Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.12.2017 20:07 Чоп этиш версияси

Ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган қишлоқ хўжалиги ходимлари меҳнатини улуғлаш, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш – асосий вазифамиздир

Ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган қишлоқ хўжалиги ходимлари меҳнатини улуғлаш, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш – асосий вазифамиздир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи


Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Ҳурматли қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Мен учун қадрли бўлган деҳқон ва фермерлар!

Муҳтарам дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни ва сизлар орқали бутун халқимизни юртимизда биринчи маротаба нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бугун мана шу муҳташам кошонада йиғилган миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, аграр тармоқ олимлари тимсолида дунёдаги энг шарафли касб эгаларини кўриб турибмиз.

Узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган инсон сифатида менинг турли соҳа вакиллари орасида дўстларим, танишларим кўп. Лекин қалбимга энг яқин инсонлар, қадрдонларимнинг энг кўпи мана шу соҳа – қишлоқ хўжалиги тармоқларида, десам, ишонинглар, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Бу билан мен, албатта, доимо чин дилдан фахрланаман, сизларни қалбимга, юрагимга энг яқин ва азиз инсонлар, деб биламан.

Чиндан ҳам, ҳаммамиз болалигимиздан ерга, деҳқончилик ва чорвачиликка меҳр қўйганмиз.

Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчалик тотли ва ширин эканини барчамиз яхши биламиз.

Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғу роғлар, дастурхонимиздаги турли ноз-неъматлар, тўй-томошалар, хурсандчилик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади.

Шу маънода, деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”, деб миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар.

Мамлакатимизда ҳамма соҳа вакилларининг байрами бор. Лекин барчамизни, бутун ҳалқимизни боқадиган, кийинтирадиган қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрами шу пайтгача йўқ эди. Шуни ўйлаб, очиғини айтганда, мен сизларнинг олдингизда ва бутун заҳматкаш деҳқонларимиз олдида ҳақиқатдан ҳам хижолат бўлиб юрардим. Албатта, бу адолатдан эмас эди.

Шунинг учун махсус қонун қабул қилиб, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаганимиз, ўйлайманки, ҳаётимиздаги яна бир адолатли қарор, халқимизнинг дилидаги гап бўлди.

Илгари республикамизда деҳқончилик мавсуми якуни бўйича қишлоқ хўжалиги ходимларининг қурултойи ўтказилар эди. Бундай қурултойларда ўтган мавсумда қўлга киритилган ютуқлар ҳам, йўл қўйилган камчиликлар ҳам батафсил таҳлил қилинар, соҳага тегишли янги режалар белгилаб олинар эди.

Бугун биз нафақат қишлоқ хўжалиги соҳаси, балки бутун ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиз тараққиёти учун янги уфқларни очиб берадиган ана шундай анжуманни – эзгу анъанани қайта тикламоқдамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳозирги кунда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва келгуси йил учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.

Энг қувонарлиси, 12 мингдан зиёд фермер хўжалиги раҳбарларини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 6 мингдан ортиқ фермер хўжалигига хотин-қизларимиз раҳбарлик қилмоқда.

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари охирги икки йилда 45 фоизга кўпайиб, бугунги кунда уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан жойларда, узоқ-узоқ қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринлари барпо этилди.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг ривожланиши натижасида жорий йилда мамлакатимиз бўйича 8 миллион 377 минг тонна ғалла етиштирилди.

Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз туфайли 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари олишга эришдик.

Бу йил биринчи марта ғалладан бўшаган қарийб 1 миллион гектар майдонга сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар экилди ва 5,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди.

Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ер-сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонларнинг даромадини ошириш борасида олиб бораётган тизимли ишларимиз ҳам аста-секин ўз самарасини бермоқда.

Масалан, жорий йилда 96 минг гектар ҳосилдорлиги паст майдонларда пахта ва ғалла ўрнига 32 минг гектар ерда карам, турли сабзавот ва кўкатлар экилди ва бу майдонлардан олинган минглаб тонна маҳсулотлар экспорт қилинди. Шунингдек, 11 минг гектарда интенсив боғ ва янги токзорлар, 1 минг 500 гектарда иссиқхоналар барпо этилди.

Бу борада Испания, Польша, Нидерландия, Греция, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Вьетнам ва Индонезия давлатларининг илғор тажрибасидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мамлакатимизда биринчи марта шафран каби ноанъанавий экин экиш йўлга қўйилди, соя экиш кенгайди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот, эътибор беринг, тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди ва бу юртимизга 856 миллион доллар валюта келтирди. Ҳолбуки, илгари минг-минг тонна турли ширин-шакар меваларимиз далада қолиб, чириб кетар, исроф бўларди, энг ёмони, увол бўлар эди.

