Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 21:04 Чоп этиш версияси

Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспорт қилинадиган янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларнинг (кейинги ўринларда мева-сабзавот маҳсулотлари деб юритилади) ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароит яратиш, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларининг жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш мақсадида:

1. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин:

а) хўжалик юритувчи субъектларга экспорт контракти (шартномаси) тузмасдан қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга ошириш ҳуқуқини бериш:

етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги;

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли тижорат банкларидаги ҳисобварақларга Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан хорижий валютада, шу жумладан банк ўтказмалари, халқаро банк карталари орқали тўловлар, шунингдек, тижорат банкларининг айирбошлаш шохобчаларида сотиб олинган миллий валютадаги нақд пул маблағларини киритиш шаклида 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш;

Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига экспортга етказиб бериш ҳақидаги маълумотларни киритиш;

б) экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг фактура қийматига уларни сақлашда, ташишда ва сотишда қонун ҳужжатларида белгиланган табиий йўқотиш нормативлари доирасида тузатишлар киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотиш нормативлари ва уларнинг фактура қийматига тузатишлар киритиш тартибини белгилайдиган Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб:

юридик шахслар томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари кейинчалик экспорт қилиш учун жисмоний шахслардан сотиб олинганда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан сотилган маҳсулотлар уларга ёки уларнинг оила аъзоларига ажратилган ер участкаларида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилмасдан қўлланилади;

экспорт қилувчида олдинги экспортга етказиб бериш бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлганда, товарларни чиқариш фақат муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган чет эл харидорига рухсат этилмайди;

мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига юк божхона декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК билан биргаликда 2017 йил 15 ноябрга қадар муддатда мазкур қарорнинг 1-банди талабларини ҳисобга олган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимини такомиллаштирилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси ва экспорти соҳасидаги халқаро шартномаларини инвентаризациядан ўтказишни;

амалдаги импорт божхона божлари, акциз солиғи ва йиғимлар ставкаларини, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, ташиш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларининг потенциал импорт қилувчи хорижий мамлакатларда сотишда санитария норма ва қоидаларини танқидий ўрганишни таъминласин.

5. Ташқи савдо вазирлиги инвентаризация ва танқидий ўрганиш якунлари бўйича 2017 йил 1 декабрга қадар муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг мева-сабзавот маҳсулотларининг савдоси ва экспорти соҳасида янги халқаро шартномалар тузиш ҳамда амалдагиларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни;

амалдаги норматив ҳужжатлар, санитария норма ва қоидалари, фитосанитария талабларини халқаро стандартлар, шунингдек, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларининг потенциал импорт қилувчи хорижий мамлакатлар талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. “Ўзстандарт” агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йигирма кун муддатда республикада халқаро стандартларни, шу жумладан “ISO 22000”, “Ҳалол” стандартларини жорий этиш ва кейинчалик қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикасида берилган мувофиқлик сертификатларини маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини асосий истеъмол қилувчи давлатларда, шу жумладан икки томонлама ва кўп томонлама битимларни тузиш, шунингдек, лабораторияларни модернизация қилиш орқали тан олинишини таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда экспорт қилувчи томонидан зарур ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан кўпи билан бир иш куни давомида мева-сабзавот ҳамда тез бузиладиган маҳсулотларнинг экспорти учун сертификатлар беришни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК:

мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб беришнинг асосий номенклатураси бўйича ташқи бозорларнинг жорий ва истиқболдаги конъюнктураларини доимий асосда чуқур ўрганишни;

мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш ҳамда тури ва навига боғлиқ ҳолда маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабни аниқлаш ҳисобига уларнинг номенклатурасини кенгайтиришни таъминласин.

9. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ҳақиқий эҳтиёж ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини ташиш йўналишларини чуқур ўрганиш асосида Мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаш, сақлаш ва ташиш бўйича логистика марказларини ташкил этиш дастурини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, лойиҳаларнинг аниқ рўйхати белгилансин, марказларни оптимал ва оқилона жойлаштириш, уларни ташкил этиш муддатлари, халқаро ва хорижий молия институтларининг маблағлари билан бирга чет эл инвестицияларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилсин.

10. Божхона тартиб-таомиллари ва экспорт-импорт операцияларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда ишчи гуруҳ деб юритилади) иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳ 2018 йил 1 февралга қадар муддатда божхона тартиб-таомиллари ва экспорт-импорт операцияларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Тижорат банкларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар ва тайёрлов ташкилотларининг депозит ҳисобварақларидан уларнинг буюртмалари бўйича мева-сабзавот маҳсулотлари сотиб олиш учун нақд пул маблағлари беришни таъминлаш тавсия этилсин.

12. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК импорт ва экспорт қилувчилар учун, шу жумладан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, уларнинг нави ва нархлари, шунингдек, чет эл харидорлари томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олишга бўлган талаблар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона ахборот порталини юритишни таъминласин.

13. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ўн кун муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С.Отажонов икки кун муддатда мазкур қарор талаблари бажарилишининг бориши устидан таъсирчан назорат қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг тасдиқланган параметрларига эришишни тизимли мониторинг қилиш ҳамда аниқланган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишни таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ва мутахассисларидан махсус гуруҳни шакллантирсин, зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор қабул қилиш учун асослантирилган таклифларни киритсин.

15. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров, Н.С.Отажонов ва З.Т.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг раиси М.Б.Нурмуратов, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК раиси Т.А.Жалилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 6 ноябрь


* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига 
ШАРҲ

Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва бюджетга молиявий тушумларни ошириш кўпинча мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни (кейинги ўринларда мева-сабзавот маҳсулотлари деб юритилади) маҳаллий экспорт қилувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилганлигига боғлиқ бўлади.

Замонавий бозор механизмларини жорий этиш ва қатор товарларни экспорт қилиш тартибини соддалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигига қарамасдан, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан хўжалик юритувчи субъектларнинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиши тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, жисмоний шахслар томонидан уларнинг ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш назарда тутилди.

Хусусан, бугунги кунда экспортга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг 90 фоизидан ортиғи кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан ёрдамчи хўжаликларда, шу жумладан томорқа участкаларида етиштирилмоқда. Мазкур ишлаб чиқарувчилар чет эл харидорлари билан шартномалар тузиш ва рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиши лозимлиги сабабли маҳсулотларини мустақил равишда экспорт қилиш имкониятига эга эмас.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Давлат раҳбарининг қарори билан тадбиркорлик субъектларига экспорт контракти тузмасдан уларнинг тўлови ва етказиб берилиши бўйича шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди, бу халқаро амалиётга мувофиқдир.

Қарор билан божхона органлари томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотиш нормативини ҳисобга олиш тартиби мавжуд эмаслиги билан боғлиқ бошқа муаммоли масала ўз ечимини топди. Ҳисобга олинмаган табиий йўқотиш асоссиз дебитор қарздорлик юзага келишига, тегишлича, келиб тушмаган валюта маблағларининг 70 фоизига қадар миқдорда жарима қўлланилишига олиб келган.

Бундан келиб чиққан ҳолда, қисқа муддатда экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотишда табиий йўқотиш нормативлари, шунингдек, уларнинг фактура қийматига тузатишлар киритиш тартибини белгилаш топширилди.

Кейинчалик экспорт қилиш учун фуқаролардан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча қулай шарт-шароитлар назарда тутилди.

Хусусан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар келгусида жисмоний шахслар томонидан маҳсулотларнинг етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилмасдан қўлланилиши белгиланмоқда. Агар экспорт қилувчида олдин амалга оширилган экспортга етказиб бериш бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлса, фақат муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйган чет эл харидорига товарларни чиқариш рухсат этилмайди.

Шу билан бир қаторда, қарор билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига божхона юк декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга ошириладиган тартиб жорий этилди.

Мева-сабзавот ва тез бузиладиган маҳсулотларнинг экспорти учун зарур бўлган сертификат бериш муддати экспорт қилувчи томонидан ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан бошлаб бир иш кунига қадар қисқартирилди.

Амалдаги импорт божхона божлари, акциз солиғи ва йиғимлар ставкалари, шунингдек, хорижий мамлакатлардаги санитария нормаларини танқидий ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси мева-сабзавот маҳсулотларининг савдоси ва экспорти соҳасидаги халқаро шартномалари инвентаризациядан ўтказилади. Унинг якунлари бўйича янги халқаро шартномалар тузиш ва амалдагиларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Шунингдек, Давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасида берилган мувофиқлик сертификатларининг маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотлари асосий истеъмол қилинадиган давлатларда тан олиниши, шунингдек, лабораториялар модернизация қилинишини таъминлаш чораларини кўриш топширилган. Мазкур топшириқнинг амалга оширилиши маҳаллий етказиб берувчилар хорижий бозорларда уларнинг маҳсулотлари мева-сабзавот маҳсулотларини потенциал импорт қилувчи кўпгина мамлакатлар стандартлари, санитария ва фитосанитария талабларига мувофиқ келмаслиги билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш имконини беради.

Қарорда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш соҳасида инфратузилмаларни яратиш ва замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу мақсадда ҳақиқий эҳтиёж ҳамда халқаро ва хорижий молия институтларининг чет эл инвестициялари ҳисобига мева-сабзавот маҳсулотларини ташиш йўналишларини ўрганиш асосида мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаш, сақлаш ва ташиш бўйича логистика марказлари ташкил этилади.

Ҳозирги вақтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етиштирган маҳсулотлари, уларнинг нави ва нархлари, шунингдек, чет эл харидорлари томонидан уларни сотиб олиш учун буюртмалари тўғрисидаги фойдаланилаётган тарқоқ ахборот базалари импорт ва экспорт қилувчилар учун ягона порталга бирлаштирилади.

Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини ривожлантириш бўйича қайд этилган чора-тадбирлар билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ишчи гуруҳ ташкил этилди ва унга 2018 йил 1 февралга қадар миллий божхона тартиб-таомиллари ва экспорт-импорт операцияларини халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича қўшимча таклифлар тайёрлаш ва Ҳукуматга киритиш вазифаси юклатилди.

Мазкур қарор ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иш шароитларини яхшилаш имконини беради.


6 469






Все о погоде - Pogoda.uz