Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 18:55 Чоп этиш версияси

Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 15359 та таълим муассасаси, жумладан, 4893 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 23 та Меҳрибонлик уйи, 304 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 та “Баркамол авлод” маркази, 227 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини ва билим юртларини битирган 97 564 нафар педагог кадрлар фаолият юритмоқда.

Мазкур таълим муассасаларининг мактабгача, бошланғич, мусиқа, тасвирий санъат, чет тиллари, меҳнат таълими, жисмоний тарбия йўналишлари ва бошқа фанлар бўйича олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш орқали таълим сифатини яхшилаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

олий таълим муассасалари таркибида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига эга бўлган, мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида тасарруфида ушбу таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга педагог кадрлар ҳисобидан амалга оширилади;

махсус сиртқи бўлимда ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Таълим йўналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қийматини аниқлаш белгиланган тартибда амалга оширилади;

махсус сиртқи бўлимда ўқиётган талабаларга имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтида уларнинг ойлик маошлари асосий иш жойида сақланган ҳолда бир ўқув йилида икки марта бир ойдан ўқув таътили берилади. Бунда ўқув таътиллари қоида тариқасида умумтаълим муассасаларидаги қишки ва ёзги таътил вақтига тўғри келган даврда берилади ва уларга белгиланган тартибдаги йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳам сақланиб қолади;

талабаларнинг олий таълим муассасасида ўқишда бўлган даврига тўғри келадиган дарс соатлари ўқишга юборган таълим муассасасининг ўқитувчилари (ходимлари) томонидан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида ўтилади;

махсус сиртқи бўлим талабалари ўқишга киришда тавсиянома берувчи вазирлик ёки идора, олий таълим муассасаси ва талаба ўртасида ўқишни якунлагандан кейин тавсиянома берган ташкилот йўлланмасида кўрсатилган иш жойида (таълим муассасасида) беш йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериш мажбурияти билан уч томонлама шартнома тузилади;

махсус сиртқи бўлимларда таълим йўналишлари хусусиятига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати қонун ҳужжатларида белгиланган нормативлар асосида белгиланади;

олий таълим муассасасида махсус сиртқи бўлим ўқув жараёнини ташкил этишга факультет декани мақомидаги бўлим бошлиғи раҳбарлик қилади.

4. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига 2017/2018 ўқув йили учун:

олий таълим муассасалари махсус сиртқи бўлимларида ўқиш учун тавсиянома берувчи вазирликлар ва идоралар рўйхатини;

мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида вазирликлар ва идоралар томонидан берилган таклифларни инобатга олган ҳолда махсус сиртқи бўлимларга қабул квоталарини;

махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби ва мезонлари ҳамда уч томонлама шартнома шаклини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.

Келгуси ўқув йилларига қабул квоталари олий таълим муассасалари учун белгиланган тартибда белгиланади.

5. Педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот бериш сиртқи таълим шаклида ташкил этилсин, бунда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан (ўқув режалардаги фанлар фарқидан қатъий назар) камида 3 йил муддат этиб белгилансин.

2017/2018 ўқув йили учун махсус сиртқи ва сиртқи таълимларда ўқув жараёни истисно тариқасида жорий йилнинг 1 октябридан бошланиши белгилаб қўйилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 30 сентябргача:

2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимига 1-курсга талабаларни қабул қилиш юқори савияда ва адолатли ўтказилишини таъминласин;

олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимлари ташкил этилган таълим йўналишларининг ўқув режаси ва фан дастурларини тасдиқласин, шунингдек, уларга мувофиқ фанларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларда дарс беришга юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантирсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланган штатлар жадвали, даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритишни ва улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.

7. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети махсус сиртқи бўлим таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари ҳамда ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгилансин ва унинг ҳузурида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасаларининг ўқув-методик фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилинсин.

Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

махсус сиртқи бўлимлар орқали умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш таълим мазмуни замонавий талабларга уйғун ривожлантирилишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларга илмий-методик раҳбарликни амалга ошириш;

махсус сиртқи бўлимлар ўқув жараёнларига илғор хорижий тажриба, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириб бориш;

махсус сиртқи бўлимлар ўқув жараёнларига педагогика соҳаси олимлари ва мамлакатимизнинг етук мутахассислари жалб этилишини ташкил этиш;

педагогика соҳасининг долзарб илмий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган илмий изланишлар, жумладан, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб борилишини мувофиқлаштириш;

педагоглик касбининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, жумладан, ёшларни ўқитувчилик касбига йўналтиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;

махсус сиртқи бўлимлар фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш, ҳудудлардаги олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасалари зарур ўқув ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминланишини молиялаштиришнинг аниқ чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби, мезонлари ҳамда тузиладиган уч томонлама шартнома шаклини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 9 август


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус 
сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, ёшларга замонавий билимларни бериш орқали уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, ёшларга сифатли таълим бериш асосида уларни интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол ривожлантириш, уларга таълим ва тарбия бераётган ўқитувчиларнинг юқори малакага эга бўлишини таъминлаш билан боғлиқ муҳим йўналишлар белгилаб берилди.

Бугунги шиддат билан ривожланаётган глобаллашув замонида ёшларимизни ёт ғоялардан асраш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, фан, техника ва технологияларнинг замонавий ривожланиш даражасига мос билим бериш орқали уларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда таълим муассасалари ўқитувчиларининг ўрни беқиёсдир.