Пиллачиликда юқори ҳосил олишда муҳим аҳамиятга эга бўлган, аммо деярли йўқолиб бораётган анъаналар қайта тикланмоқда. Энг муҳими, қимматбаҳо хомашё бўлган ипак етиштиришнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди. Ушбу соҳада ишларни мутлақо янги асосда йўлга қўйиш мақсадида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилди. Бу йил мамлакатимизда биринчи марта пилладан йилига икки марта ҳосил олиш тажрибаси синовдан ўтказилди ва ижобий натижа берди.

Ҳар бир вилоятда пилла хомашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олиш мақсадида тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари жалб қилинмоқда. Натижада шу йилнинг ўзида ипакни қайта ишлашга ихтисослашган 10 дан ортиқ янги корхона ишга туширилди.

Кейинги йилларда чорвачилик тармоғини ривожлантириш дастурлари доирасида балиқ, асал етиштириладиган, парранда, эчки, қорамол боқиладиган кўплаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилди.

Яна бир муҳим, аммо кейинги йилларда эътиборимиздан четда қолиб кетган масала ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунда мамлакатимизда йилқичилик тармоғи бўйича 15 та насл хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Уларда 3 минг 150 дан зиёд зотдор от боқилмоқда.

Зотдор қорабайир отларини кўпайтириш ва от спортини ривожлантириш мақсадида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида янги йилқичилик комплекси ташкил этилди. Тошкент вилоятида ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай мажмуалар барпо этилмоқда.

Умуман олганда, ота-боболаримиз ардоқлаб, парваришлаб келган, яхши ва ёмон кунларида дўст билган қорабайир отларни миллатимизнинг ғурури, десак, арзийди. Фарзандларимиз қалбида мардлик, жасурлик, она юртга садоқат фазилатларини шакллантиришда ундан тўғри фойдалансак, ўйлайманки, нур устига нур бўлади.

Охирги 20 йилда эътибордан четда қолган яна бир тармоқ – балиқчилик соҳасини тиклаш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилди. Унинг тизимига 3 минг 600 та балиқчилик хўжалиги киритилди. Жорий йилда 580 минг гектар майдондаги табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлларда 100 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди.

Вьетнам ва Хитой технологияси асосида интенсив усулда балиқ етиштириш, уни кўпайтириш, балиқ озуқаси ишлаб чиқариш борасида ушбу мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Яна бир муҳим йўналиш – асаларичилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ташкил этилиб, унга асал етиштирадиган 14 мингдан ортиқ тадбиркор аъзо бўлиб кирди.

Бундай салмоқли ютуқлар ҳақида гапирганда, сиз, азиз фермер ва деҳқонлар, барча миришкорларнинг фидокорона меҳнатингизни, шу соҳа ривожига умрини, бутун ҳаётини бағишлаган инсонлар номларини фахр билан тилга оламиз.

Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Азим Латипов, Аваз Эргашев, Анорбой Эшматов, Парда Зиёдов, Сарсенбай Сейтназаров, Дўстмурод Абдуллаев, Исахон Баҳромов, Сиёсатхон Абдуллаева, Аваз Ҳосилов, Гулмат Ҳайитметов, Шарифбой Ражабов, Аҳмад Нарзуллаев, Абдумурод Бозоров, Абдурайим Ҳомидов, Патилахон Эргашева, Халчахон Мирзаева, Тўра Нарзиев каби фидойи юртдошларимиз ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди.

Сизларга яхши маълумки, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари ва умуман, қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

Мамлакатимизда ирригация ва мелиорация тадбирларининг барча харажатлари тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишда муҳим омил бўлмоқда.

Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджетидан 2 триллион сўмдан ортиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 400 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда.

Ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта етиштирадиган фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан маблағ ажратиш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2008 йилда ушбу мақсадлар учун 80 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 300 миллиард сўмни ташкил этди.

Йил давомида қилинган машаққатли меҳнат, агротехник тадбирларнинг ўз муддатида ва сифатли ўтказилиши натижасида гектаридан ўртача 50 центнердан зиёд ҳосил олган фермерлар 1 минг 121 тани, 45 центнерлик маррани эгаллаган фермерларимиз 2 минг 130 тани, 40 центнерчилар 7 минг 208 тани ташкил этди. Бу пахтачилик бўйича ўз тажриба мактабини яратаётган фермерлар кўпайиб бораётганидан далолат беради.

Жорий мавсумда Амударё, Булоқбоши, Пахтаобод, Вобкент, Бухоро, Миришкор, Нишон, Қизилтепа, Мингбулоқ, Каттақўрғон, Нарпай, Жарқўрғон, Юқоричирчиқ, Боғот, Хонқа, Қўшкўпир туманларида пахтадан мўл ҳосил олинди.

Пахта етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган Амударё туманидаги “Амударё соҳили” фермер хўжалиги раҳбари Исломбек Маткаримов, Миришкор туманидаги “Турдиали бобо” фермер хўжалиги раҳбари Абдувоҳид Бегалиев, Пешку туманидаги “Фаттоев” фермер хўжалиги раҳбари Ёқуб Фаттоев каби фермерлар фаолияти таҳсинга сазовордир.

