага;

Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Дастурнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ўзбек халқининг миллий мусиқий мероси ва жаҳон мусиқа маданияти дурдоналари негизида мусиқа санъатини ривожлантириш, мусиқий таълим тизимини сифат жиҳатидан янада кўтариш;

аҳолимиз, биринчи навбатда ёшларни миллий ва умумбашарий мусиқа санъатининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда уларнинг маданий савиясини юксалтириш, маънавий етук ва баркамол шахсларни тарбиялаш;

мулкий ёки идоравий мансублигидан қатъи назар, мусиқа санъати, мусиқа таълими йўналиши учун кадрлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни жорий этиш бўйича келишувларда Ўзбекистон давлат консерваторияси методик ва ижодий жиҳатдан таянч олий таълим муассасаси эканини эътироф этиш;

Ўзбекистон давлат консерваториясининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, жумладан, концерт заллари, аудиториялар ва махсус хоналарни таъмирлаш ва замон талаблари даражасида жиҳозлаш;

консерваторияда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик маҳоратини ошириш, ўқув жараёни сифати ва савиясини тубдан яхшилаш, мусиқа санъати соҳасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари, ижодий марказлар, таниқли композитор, мусиқачи ва ижрочилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, хорижий мутахассисларни мамлакатимизга таклиф этиш билан бир қаторда республикамизда юқори натижаларга эришган мусиқачи ва педагогларнинг маҳорат дарсларини чет давлатларда тизимли ташкил этиш;

Ўзбекистон давлат консерваториясининг ёш педагог кадрларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида зарур маиший шароитлар яратиш, ипотека кредитлари асосида уй-жой билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Консерватория ва унинг таркибидаги Иқтидорли болалар академик лицейи профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг ижодий фаоллигини янада ошириш, ёзги таътил давомида ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтиши учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган санаторийни “Мусиқа оромгоҳи” деган ном билан консерватория тасарруфига ўтказиш.

3. Белгилаб қўйилсинки, консерваториянинг мақоми ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон давлат консерваториясининг ректори ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқув бинолари етишмаганлиги сабабли ҳамда талабалар контингенти сезиларли даражада ортганини инобатга олиб, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Мирзо Улуғбек туманидаги, Мустақиллик проспекти, 31-уйда жойлашган В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейига тегишли бўлган бинони Ўзбекистон давлат консерваториясига ўрнатилган тартибда берилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 10-уйда жойлашган бинони Ўзбекистон давлат консерваторияси тасарруфига ўтказиш ва ушбу бинода жаҳон андозаларига тўлиқ мос бўлган, академик жамоаларнинг бадиий дастурлари намойиш этиладиган, жонли ижрога мўлжалланган замонавий концерт залини барпо этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги мазкур лойиҳаларни амалга оширишда хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда консерваториянинг лойиҳалаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишларида масъул этиб белгилансин.

Уч ой муддатда Ўзбекистон давлат консерваторияси биносида “Ноёб чолғулар давлат коллекцияси”ни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

тўрт ой муддатда Ўзбекистон давлат консерваториясига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган касбий (ижодий) кириш имтиҳонлари тартибига ўзгартиришлар киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

2018 йилнинг 1 мартига қадар Ўзбекистон давлат консерваторияси муассислигида мусиқа санъати таълим-тарбияси бўйича “Мусиқа” илмий-услубий журнали фаолиятини ташкил этсин;

республикадаги энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият ва санъат коллежларида консерваториянинг таянч ижодий марказларини ташкил этсин ҳамда уларга консерваториянинг етакчи профессор-ўқитувчиларини юбориб, “Маҳорат мактаби” машғулотларини ўтказишни йўлга қўйсин;

ноёб ва мураккаб чолғу созларини янада пухта ўзлаштиришлари учун ҳар йили ёш ижрочилар ва техноген санъат турлари мутахассисларини хориждаги нуфузли мусиқа академиялари ва консерваторияларига келишув шартномалари асосида Маданият вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қисқа муддатли (2-3 ойгача) ўқишга юборсин;

иқтидорли ўқувчи ва талабаларнинг мамлакатимизда, хорижий давлатларда ўтказиб келинаётган нуфузли танлов, фестиваль ва илмий-ижодий конференцияларда Маданият вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мунтазам иштирок этишларини таъминласин.

5. Қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг молиявий манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари – 2018-2019 йилларда Ўзбекистон давлат консерваторияси қошида мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва 400 ўринли ётоқхона биноларини қуриш ва жиҳозлаш қисмида;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг ташаббуси билан хайрия асосида ажратиладиган маблағлар – Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Олмазор кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон давлат консерваториясининг бино ва иншоотларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш қисмида;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари – “Ноёб чолғулар давлат коллекцияси”ни, “Мусиқа” илмий-услубий журнали фаолиятини ташкил этиш, ёш ижрочилар ва техноген санъат турлари мутахассисларини хориждаги нуфузли мусиқа академиялари ва консерваторияларига ўқишга юбориш, иқтидорли ўқувчи ва талабаларнинг мамлакатимизда, хорижий давлатларда ўтказиб келинаётган нуфузли танлов, фестиваль ва илмий-ижодий конференцияларда иштирок этишларини таъминлаш қисмида;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар – бошқа тадбирларни бажариш қисмида.

