ЎзА Ўзбек

23.08.2019 Чоп этиш версияси

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бозор иқтисодиёти шароитида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаётган корхоналарнинг барқарор фаолият юритишини рағбатлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларига қарашли юридик шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини янада модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Молия вазирлиги, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон карлар жамияти (кейинги ўринларда – ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари)нинг ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилансинки, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаш ва тўлашдан озод қилинади;

солиққа тортиладиган ерлар бўйича юридик шахслардан олинадиган,
ер участкасининг жойлашган ўрнига қараб белгиланган ер солиғини ставкасига нисбатан 0,1 пасайтирувчи коэффициенти қўлланган ҳолда тўлайди.

3. Давлат буюртмачиларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарлари (ишлари, хизматлари)ни харид қилиш учун квоталар тақдим этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида ушбу қарорда кўрсатиб ўтилган нормаларни назарда тутсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

           Президенти                                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2019 йил 23 август


14 195
ЎзА