Ғаллачилик бўйича эришган ютуқларимизда Беруний, Олтинкўл, Қўрғонтепа, Дўстлик, Ромитан, Пешку, Шаҳрисабз, Норин, Иштихон, Пискент, Олтиариқ, Учкўприк, Қува туманлари фермерлари ўрнак ва намуна бўлдилар.

Энг асосийси, бу йил етиштирилган ғалланинг 5 миллион 200 минг тоннадан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли ихтиёрида қолдирилди. Буларнинг барчаси деҳқонларимизнинг омборлари донга, рўзғорлари қут-баракага тўлиб бораётгани, улар ўз меҳнатидан катта манфаат кўраётгани, халқимиз ибораси билан айтганда, том маънода уларнинг косаси оқараётганининг амалий далили, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Сув ресурслари чекланган минтақамизда деҳқончилик қилиш, мўл ва сифатли ҳосил олиш қанчалар оғир ва машаққатли эканини сиз, шу соҳанинг моҳир усталари жуда яхши биласиз. Шунинг учун сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган тадбирлар қўллаб-қувватланиб, бунинг ташаббускори бўлган хўжалик ва ташкилотларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиб берилмоқда. Натижада бугунги кунда қарийб 240 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар, жумладан, 28 минг гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди.

2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди.

Қишлоқ туманларида ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди.

Энди ана шундай ўзгаришлар амалий натижа ва самара бериши учун барчамиз бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз керак.

Қадрли дўстлар!

Шу ўринда мен бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим.

Фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, юртимизни ҳар жиҳатдан обод ва фаровон қилишда беқиёс ишларни амалга ошираётганини бугун фахр ва ғурур билан, миннатдорлик билан қайд этамиз.

Ўзбек деҳқонлари она заминимизга, муқаддас тупроғимизга энг садоқатли, элу юрт тақдири учун чинакам фидойи инсонлардир. Уларнинг бундай фазилатларидан барчамиз ўрнак олсак арзийди.

Азиз фермерлар, деҳқон ва миришкорлар!

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришаётган ютуқ ва натижаларимиз ҳақида яна кўп гапиришимиз мумкин. Лекин ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш, хотиржамликка берилиш бизга ярашмайди. Чунки қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам жуда кўплигини барчамиз яхши биламиз.

Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифаларни аниқ белгилаб, уларни изчил амалга ошириб бораётганимиз соҳадаги улкан муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун сизлар билан ана шу масалалар ҳақида очиқ-ойдин гаплашиб, уларни ечиш йўлларини аниқ белгилаб олсак, ўйлайманки, айни муддао бўлади. Бу келгуси йилда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида янада юксак натижаларга эришишимиз учун пухта замин яратади.

Биринчидан, ердан унумли фойдаланиш ва уни талон-тарож қилишнинг олдини олиш – энг муҳим вазифалардан биридир.

Мамлакатимизда суғориладиган ерлар атиги 3 миллион 300 минг гектар бўлиб, уни кўпайтиришнинг ҳеч иложи йўқ. Чунки бизда сув ресурслари чекланган. Аҳолимиз эса йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Жойларда қатъий назорат йўқлиги оқибатида суғориладиган ерларни фермерлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан сотиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари, афсуски, давом этмоқда.

Жорий йилнинг ўзида 20 дан ортиқ туманда, жумладан, Бўз, Ангор, Навбаҳор, Жомбой, Оҳангарон ва бошқа туманларда суғориладиган ерлар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Бундай нохуш ҳолатларни деярли барча вилоятларда кузатиш мумкин.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги мавжуд 700 минг гектарга яқин лалми ернинг бор-йўғи 300 минг гектарига ғалла ва мойли экинлар экилмоқда.

Қани, айтинглар, қолган 400 минг гектар ердан нега фойдаланмаймиз?

Бундай майдонларни ўзлаштириш, уларни мунтазам равишда деҳқончилик экинлари экиладиган ерларга айлантириш осон бўлмайди, деб ўтирсак, ўтираверамиз.

Ҳолбуки, бугунги вазият барчамиздан ташаббус кўрсатиб, жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш, фидойилик билан меҳнат қилишни талаб этмоқда.

Бундай эзгу ишга қўл урган фермер ва деҳқонларимизга биз ҳар томонлама кўмак беришга тайёрмиз.

Ўзингизга маълум, ҳар қарич ер – давлатнинг, демакки, халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Ундан ноқонуний, ўзбошимчалик билан фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Афсуски, ана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етмаган ёки тушунишни ва унга амал қилишни истамаётганлар ҳамон учраб турибди.

