Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 21:03 Чоп этиш версияси

Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида:

1. Қуйидагилар маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш;

жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш;

ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва фуқаролар йиғинларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб аталади) юридик шахс мақомини берган ҳолда уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларни (кейинги ўринларда ҳудудий кенгашлар деб аталади) Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига тегишинча Республика кенгаши, ҳудудий кенгашларга жамоатчилик асосида раислик қилиш вазифасини юклаш;

Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг (кейинги ўринларда “Маҳалла” фонди деб аталади) тегишинча республика бошқаруви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туманлар ва шаҳарлар бўлинмаларига раислик қилишлари;

Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимларини жорий этиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини киритиш.

3. Қуйидагилар:

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ижро аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар ижро аппаратларининг намунавий тузилмалари 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар ижро аппаратлари ходимларининг чекланган сонига нисбатан тоифаланган ҳудудлар, туманлар ва шаҳарлар рўйхатлари 5 ва 6-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юклансин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари, Республика кенгаши, “Маҳалла” фонди ва маҳаллалар фаолларининг таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

“Маҳалла” фонди ва фуқаролар йиғинларининг таклифига биноан Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар ижро аппаратлари “Маҳалла” фондининг тегишинча республика бошқаруви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туманлар ва шаҳарлар бўлинмалари, шунингдек шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларининг қайта ташкил этилиши муносабати билан бўшайдиган штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади;

Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар ижро аппаратларининг штатдаги ходимларини таъминлаш ва моддий рағбатлантириш “Маҳалла” фонди ҳисобидан амалга оширилади, ушбу мақсадларга йўналтириладиган маблағларнинг етмаган қисми эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчиларининг меҳнатини рағбатлантириш тўғрисида”ги 1997 йил 13 майдаги ПФ-1778-сонли Фармонининг меҳнат ҳақи бўйича Ягона тариф сеткаси разрядларига мувофиқ рағбатлантириш коэффициенти сифатида маошларга 20 фоизли устама ҳақ ўрнатилишини назарда тутадиган 1-бандининг амал қилиши Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар ижро аппаратлари ходимларига нисбатан қўлланилади;

Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари лавозимларида ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўла миқдорда тўлаш, бунда пенсияларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан қоплаш тартиби жорий этилади;

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари мақоми, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизматидан фойдаланиш борасидаги шарт-шароитларига кўра – вазирга, Республика кенгаши раисининг ўринбосари – вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

7. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли вазифаларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига тақдим этиладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика кенгаши, “Маҳалла” фонди:

2018 йилнинг 1 декабригача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини, 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш;

“Маҳалла маркази” мажмуаларида ҳудудий кенгашлар ҳамда “Маҳалла” фондининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туманлар ва шаҳарлар бўлинмаларини жойлаштириш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Маҳалла” фонди, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.С.Исмоилов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи О.Б.Муродов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.Мирзиёев


Тошкент шаҳри, 2017 йил 3 февраль



* * *


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла 
институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари 
тўғрисида”ги Фармонига

ШАРҲ

Юртимизда азал-азалдан маҳалла тарбия ўчоғи ҳисобланади. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимиз, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзини кўз қорачиғидек асраб-авайлашда унинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Мустақиллик йилларида маҳалла институтининг нуфузини ошириш нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий, тарбиявий ва улкан маънавий аҳамиятга эга бўлган устувор вазифа сифатида белгиланиб, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда унинг ишончли таянч ва таъсирчан куч бўлиб хизмат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилди.

Хусусан, миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор шаҳарча, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг ҳудудий бирликлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди. Юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият ҳаётининг муайян соҳасидаги иштироки ўз аксини топди.

Биргина сўнгги беш йилда янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, маҳаллалар ҳамда улардаги жамоатчилик тузилмалари фаолиятига оид 20 га яқин низом қабул қилиниб, ижтимоий ҳаётга татбиқ этилди. Шунингдек, тизимда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ҳамда “Маҳалла” маърифий телерадиоканали ташкил этилди.

Ҳозирги кунда юртимизда 10 мингга яқин фуқаролар йиғинлари томонидан илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тааллуқли бўлган 30 дан зиёд ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик вазифалар муваффақиятли бажариб келинмоқда.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида охирги беш йил мобайнида фуқаролар йиғинларининг 1600 га яқин хизмат бинолари жорий, 367 таси капитал таъмирланди ва 350 дан зиёди реконструкция қилинди, намунавий лойиҳалар асосида 216 та бино янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Амалга оширилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар натижасида маҳалла ноёб, дунёда ўхшаши бўлмаган тузилмага айланди, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам замин яратилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг замонавий талаблари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди.

Хусусан, Фармонда маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш;

жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш;

ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақомини берган ҳолда уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда тузилган кенгашларни эса Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этиш белгиланди.

Кенгашларнинг нуфузи ва мақомини ошириш, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлари эътиборига етказиш ва мазкур масалаларни ҳал этиш бўйича уларнинг бевосита иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига тегишинча Республика кенгаши, ҳудудий кенгашларга жамоатчилик асосида раислик қилиш вазифаси юклатилди.

Кенгашлар зиммасига юклатилган вазифалар ижросини самарали таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий дастурларни молиялаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида “Маҳалла” фондининг тегишинча республика бошқаруви ҳамда ҳудудий бўлим ва бўлинмаларига раислик қилишлари ҳақидаги ташаббус қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Фармонда ёшларни она Ватанга муҳаббат, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида жойларда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида эса жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш назарда тутилди.

Бундан ташқари, ижтимоий муҳим масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида кенгашлар коллегиал органлари таркибига тегишинча давлат ҳокимияти вакиллик органлари вакиллари, молия, ички ишлар, меҳнат, халқ таълими, соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбар ходимларини киритиш мўлжалланмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини Кенгаши таркибига фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарларини (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларини), ҳудуддаги профилактика инспекторларини, таълим муассасалари ва қишлоқ врачлик пунктлари (оилавий поликлиникалар) раҳбарларини киритиш ва уларнинг ўз фаолияти юзасидан йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)га ҳисобот тақдим қилишлари амалиётини жорий этиш белгилаб қўйилди.

Қайд этилган асосий вазифалар ва янги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш учун Фармон билан кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш борасида 37 та аниқ тадбирларни амалга оширишни назарда тутадиган Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Фармонни ижро этиш доирасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Шунингдек, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар зиммасига фуқаролар йиғинларининг бандликка кўмаклашувчи туман (шаҳар) марказлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ҳамда молия ва соғлиқни сақлаш органлари билан ўзаро ҳамкорлигини назарда тутадиган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш бўйича мустақиллигини таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш тизимида ортиқча бўғинлардан воз кечиш мақсадида таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, 2018 йилнинг 1 декабрига қадар туманлар ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини намунавий лойиҳалар асосида барпо этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шу билан бирга, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг зиммасига юклатилган вазифаларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига тақдим этиладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш назарда тутилмоқда.

Фармонда ҳамда у билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасидаги вазифаларни самарали бажариш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

27 277






Все о погоде - Pogoda.uz