ЎзА Ўзбек

11.10.2018 23:55 Чоп этиш версияси

Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3939-сон қарорига асосан жойларда тадбиркорлик ва инвестиция фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича комиссия ва ҳудудий гуруҳларнинг фаолияти натижалари бўш турган давлат мулки объектларини сотиш ва ер участкаларини беришда тадбиркорлик ва инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор ортиқча бюрократик тартиботлар ва қийинчиликларни бартараф этиш бўйича қўшимча чоралар кўриш заруриятини кўрсатди.

Республика ҳудудларида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотишни жадаллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат рақобат қўмитаси), Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – “Давергеодезкадастр” қўмитаси), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига қуйидаги ҳуқуқларни беришни назарда тутувчи давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент (кейинги ўринларда – эксперимент) ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:

а) ўз ваколати доирасида (жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгаши қарорларига асосан), бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини (мазкур Фармоннинг 4-бандида кўрсатилган объектлар бундан мустасно) уларни баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда ўрнатилган тартибда сотиш;

б) ўз ваколатлари доирасида инвестиявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш. Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг мазкур масаладаги қарорлари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларида кўриб чиқилиши ҳамда тасдиқланиши лозим;

в) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш учун ер участкаларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоят ҳокимликларининг молия бош бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг тавсияларига асосан, ҳар бир туман бўйича бўш ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг (0,01 га майдони учун) бошланғич баҳосини ҳар чоракда тасдиқлаш;

г) уч йилдан ортиқ муддат давомида тупроқ бонитировкаси ишлари олиб борилмаган уч гектаргача бўлган майдонга эга ер участкаларида тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобига тупроқ бонитировкаси ишлари буюртмачиси бўлиш;

д) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали суғорилмайдиган ерлар тоифасига кирадиган ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда 50 йил муддатга сотиш;

е) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудлардаги ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини уларнинг тоифаларидан қатъи назар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича йўлбўйи ва туристик инфратузилма объектларини ташкил этиш учун сотиш. Бунда, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасига кирувчи ер участкалари кўрсатилган мақсадлар учун фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги ПҚ-3939-сон қарорига биноан ташкил этилган Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича комиссия билан келишилган ҳолда берилади;

ж) ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат тартибини сақлаш кучларининг уч сменали режимдаги патрулини таъминлаш орқали, шунингдек, мазкур зоналарда сайёҳлар учун дам олишни ташкил этиш дастурларини тасдиқлаган ҳолда Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолиятини тунги вақтда чеклашга йўл қўйилмайдиган зоналарни аниқлаш.

2. Белгилансинки, эксперимент доирасида:

давлат кўчмас мулк объектлари учун хусусийлаштириш комиссияси ишининг умумий муддати у ташкил этилган пайтдан бошлаб йигирма кундан ошмаслиги лозим;

давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали сотишда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг миқдори ва турлари давлат мулки объектларини сотиш бўйича танлов ўтказишда қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибни ўхшашлик бўйича қўллаш асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан белгиланади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларининг қарорларига асосан сотиладиган давлат мулки объектларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш назорати инспекцияси томонидан давлат объектларини сотишга тайёрлашда хулосалар берилиши Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади;

давлат кўчмас мулк объекти бўйича олди-сотди шартномаларини тузиш савдо натижалари (музокаралари) бўйича баённома имзолангандан сўнг ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади;

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери давлат кўчмас мулк объекти бўйича сотиб олиш тўловлари ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тушган кундан бошлаб беш кун ичида, тасарруф этиш ҳуқуқи эса, харидорга инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ бажарилган (инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар билан сотилган тақдирда) деб топилган ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тўланган кундан бошлаб берилади;

балансда сақловчи сотилган давлат кўчмас мулк объекти бўйича олди-сотди шартномаси харидор томонидан тақдим этилган кундан бошлаб беш кун ичида қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилишини ва сотилган давлат кўчмас мулк объектининг харидорга топширилишини таъминлаши шарт;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг қишлоқ хўжалиги экин ерлари таркибига кирмайдиган, фойдаланилмасдан турган ер участкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарорларига асосан инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг ер участкалари ўлчами ва чегараларини уларнинг раҳбарлари розилигисиз ўзгартирган ҳолда олиб қўйилиши мумкин.

3. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан қуйидаги тўловларни амалга ошириш талаблари бекор қилинсин:

давлат мулки объектларини хусусийлаштиришга буюртманома берганлик учун Давлат рақобат қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида тўланадиган йиғим;

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини берганлик учун давлат божи.

4. Белгилансинки, қуйидаги давлат кўчмас мулк объектлари тадбиркорлик субъектларига фақат давлат-хусусий шериклик асосида, тегишли вазирлик ёки идора давлат шериги сифатида иштирок этган ҳолда берилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари):

таълим, шу жумладан, мактабгача таълим муассасалари;

соғлиқни сақлаш ва спорт объектлари;

маданият объектлари, шу жумладан, кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари.

Бунда, мазкур банд талаблари фаолият йўналиши бўйича фойдаланилмаётган, тегишли вазирлик ёки идоралар томонидан давлат-хусусий шериклик ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларига татбиқ қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Мактабгача таълим вазирлиги (А.Шин), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев) ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги (Ф.Зокиров) бир ой муддатда мазкур Фармонга асосан сотиш учун фаолият йўналиши бўйича фойдаланилмаётган, давлат-хусусий шериклик ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган давлат мулки объектлари рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига тақдим этсин.