“Ергеодезкадастр” қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида жорий йилда 3 минг 600 га яқин фермер хўжалиги ғалла ва пахтани шартномада қайд этилганига нисбатан 19 минг гектар ерга кам эккани аниқланган. 833 та фермер хўжалиги эса 13 минг гектар ерда пахта ва ғалла етиштириш бўйича шартнома тузган бўлса-да, амалда бу экинларни умуман экмаган.

Унумдор ерларни сотаётган, ноқонуний тарзда уй-жой қуриб олаётган, шартномада кўзда тутилган экинларни экишдан бўйин товлаётган фермерларга нисбатан қатъий чоралар кўрадиган ва қонуний баҳо берадиган вақт келди.

Шунинг учун Бош вазир ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев, мутасадди идоралар ва вилоятлар ҳокимлари бир ой муддатда ана шундай муаммоларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, кўриб чиқиш учун тақдим этиши зарур.

Иккинчидан, суғориш иншоотлари эскириб, тармоқлар яроқсиз ҳолга келиб қолгани оқибатида 830 минг гектар ерни суғоришда қийинчиликлар юзага келмоқда.

Бундан ташқари, 1 миллион 300 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, 18 минг километр коллектор ва дренаж тармоқларини босқичма-босқич тозалаш лозим. Шунингдек, 103 та йирик, 720 та ўрта ва кичик сув иншоотлари янгилаш ва таъмирлашга муҳтож.

2017-2018 йилларда бу тадбирлар учун давлат бюджетидан 1,5 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 150 миллион доллар маблағини йўналтириш режалаштирилган. Бироқ шуларнинг ўзи билан соҳадаги мавжуд муаммоларни тўлиқ ҳал этиб бўлмайди.

Шунинг учун Бош вазир ўринбосарлари Зойир Мирзаев ва Жамшид Қўчқоров бир ҳафта муддатда давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун қўшимча маблағ ажратиш ва халқаро молия институтларининг мазкур лойиҳаларда янада кенгроқ иштирок этишини таъминлаш бўйича аниқ таклифлар киритиши лозим.

Мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида ҳам кўплаб ишларни амалга оширишимиз зарур. Бу борада сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш керак.

2018-2019 йиллар давомида Тошкент вилоятида жами 44 миллион куб метр сув йиғиладиган “Паркентсой”, “Қизилсой”, “Тоштепа” сув омборлари қурилади. Шу тариқа Паркент ва Оҳангарон туманларида 5 минг гектар лалми ерларни ўзлаштириш имконияти яратилади.

Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Караман” сув омбори ишга туширилгач, 20 минг гектар ер ўзлаштирилади.

Қашқадарё вилоятида “Гулдара”, “Аяқчисой”, Самарқанд вилоятида “Булунғур” сув омборларини қурсак, бу қўшимча равишда 2 минг гектар экин майдонларини ўзлаштириш, 2 минг 300 гектар ерда сув таъминотини яхшилаш имконини беради.

Навоий вилоятидаги “Сентобсой”, Наманган вилоятидаги “Қорасув”, “Ертикан”, “Уйчи” сув омборлари қарийб 2 баробар кенгайтирилади.

2018-2019 йилларда ирригация тармоқларини ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастурига мувофиқ, келгуси икки йилда 1 минг 86 километр узунликдаги каналлар бетонлаштирилиб, 661 километр лотоклар янгидан бунёд этилади. Шунингдек, 109 та йирик гидротехник иншоотлар қурилади ва янги насос станциялари ўрнатилади.

Ана шу тадбирларни амалга ошириш натижасида 1 миллион 200 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланади.

Энг асосийси, йилига 1 миллиард 700 миллион куб метр сув тежалади ва 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Соҳада катта натижага эришмоқчи бўлсак, биринчи навбатда ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз, тупроқ унумдорлигини оширишимиз керак.

Учинчидан, аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш – энг асосий вазифаларимиздандир.

Бунга эришиш учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. 2018-2019 йилларда банк кредитлари ҳисобидан 145 та лойиҳа доирасида қўшимча 35 минг бош зотдор қорамол боқиш йўлга қўйилади. Умумий қиймати 280 миллиард сўм бўлган 80 та лойиҳа асосида қўшимча 3 миллион 200 минг бош парранда боқишга мўлжалланган хўжаликларни ташкил этиш керак. Шунинг ҳисобидан 2018 йилда тухум етиштиришни 10 фоизга ошириб, унинг умумий ҳажмини 7 миллиард 800 миллион донага етказиш имкони юзага келади.

Келгуси йилда балиқ етиштиришни 150 минг тоннага етказиш мақсадида 215 миллиард сўмлик 280 та лойиҳа амалга оширилади, 1 минг 650 гектар сунъий сув ҳавзалари ташкил этилади. 25 та сув омборида Вьетнам тажрибаси асосида 13 минг тонна, 37 минг гектар шолизорда қарийб 15 минг тонна балиқ етиштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон ва Наманган вилоятларида Индонезиядан келтириладиган 380 минг дона сермаҳсул балиқ чавоғини ушбу мамлакат мутахассислари билан ҳамкорликда маҳаллий иқлимга мослаштириш лозим.