Ҳозирги кунда ўқувчи ёшларимиз республикамизда фаолият олиб бораётган 15359 та таълим муассасаси, жумладан, 4893 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 23 та Меҳрибонлик уйи, 304 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 та “Баркамол авлод” маркази, 227 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таълим-тарбия олмоқда. Ушбу таълим муассасаларида ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини олдинги йилларда битирган 97564 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчи фаолият юритмоқда. Ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар Қашқадарё вилоятида 13048 нафарни, Сурхондарё вилоятида 9447, Самарқанд вилоятида 8907, Қорақалпоғистон Республикасида 4835, Тошкент вилоятида 5004, Наманган вилоятида 4653, Хоразм вилоятида 4192, Андижон вилоятида 4260, Бухоро вилоятида 3366, Жиззах вилоятида 1871, Фарғона вилоятида 2048, Навоий вилоятида 1282 нафарни ташкил қилади.

Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 112261 нафар бошланғич таълим ўқитувчисининг 41718 нафари (37,2%) ўрта махсус маълумотли. Жумладан, бошланғич таълим ўқитувчиларининг Қашқадарё вилоятида 9014 нафари (62,1%), Сурхондарё вилоятида 6035 нафари (53,2%), Қорақалпоғистон Республикасида 3144 нафари (41,4%), Самарқанд вилоятида 5551 нафари (42,7%) ўрта махсус маълумотли кадрлар саналади.

Мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган жами 57974 нафар педагог ходимнинг 36305 нафари (63%) ўрта махсус маълумотга эга.

Шу муносабат билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимида умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун замонавий ўқитиш усулларини эгаллаган ўқитувчиларни тайёрлаш орқали ушбу муассасаларда таълим-тарбия сифатини ошириш, уларда дарс бераётган ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларнинг олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш учун зарур шароитлар яратишни назарда тутади.

Қарорга кўра, таълим муассасаларининг мактабгача, бошланғич, мусиқа, тасвирий санъат, чет тиллари, меҳнат таълими, жисмоний тарбия йўналишлари ва бошқа фанлар бўйича олий маълумотли ўқитувчи ва тарбиячиларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш орқали таълим сифатини яхшилаш мақсадида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб, 15 та олий таълим муассасасида педагогика йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг чекка туманларида, қишлоқ жойларида фаолият олиб бораётган ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларнинг ўзлари истиқомат қилаётган вилоят марказларидаги олий таълим муассасаларида олий маълумот олишлари учун шароит яратади.

Олий таълим муассасалари таркибида ташкил қилинган махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида ўрта махсус маълумотга ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига, шунингдек, ушбу таълим муассасаларининг идоравий бўйсунувига мувофиқ тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган педагог кадрлар ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорнинг эътиборли жиҳатларидан яна бири махсус сиртқи бўлим талабаларига қатор имтиёзлар берилиши билан боғлиқ. Жумладан, сиртқи бўлимда ўқиётган талабаларга имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтида уларнинг асосий иш жойида ойлик маошлари сақланган ҳолда бир ўқув йилида икки марта бир ойдан ўқув таътили берилади. Бунда ўқув таътиллари, қоида тариқасида, умумтаълим муассасаларидаги қишки ва ёзги таътил вақтига тўғри келган даврда берилади ва уларга белгиланган тартибдаги йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳам сақлаб қолинади.

Махсус сиртқи бўлимга қабул қилишда тавсиянома берувчи вазирлик ёки идора, олий таълим муассасаси ва талаба ўртасида ўқишни якунлагандан кейин тавсиянома берган ташкилот йўлланмасида кўрсатилган иш жойида (таълим муассасасида) беш йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериш мажбурияти билан уч томонлама шартнома тузилиши назарда тутилган.

Ушбу қарорда педагогика йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот бериш сиртқи таълим шаклида ташкил этилиши, бунда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан (ўқув режалардаги фанлар фарқидан қатъий назар) камида 3 йил муддат этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, 2017/2018 ўқув йили учун махсус сиртқи ва сиртқи таълим шаклидаги ўқув жараёни, истисно тариқасида, жорий йилнинг 1 октябридан бошланади.

Қарорга мувофиқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети махсус сиртқи бўлим таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари, ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди. Унинг ҳузурида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасаларининг ўқув-методик фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолият юритади. Шунингдек, қарорда Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг педагог кадрлар тайёрлаш мазмунини замонавий талабларга уйғун ривожлантиришни таъминлаш билан боғлиқ асосий вазифалари белгилаб берилди.

Тегишли вазирлик ва идораларга 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимига 1-курсга талабаларни қабул қилишни юқори савияда ва адолатли ўтказишни таъминлаш, таълим йўналишларининг ўқув режа ва фан дастурларини тасдиқлаш, уларга мувофиқ фанларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш чораларини кўриш топширилди.

Шунингдек, педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларда дарс бериш учун юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш билан боғлиқ алоҳида вазифалар қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг юқори малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш билан бир қаторда педагогик фаолият олиб бораётган ўрта махсус маълумотли ёшларнинг олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтиради. Бу, ўз навбатида, педагоглик касбининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, жумладан, ёшларни тизимли асосда ўқитувчилик касбига йўналтиришга хизмат қилади.

Мазкур қарор мамлакатимиз узлуксиз таълим тизимини янада ривожлантириш, ёшларимизнинг маънавий баркамол, билимли, интеллектуал ривожланган бўлиб улғайишларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга янги куч бағишлайди.

9 677






Все о погоде - Pogoda.uz