Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 21:04 Чоп этиш версияси

Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сон Фармонини ижро этиш, шунингдек, республикага туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Виза режимини янада соддалаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;

Кириш туризмини янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;

Туризмни ривожлантириш масалаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришни таъминлаш бўйича масъуллар бириктириладиган мамлакатлар ва ҳудудлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2018 йил 1 майдан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш жорий этилсин, бунда уларда учинчи мамлакатга авиачипта ва виза (зарурат бўлганда) мавжуд бўлиши ҳамда консуллик йиғимларини тўлаш талаби, шунингдек, тасдиқланган туризм дастурлари бўйича танишув турлари учун уларнинг аэропорт чегара ҳудудидан ташқарига қисқа муддатли назорат қилинадиган чиқиши тартиби назарда тутилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу бандни амалга ошириш бўйича, шу жумладан, фуқаролари келишлари билан қисқа муддатли кириш визалари бериладиган мамлакатлар рўйхатини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин, унга оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида Ислом дини ва бошқа жаҳон динларининг маданий-тарихий ва илмий-теологик маркази сифатида ахборот материалларини тарғиб қилиш ва тарқатиш юклансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун:

устувор мамлакатлар ва ҳудудлардан Ўзбекистон Республикасига туристлар оқимини кўпайтириш бўйича “йўл хариталари”ни;

Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини киритсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини намойиш этадиган зарур ахборот материаллари билан таъминласин, шунингдек, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига жойлашган мамлакатида «Ўзбекистон» туризм брендини тарғиб қилишга бағишланган тадбирларни ўтказиш учун бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маблағлар ажратсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда хорижий туристларни жалб қилиш прогнозини ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимларини жойлашган мамлакатдан туристлар оқимини кўпайтирганлик учун бюджет маблағлари ҳисобидан мукофотлаш, шунингдек, республикага туристлар оқимини ошириш бўйича юкланган вазифаларни лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгарлик чораларини қўллаш тартибини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда хорижий туристларни жалб қилиш прогнозини тасдиқлаш ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг хориждаги ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимларини жойлашган мамлакатидан туристлар оқимини кўпайтирганлик учун ўз маблағлари ҳисобидан мукофотлаш, юкланган вазифаларнинг бажарилиши таъминланмаган ҳолатларда эса, жавобгарлик чораларини қўллаш тизимини жорий этиш тавсия этилсин.

7. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга қатновлар рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида халқаро қатновлар учун авиачипталарни таннархидан паст нархларда сотиш ҳуқуқи берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК билан биргаликда икки ой муддатда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг солиқ солинадиган базасини арзонлаштирилган нархлар бўйича сотилган авиачипталар суммасига камайтириш механизмини жорий этсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

2018 йил 1 мартгача туристларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун ягона қисқа умумреспублика телефон рақамига эга бўлган Call-марказнинг фаолияти аутсорсинг шартларида ташкил этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Call-марказга мурожаат қилган туристларга тезкор ёрдам кўрсатиш масалаларида идоралараро ўзаро ҳамкорликни таъминласин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Саll-маркази фаолият юритиши билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

9. Белгилансинки:

туристлар учун йўналишни мўлжалга олишни енгиллаштириш мақсадида чет тилларидаги (инглиз, рус ва бошқа тилларда) кўрсаткичларни ўрнатиш ташаббуси билан чиққан хўжалик юритувчи субъектларга ушбу кўрсаткичларда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар (хизматлар ва ишлар)нинг рекламасини жойлаштириш ҳуқуқи берилади, бунда реклама соҳасига оид қонунчилик талабларига риоя қилиниши таъминланган ҳолда жойлаштирилаётган рекламанинг умумий майдони кўрсаткич майдонининг 40 фоизидан кўп бўлмаслиги лозим;

туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади, рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ҳамда барча турдаги суратга олишлар тақиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектлар бундан мустасно.

10. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлиги ҳар чоракда ва йил якунларига кўра республиканинг туризм имкониятлари ва салоҳияти, унинг тарихий шахслари, тарихи, маданияти, анъаналари, спорти тўғрисидаги энг яхши видео, фото ва аудиоматериалларни аниқлаш бўйича танловни ташкил қилиш ва ўтказиш орқали маҳаллий ва чет эллик ғолибларни аниқлаган ҳолда тегишлича бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, бюджетдан ташқари Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича жамғарма ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобига тақдирлашни таъминласин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда 2018 йилдан бошлаб ҳар йили даромадлар прогнози ортиғи билан бажарилган маблағлар ва бошқа бюджетдан ташқари манбаларнинг маблағлари ҳисобига халқаро туризм кўргазмалари ва ярмаркаларида иштирок этиш, кейинчалик чет эл жамоатчилиги орасида тарқатиш мақсадида тегишли ахборот материалларини тайёрлаш ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида реклама кампанияларини ишга солиш орқали ҳудудларнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун маблағлар ажратсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда олтин буюмлар ҳамда белгиланган тартибда тайёрланган ўлчовли ёмбилар хорижий туристлар томонидан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши тартибининг соддалаштирилишини назарда тутадиган Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ой муддатда:

Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» миллий агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбеккино» миллий агентлигининг буюртманомаларига кўра хорижий ижодий гуруҳларга республиканинг туризм салоҳияти тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун рухсатномаларни бериш тартибини кўзда тутадиган Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида “Қарши” халқаро аэропортини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг таркибидан чиқариб, халқаро аэропортларни бошқариш бўйича махсус компания бошқарувига бериш, аэропорт ҳудудида “Очиқ осмон” режимини, шу жумладан, лоукостер авиакомпанияларини жалб қилган ҳолда жорий қилишни назарда тутувчи “Қарши” халқаро аэропортини ривожлантириш концепциясини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3217-сон қарори билан ташкил этилган Хорижлик туристлар, жумладан, зиёрат қилиш мақсадида келаётган туристлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартиботларини босқичма-босқич соддалаштиришга доир таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳга ҳар чоракда тегишли маълумотлар киритган ҳолда ушбу қарор билан тасдиқланган Виза режимини янада соддалаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасининг амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:

ушбу қарор билан тасдиқланган Кириш туризмини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб борилишини;

мониторинг якунига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3217-сон қарори билан ташкил этилган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга режалаштирилган чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли қарорларни қабул қилиш учун ҳар чоракда таклифлар киритиб борилишини таъминласин.

16. Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Арипов):

ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан доимий ва тизимли назорат ташкил этилишини;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари – масъул ижрочиларнинг ушбу қарор билан тасдиқланган Кириш туризмини янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасининг сўзсиз бажарилиши юзасидан улар томонидан кўрилаётган амалий чораларнинг ҳар чоракда эшитилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 6 февраль


33 196