Тўртинчидан, мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш ишлари, афсуски, етарли даражада эмас.

Бугунги кунда юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг атиги 15 фоизи қайта ишланиб, 8 фоизи экспорт қилинмоқда, холос. Айниқса, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бу кўрсаткичлар ҳамон пастлигича қолмоқда.

Жорий йилда 860 минг тонна ёки 620 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилингани бизнинг имконият ва салоҳиятимизга мосми? Йўқ, албатта!

Ривожланган давлатлар тажрибаси асосида боғлар ва токзорларга ишлов берадиган, сабзавот ва картошка уруғларини экадиган ва йиғиштириб оладиган техникалар мавжуд эмас, фермер, деҳқон хўжаликларига ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар, уруғлик етказиб бериш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган. Бу ҳам ҳақиқат.

Бош вазир ўринбосарлари Нодир Отажонов, Зойир Мирзаев бир ой муддатда ҳар бир вилоят ва туманда мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга оширишлари керак.

Бешинчидан, республикамиз бўйича 445 минг гектар энг унумдор ер аҳолига томорқа сифатида берилган.

Лекин томорқадан фойдаланиш талаб даражасида эмас. Бу йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш тизими йўқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Соҳада назоратни таъминлаш, томорқа эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига қатор ваколатлар берилди.

Вазирлар Маҳкамаси (З.Мирзаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (Б.Юсупов), Касаба уюшмалари федерацияси (Қ.Рафиқов), “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси (А.Абдуллаев), “Маҳалла” жамғармаси (Ш.Жавлонов), Хотин-қизлар қўмитаси (Т.Норбоева) ва ҳудудлардаги секторлар раҳбарлари уйма-уй юриб, аҳолига томорқадан самарали фойдаланиш юзасидан зарур тавсия ва амалий ёрдам бериш механизмини ишлаб чиқиб, амалга ошириши лозим.

Бу ишларни самарали йўлга қўйиш натижасида томорқалардан мева, сабзавот, картошка, кўкат, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар етиштириш имкониятлари янада кенгаяди.

Шунингдек, аҳоли томорқаларида цитрус мевалар етиштиришга мўлжалланган ихчам иссиқхоналар барпо қилиш, ёнғоқ, унаби ва бошқа кўчатлар етиштиришни ташкил этиш лозим.

Олтинчидан, ҳозирги пайтда мамлакатимиздаги 146 минг 295 та қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган, яъни бутунлай эскирган.

Айниқса, мева ва сабзавотчиликка ихтисослашган туманлар боғ ва токзорларга ишлов бериш, сабзавот экиш, парваришлаш ва йиғиб олишга мўлжалланган техникалар билан бор-йўғи 34 фоиз таъминланган, холос. Бу меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорликнинг пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 16 минг 495 та қишлоқ хўжалиги техникаси етишмаслиги аниқланган. Бунинг оқибатида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишнинг имкони бўлмаяпти ва шунинг учун пировард натижада кутилган самарага эришилмаяпти.

Бош вазир ўринбосарлари Зойир Мирзаев, Жамшид Қўчқоров ва Нодир Отажоновга қишлоқ хўжалиги техникасини юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, зарур ҳолларда уларни хорижий давлатлардан сотиб олиш учун молиявий манбаларни аниқлаш масалаларини ҳал этиш бўйича жорий йил 20 декабрга қадар аниқ ва амалий таклифлар киритиш вазифаси топширилади.

Еттинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда илм-фан ҳаёт талабларидан орқада қолаётгани жиддий муаммолардан биридир.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли илмий-тадқиқот институтларининг аграр фан ва селекцияни ривожлантириш, илғор агротехнологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, ҳар бир ҳудудда тупроқ ва иқлим шароитига мос экин навларини яратиш ва жойлаштириш борасидаги ўрни ва ролини кескин ошириш лозим.

Ҳозирги кунда ана шу илмий муассасаларнинг моддий-техник базаси замонавий тадқиқотларни амалга ошириш имконини бермайди. Илмий-тадқиқот ишлари ҳамон эскича усулларда олиб борилаётгани ҳам ҳақиқат.

Соҳада замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрлар етишмаётганини ҳам тан олишимиз керак. Айниқса, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж катта.

Чорва молларининг зотини яхшилаш, паррандаларда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича илмий изланишлар деярли олиб борилмаяпти.

Яқин вақтгача чорвачилик соҳасида етакчи бўлиб келган юртимизда бугун зотдор молларни фақат четдан олиб келиш билан чекланиб қолаётганимизни нима билан изоҳлаш мумкин?