6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон давлат консерваториясида фаолият юритаётган юқори малакали ходимлар, жумладан, иқтидорли ёш мутахассислар учун муносиб тураржой шароитларини яратиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитлари асосида Тошкент шаҳрида қуриладиган кўп қаватли уйлардан уй-жойлар ажратилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича Ҳукуматнинг тегишли қарорини қабул қилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х.Султонов ва А.Юнусходжаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 8 август


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини 
янада ривожлантириш ва такомиллаштириш 
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Бугунги кунда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини изчил ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги ижобий тажриба ва тенденциялар, ютуқ ва натижаларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш асосида маданият ва санъат муассасалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, уларнинг тармоғини кенгайтириш, моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувда сўзлаган маърузасида бу борадаги вазифалар янада аниқ-равшан белгиланиб, маданият, адабиёт ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Уларнинг ижросини таъминлаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.

Бу борада, айниқса, “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор алоҳида аҳамиятга эга.

Қарорда халқимиз, хусусан, ёшларимизнинг дунёқараши, маънавий савияси ва эстетик тарбиясини юксалтиришда ғоят муҳим ўрин ва аҳамиятга эга бўлган мусиқа санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, бой мусиқий меросимизни чуқур ўрганиш, ёш авлодни миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг мумтоз намуналарига муҳаббат руҳида тарбиялаш, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида муҳим вазифалар белгиланди.

Президентимиз томонидан имзоланган ушбу муҳим ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури, мазкур билим юртининг янги таркибий тузилмаси, консерватория фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.

Мазкур дастурда бугунги кунда маънавий ҳаётимиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қанча масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.

Жумладан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, маънавий етук, миллий ғоя ва мафкурамизга садоқат билан хизмат қиладиган баркамол шахсларни тарбиялаш, ўзбек халқининг миллий мусиқий мероси негизида, жаҳон мусиқа маданияти дурдоналаридан андоза олган ҳолда, мусиқа санъатини ривожлантириш, мусиқий таълим тизимини сифат жиҳатидан янада кўтариш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурда акс этиши лозимлигига урғу берилган.

Шунингдек, мулкий ёки идоравий бўйсунувидан қатъи назар, мусиқа санъати, мусиқа таълими йўналиши учун кадрлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни жорий этишда Ўзбекистон давлат консерваторияси методик ва ижодий томондан кўмаклашадиган таянч олий таълим муассасаси эканига алоҳида урғу берилган.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, жумладан, концерт заллари, ўқув аудиториялари, махсус машғулот хоналарини таъмирлаш ва замон талаблари даражасида жиҳозлашга катта эътибор қаратилган.

Айни вақтда консерваторияда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини янада ошириш, ўқув жараёни сифати ва савиясини тубдан яхшилаш, мусиқа санъати соҳасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари, ижодий марказлар, таниқли композитор, мусиқачи ва ижрочилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, хорижий мутахассисларни мамлакатимизга таклиф этиш билан бир қаторда республикамизда юқори натижаларга эришган мусиқачи ва педагогларнинг маҳорат дарсларини чет давлатларда тизимли ташкил этиш зарурлиги қайд этилган.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг ёш педагог кадрларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун зарур маиший шароитлар яратиш, ипотека кредитлари асосида уй-жойлар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари ҳам дастурда ўз ифодасини топиши кераклиги белгиланган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқув бинолари етишмаслиги, талабалар сони сезиларли даражада кўпайгани таълим-тарбия жараёнларини юқори даражада ва сифатли олиб боришда муаммо туғдирмоқда. Қарорда ана шу масалани самарали ҳал этиш чоралари белгиланган. Шу мақсадда мутасадди ташкилотларга 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 31-уйда жойлашган В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейига тегишли бўлган бинони Ўзбекистон давлат консерваториясига ўрнатилган тартибда бериш ҳамда Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 10-уйда жойлашган бинони Ўзбекистон давлат консерваторияси тасарруфига ўтказиш ва ушбу бинода жаҳон андозаларига тўлиқ мос келадиган, академик жамоаларнинг бадиий дастурлари намойиш этиладиган, жонли ижрога мўлжалланган замонавий концерт залини барпо этиш вазифаси топширилган.

Консерваториянинг маданий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири бир вақтнинг ўзида консерватория ректори вазифасини ҳам бажариши қарорда белгилаб берилган.

Шу билан бирга, ўқитувчи ва талаба ёшларнинг илмий салоҳиятидан унумли фойдаланиш учун Ўзбекистон давлат консерваторияси муассислигида “Мусиқа” илмий-услубий журнали фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор Президентимиз томонидан миллий мусиқа санъатимиз ривожига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий намунаси бўлиб, у Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, мусиқа санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

2 764






Все о погоде - Pogoda.uz