ЎзА Ўзбек

05.10.2019 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и

Аҳолини жамоат ва давлат ишларини бошқаришга фаол жалб этиш фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва юридик саводхонлигини ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, тегишли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда самарали қарорлар қабул қилишнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.

Шу билан бирга, мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг жадал суръатлари жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирок этишларидаги ролини ошириш, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари ва нормаларини инобатга олган ҳолда ушбу йўналишдаги уларнинг фаолиятини авж олдириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда.

Жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш асосида бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қуйидаги тартибни ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин, унга мувофиқ ишлаб чиқувчи-ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади, бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунини қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин, бунда, шу жумладан, қуйидагилар назарда тутилсин:

халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш;

жамоатчилик назорати шаклларини амалга ошириш механизмларини батафсил регламентация қилиш, уларни амалиётда самарали қўллаш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти, тегишли соҳалардаги ишларнинг ҳолатини яхшилашда уларнинг роли ва самарали иштироки масалалари.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (Р.С.Қосимов) икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва молиялаштиришни кўзда тутувчи қарори лойиҳасини киритсин, унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилсин:

институт томонидан ҳар йили Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва уни ривожлантириш тенденциялари тўғрисидаги маърузани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг кўриб чиқиши учун киритиш ва шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериш;

институт томонидан фуқаролик жамияти ривожланишини, жамият институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантиришга, шу жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш доирасида қўшган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

4. 2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилсин.

2020 йил 1 январдан бошлаб фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгилансин.

5. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилсин.

Молия вазирлиги бир ой муддатда мазкур банднинг талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Белгилансинки, республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, улар фаолиятини молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, ушбу орган ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан мажбурий тартибда уларнинг веб-сайтлари яратилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда:

давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тақдим этсин;

Интернет тармоғида республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг веб-сайтлари мавжудлиги ва фаолият юритишини инвентаризациядан ўтказсин.

Инвентаризация натижалари веб-сайтларга нисбатан янги талабларни инобатга олган ҳолда кейинчалик давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги веб-сайтларини яратиш ва амалдагиларини модернизация қилиш бўйича чоралар кўриш учун икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилсин.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston” телеканалида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни кенг кўламда тушунтириш ва тарғиб қилишга, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун олимлар, социологлар, тадқиқотчилар, экспертлар, жамоат арбоблари, хотин-қизлар, ёшлар ва фуқаролар иштирокида доимий фаолият юритувчи “мунозара майдончаси”ни ташкил этишга қаратилган телекўрсатувлар туркумини тайёрлаш ва намойиш этишни назарда тутувчи “Jamoatchilik fikri” таҳририятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, “Jamoatchilik fikri” таҳририятини молиялаштириш Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан телерадиокомпанияга ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси икки ҳафта муддатда марказий давлат телеканалларида мамлакатнинг социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётига оид энг муҳим масалаларни муҳокама қилиш мақсадида доимий асосда махсус телекўрсатувлар (жамоатчилик мунозаралари) ташкил этилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва шаклланган миллий ҳуқуқни қўллаш амалиёти асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликни кодлаштириш ва тизимлаштириш унинг асосий вазифаси этиб белгилансин.

Ишчи гуруҳ 2020 йил 1 февралга қадар манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган Ўзбекистон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини мунтазам равишда ташкил этсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши (А.Х.Саидов) икки
ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишилган қуйидаги лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тўғрисидаги низом;

Давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг халқаро стандартларини республикада жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси.

11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини ёритиш юзасидан мақолалар ва мавзуга оид кўрсатувлар ташкил этиш тавсия қилинсин.

12. Мазкур қарорни амалга ошириш бўйича батафсил амалий чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари барча чора-тадбирлар белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли бажарилишини таъминласинлар.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–2085-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Фуқаролик жамияти институтлари фаолияти соҳасида қонунчиликнинг ҳаволаки нормаларини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш режасини;

қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 4 октябрь


14 186
ЎзА