Бундай эътиборсизлик ва соҳанинг эртанги ривожини ўйламасликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ана шу ҳолатларнинг барчасини инобатга олиб, соҳага илмий ёндашувни ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимиин йўлга қўйиш мақсадида юртимизда Ветеринария институтини ташкил этишнинг фурсати келди, деб ҳисоблайман.

Яна бир муҳим масала, яъни йилига мамлакатимизда етиштирилаётган 12 миллион донадан зиёд терини йиғиш, уни чуқур қайта ишлаш, айниқса, дунёга машҳур қоракўл теридан юқори сифатли, рақобатдош маҳсулот тайёрлаш бўйича ишларимиз ҳам талаб даражасида эмас.

Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, тизимни такомиллаштириш, бу борадаги экспорт кўрсаткичини 150 миллион доллардан камида 300 миллион долларга ошириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаши зарур.

Хабарингиз бор, биз яқинда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳаётимизга янги инновацион технологиялар жорий этиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида Инновацияларни ривожлантириш вазирлигини ташкил этдик. Ушбу вазирлик бу борада алоҳида дастур ишлаб чиқиб, қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор технологияларни жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириши ғоят муҳим масаладир.

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини чуқур таҳлил қилган ҳолда, узумнинг саноатбоп навлари, лимон ва мевали дарахт кўчатлари етиштириш – ҳозирги давр талабидир. Афсуски, ушбу институтнинг айни пайтдаги ҳолати бугунги мезон ва талабга мутлақо жавоб бермайди.

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси негизида Лалмикор деҳқончилик институтини ташкил этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Бундай илмий-тадқиқот маркази лалми ерлардан самарали фойдаланиш бўйича замонавий илмий изланишларни янада кенгайтириш имконини яратади.

Мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантириш, жумладан, курка, бедана, ғоз, ўрдак ва туяқуш парваришлашни илмий асосда йўлга қўйиш мақсадида Паррандачилик илмий марказини ташкил этиш зарур, деб ўйлайман.

Халқимизни энг кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат турларидан бири бўлган картошка билан тўла таъминлаш учун бизга йилига ўртача 50 минг тонна сифатли картошка уруғи керак бўлади. Бунинг учун Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этишимиз керак.

Саккизинчидан, фермер хўжаликларида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, даромад ҳажмини ошириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратишимиз зарур.

Шу мақсадда мавжуд 2 миллион 626 минг гектар майдоннинг умумий узунлиги 385 минг километр бўлган чекка қисмларида сабзавот ва полиз экинлари экишни йўлга қўйиш орқали 415 минг тонна қўшимча маҳсулот етиштиришга эришиш мумкин.

Оддий ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги вақтда ҳар бир фермер хўжалиги даласида бир бошдан, жами 14 минг соғин сигир, 21 минг 125 фермер хўжалигининг ҳар бирида 50 бошдан, жами 1 миллион 57 минг парранда, 66 минг фермер хўжалигининг дала четларида 329 минг қути асалари боқиш ҳисобидан 7 минг 200 тонна асал етиштиришни йўлга қўйиш мумкин.

Юзаки қараганда, бу оддий гапга ўхшайди. Агар масалага жиддий ёндашиб, ҳар бир рақам замиридаги маънони теран англаб етсак, булар деҳқонларимиз учун қўшимча даромад манбаи экани маълум бўлади.

Келгуси йилда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир муҳим йўналиш – бу суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйларида, йирик гидротехник иншоотлар атрофидаги майдонлар ва дала четларида оддий ва арзон усулларда 30 мингдан зиёд ихчам иссиқхоналар ташкил этишдан иборат.

Тўққизинчидан, пахта ва ғалла экилаётган паст рентабелли майдонларни йилдан-йилга қисқартириб, уларнинг ўрнига интенсив боғлар, ёнғоқзор ва токзорлар барпо этиш, шунингдек, сердаромад бўлган соя, қалампир ва кўкатлар экиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда рапс етиштиришни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, енгил саноат корхоналарини сифатли тола билан таъминлаш ҳақида ҳам жиддий ўйлашимиз керак. 2018 йилда мамлакатимизда етиштирилаётган 1 миллион 200 минг тонна пахта толасини юртимизда тўлиқ қайта ишлаб, хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйишимиз зарур.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида амалда қўлланган – пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усулига биз Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қарамоқдамиз.

Бу истиқболли тажрибани кенг ёйиш мақсадида мамлакатимиздаги ўттиздан зиёд енгил саноат корхонасига тўрт юз минг гектардан кўпроқ пахта майдонлари бириктириб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Нигматович Ариповга тегишли комплекс раҳбарлари, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бу масала бўйича қарор лойиҳасини 15 кун муддатда ишлаб чиқиш, вилоят ҳокимларига лойиҳа ташаббускорлари учун барча зарур шароитни яратиб бериш вазифаси топширилади.

Қолган пахта майдонларида ҳосилдорликни ошириш ва ердан самарали фойдаланиш мақсадида чигитни “қўшқатор” ва “олтмишлик” схемаси асосида экишни йўлга қўйиш ва самарасиз бўлган “тўқсонлик” схемадан босқичма-босқич воз кечиш керак. Шунингдек, хитойлик олимлар билан ҳамкорликда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ғўза парваришини замонавий технологиялар асосида олиб боришимиз зарур. Сурхондарё, Самарқанд ва бошқа вилоятларда томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий этишимиз лозим.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бугунги кунда олдимизда турган энг асосий муаммолардан бири бу – республикамиз қишлоқ хўжалигида илм ва амалиётнинг бир-биридан узоқлашгани, аксарият ҳолларда узилиб қолганидир.

Бир ҳақиқат барчамизга яхши маълум: илм ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш ва, умуман, бирор-бир соҳанинг келажаги бўлмайди.

Афсуски, кейинги 20 йил мобайнида биз аграр тармоқни илм-фан ютуқлари асосида ривожлантиришга етарлича эътибор бермадик, эътиборсизлигимиз туфайли мавжуд илмий-текшириш институтлари молиявий муаммолар гирдобига, ночор аҳволга тушиб қолди, таъбир жоиз бўлса, “чалажон” бўлиб қолди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси) таркибида айни пайтда 11 та илмий- тадқиқот институти ва 44 та илмий-тажриба станцияси мавжуд.

Бундан ташқари, бевосита Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида 4 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 3 та филиали, шунингдек, 132 та касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатмоқда. Лекин Тошкент давлат аграр университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтларининг илмий салоҳияти ва кадрлар тайёрлашдаги мавқеи йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Агар ўтган асрнинг 80-90 йиллари билан солиштирадиган бўлсак, ушбу олий таълим муассасаларида илмий, педагогик ва амалий тажриба борасида салоҳият кескин пасайиб кетган.

Қишлоқ хўжалигида аниқ мезонлар асосида кадрлар тайёрлашнинг ягона тизими мавжуд эмас. Бунга вазирлик ва олий таълим даргоҳлари раҳбарлари ҳам умуман эътибор қаратмаяпти, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бугун олий таълим муассасаси ёки коллежда ўқиётган талаба эртага қаерга ишга боради, амалиётда унинг билим ва мутахассислигига айнан қандай талаблар қўйилади, у шу талабларга жавоб берадими-йўқми – буни ҳеч ким билмайди.

Ҳатто шу даражага бориб етдики, аудиторияда талабага бошқа нарса ўқитилади, амалиётда эса ундан умуман бошқа билим ва кўникма талаб этилади. Аграр тармоқдаги бирор-бир олий ёки ўрта махсус таълим муассасаси ишлаб чиқариш ёки амалиётнинг аниқ буюртмаси бўйича мутахассислар тайёрлаётгани йўқ ва, афсуски, бу бўйича ҳали ҳаракат ҳам бошланмаган. Шундай экан, малакали ва рақобатдош мутахассис-кадрлар тайёрлаш тўғрисида қандай гапиришимиз мумкин.

Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти таянч ўқув даргоҳлари ва ўқув-методик марказ сифатида белгиланган эди. Лекин ҳар иккала таълим муассасасининг раҳбарияти ҳам бу борада ўз зиммасидаги вазифани тўла уддалаётгани йўқ. Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтларининг фаолиятини эса қониқарли деб бўлмайди.

Бугунги давр шуни тақозо этмоқдаки, олий таълим муассасаси ва коллежлардаги ўқув дастурлари ишлаб чиқариш, фирма ва компанияларнинг аниқ талаб ва буюртмалари асосида тузилиши ва рақобатдош кадрларни тайёрлаб бериши керак.

Агар талаб бўлса, олий таълим муассасаси ва коллеж мутахассис тайёрлаши керак, муайян йўналиш бўйича битираётган кадрларга эҳтиёж бўлмаса ёки кадрнинг билим савияси ва илмий даражаси паст бўлса, бундай ўқув муассасаси ёпилиши зарур.

Бу борада бир мисол келтираман. Фарғона водийсида бир неча йиллардан буён зарарли ҳашаротлар пахта майдонларига сезиларли даражада зиён етказяпти. Лекин водийдаги бирорта ўқув даргоҳида олим ва мутахассислар бундай касалликларга қарши курашиш ҳақида жиддий бош қотираётганлари йўқ.

Ана шундай ўткир ва ҳаётий муаммоларни ҳал этиш ва зарур ечимларни топиш мақсадида қуйидаги долзарб вазифаларни амалга ошириш талаб этилади.

Биринчидан, кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилаш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчиларининг иш ҳақи миқдори, жумладан, янги ўқув йилидан бошлаб докторантлар стипендияларини сезиларли даражада ошириш бўйича Молия вазирлиги (Ж.Қўчқоров) таклиф тайёрласин.

Шу билан бирга, соҳадаги олий таълим муассасаларида таълим даражасини ошириш учун уларни модернизация қилиш дастурини 2021 йилгача чўзмасдан, 2019 йил охирига қадар якунлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Барчага маълумки, қишлоқ хўжалиги мутахассисларини магистратурада контракт асосида ўқитиш илмий кадрлар тайёрлашга жиддий тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалигининг тор мутахассисликлари бўйича магистратурада кадрлар тайёрлашни тўлиқ бюджет грантлари ҳисобига ўтказиш таклиф этилади. Бу масала бўйича Молия вазирлиги тегишли ташкилотлар билан биргаликда 10 кунда таклиф киритсин.

Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий дастурларни молиялаштиришга Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни 2017 йилдаги 39 миллиард сўмдан 2-3 йилда 150 миллиард сўмга етказиш топширилади.

Шу билан бирга, агросаноат комплекси таркибидаги 14 та илмий-тадқиқот институтини кейинги 2 йилда Давлат бюджетидан базавий молиялаштиришга ўтказиш лозим.

Буларга қўшимча равишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий муассасаларни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлашга 20 миллион доллар ажратиш Молия вазирлигига топширилади. Бундан кўзланган мақсад – илмий-тадқиқот институтлари ва уларнинг илмий-тажриба станцияларини замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналари билан таъминлашни тубдан яхшилашдан иборат.

Учинчидан, юқоридаги топшириқлар бўйича Бош вазир ўринбосарлари З.Мирзаев ва Ж.Қўчқоров бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини киритсин.

Қарор лойиҳасида қишлоқ хўжалигида илмий изланишларни молиялаштириш ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган махсус жамғарма тузиш ҳақида таклиф назарда тутилсин. Жамғарманинг манбаи сифатида айрим маҳсулотларга солинадиган акциз солиғининг қатъий белгиланган ажратмаларини белгилашни таклиф этаман.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш учун барча даражадаги раҳбарлар, айниқса, туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

Вазир бўладими, вилоят ёки туман ҳокими бўладими – барча раҳбарлар қишлоқ хўжалиги масалалари, яъни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташаббус кўрсатиб ишлаши, энг муҳими, натижадорликка эришмоғи шарт.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида номига, кўзбўямачилик билан иш юритиб, натижага эришиб бўлмайди. Масалага ана шу нуқтаи назардан қараган ҳолда, ишдаги нуқсон ва камчиликлари учун Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимларини, бир қатор вазирлар ва туманлар ҳокимларини алмаштиришга тўғри келди.

Вақтида олди олинмаса, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашилмаса, бундай жиддий камчиликлар қишлоқ хўжалиги унумдорлиги ва натижадорликка салбий таъсир кўрсатишини барча раҳбарлар яхши тушуниб етиши зарур.

Юқорида айтилган режа ва дастурларни амалга ошириш учун бизда куч ва имкониятлар, билим ва тажриба етарли. Гап фақат ишни фидойилик ва омилкорлик билан, тўғри ва самарали ташкил этишимизга боғлиқ.

Муҳтарам дўстларим, қадрдонларим!

Бу дунёда барчамиз эзгу ва пок ниятлар билан яшаймиз.

Ҳаммамиз фарзандларимиз, набираларимиз камолини кўрсак, юртимиз тинч, халқимиз фаровон ҳаёт кечирса, деб орзу қиламиз.

Агар бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатидан кўзланган асосий мақсадни оддий сўзлар билан ифода этадиган бўлсак, у аввало халқимиз қалбидаги ана шундай эзгу орзу-ниятларни амалга оширишга қаратилгандир.

Кейинги бир йил давомида эл-юртимиз билан бўлган мулоқотлар давомида мен бу ҳақиқатга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Биз олдимизга қўйган, ҳар бир ватандошимиз кўнглида акс садо бераётган ана шу буюк мақсадларни амалга оширишга энг кўп ҳисса қўшаётган, келгусида ҳам катта ҳисса қўшадиган инсонлар қаторида аввало сиз, азизларни кўрамиз.

Барчангизни, сизлар орқали ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳаси билан, айниқса, саховатли заминимиз билан боғлаган фидойи инсонларни, бутун халқимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклайман.

Жонажон Ватанимиздан ҳеч қачон тинчлик-осойишталик, хонадонларимиздан файзу барака аримасин!

Оллоҳ таолонинг ўзи барча ишларимизнинг барорини берсин.

Янги йилда ҳамма экинлардан ҳосилимиз янада мўл, хирмонимиз ҳар қачонгидан юксак бўлсин!

Ўзбек замини, ўзбек деҳқони доимо бор бўлсин, омон бўлсин, унга ҳамиша улуғ зафарлар ёр бўлсин!

Яна бир бор барчангизга катта раҳмат.

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
24 848