5. Вазирлик, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари:

а) хатлов натижасида аниқланган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари улуши устун мавқега эга бўлган ташкилотлар (шу жумладан, устав капиталининг 50 фоиздан ортиғи 50 фоиздан ортиқ миқдорда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар)нинг фаолиятига мос бўлмаган ва фойдаланилмаётган бўш турган кўчмас мулк объектларидан қуйидагича самарали фойдаланиш чораларини кўрсин:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари, шунингдек, ташкилотларни ривожлантириш стратегиясига асосан объектлар негизида қисқа муддатли ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган объектлар рўйхатини тасдиқлаш;

икки ой муддатда устав капиталида давлатнинг ёки хўжалик бошқаруви органларининг улушларини сотиш бўйича тегишли қарор мавжуд бўлишидан қатъи назар, ўтказилган хатлов натижасида аниқланган фаолиятига мос бўлмаган ва фойдаланилмаётган бўш турган кўчмас мулк объектларини, зарурат бўлганда 10 йилгача муддатга бўлиб тўлаш имкониятини кўзда тутган ҳолда савдоларга чиқариш;

бир ой муддатда фойдаланилмаётган ерлар ва фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонларини уларнинг негизида кичик саноат зоналарини барпо этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш;

б) объектни ўз балансида сақловчи юқори ташкилот томонидан тасдиқланган, фойдаланиш бўйича тегишли “йўл харитаси” бўлмаган бўш ётган объект сотилишини рад этишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабни эътиборга олган ҳолда, бўш ётган объектларни сотиш бўйича (мазкур Фармоннинг 4-бандида кўрсатилган объектлар бундан мустасно) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сўровномалари Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминласин.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича комиссия (М.Оллоёров) ва ҳудудий гуруҳлар Давлат рақобат қўмитаси, вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда мазкур банд ижросининг сўзсиз бажарилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган, суд қарорларига мувофиқ давлат даромадига ўтказилган нотурар жойларни, келгусида уларни мазкур Фармон талабларига мувофиқ сотиш учун туман (шаҳар) ҳокимликларига белгиланган тартибда бепул ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

7. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг аввалги қарорларига асосан савдоларга чиқарилган давлат мулки объектлари:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари (Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари) томонидан ўз ваколатлари доирасида аниқланган кўчмас мулк объектлари инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда – 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда;

бошқа кўчмас мулк объектлари бўйича – қайта баҳолатмасдан, уларни ўтказиш кунидаги савдоларда шаклланган нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига ўтказилади ва савдога чиқарилади.

8. Вазирлар Маҳкамаси (С.Холмуродов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг инвесторлар аризаларига асосан давлат мулки объектларини сотиш тўғрисидаги таклифларини тезкорлик билан, заруратга кўра хусусийлаштириш дастурларига киритмасдан улар бўйича индивидуал қарорлар қабул қилиш орқали кўриб чиқилишини таъминласин.

9. Белгилансинки:

“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари ҳамда ушлаб қолинган закалат суммаси, аукцион ташкил этиш хизматлари тўлови ва ер участкаларини танлаш материалларини тайёрлаш қийматини чегириб ташлаган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда тегишли маҳаллий бюджетларнинг махсус ғазна ҳисобрақамларига уларнинг қўшимча манбалари сифатида ўтказилади ва ушбу пул маблағлари фақатгина ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, шунингдек, давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга йўналтирилади;

қонунчиликда назарда тутилган асослар билан бир қаторда, агарда аризаларни қабул қилиш муддати якунига қадар фақат битта ариза келиб тушган бўлса, “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасидаги давлат кўчмас мулк объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқни сотиш бўйича аукцион бўлиб ўтмаган деб эътироф этилади;

кичик саноат зонаси ҳудудида ишлаб чиқариш майдончаларини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси, дирекция фаолиятини молиялаштириш манбаларига давлат мулкини ижарага бериш марказларига тегишли бўлган ижара тўлови маблағларини йўналтириш орқали, кичик саноат зонаси дирекцияси ва танлов ғолиби ўртасида тузилади.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда, ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашлари билан келишган ҳолда, ҳар бир аҳоли пункти кесимида (бош режа мавжуд бўлмаганда) 2018-2019 йилларда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган ер участкаларини жойлаштириш схемаларини тасдиқлаб олсин ва уни кейинчалик тегишли бош режаларда акс эттириш учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига тақдим этсин.

11. Иқтисодиёт вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодиёт ва тадбиркорликни, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш учун масъул бўлган ўринбосарлари билан биргаликда 2018 йил 15 декабрга қадар ишлаб чиқариш қувватларини устувор жойлаштириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фойдаланиш учун, мавжуд минерал-хомашё, ер, сув, қишлоқ хўжалиги ресурслари, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, ҳудудларнинг экологик ва бошқа шароитларини инобатга олган ҳолда, ҳар бир туманнинг тармоқ ихтисослашувини белгиласин.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига тегишли бюджетлар даромадлари прогнозининг ошириб бажарилиши суммаларини қуйидаги мақсадларда фойдаланишга рухсат этилсин:

а) йўлбўйи ва туристик инфратузилма объектларини, шу жумладан, меҳмонхоналарнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасини йиллик икки фоизга камайтирилганига тенг фоиз ставкасида тижорат банкларига ресурслар ажратиш орқали инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун қуйидаги йўналишларда кредит линияларини очиш:

меҳмонхоналар ва туристик инфратузилманинг бошқа объектларини қуриш;

тайёр маҳсулот ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришнинг, шунингдек, хизмат (иш) турларининг янги қувватларини ташкил қилиш;

маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларини, бошқа асосий фондларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш.

13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотлари билан музокаралар олиб борсин ва туризм соҳасидаги лойиҳаларни, устувор равишда меҳмонхоналар қуришни молиялаштириш бўйича имтиёзли кредит линияларини очиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (Б.Қудратхўжаев):

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида сотилаётган давлат мулки объектларини ва ер участкалари тўғрисидаги маълумотларни тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида кенг ёритиб борсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасини, унинг бир хилда ва сифатли ишлатилишини ҳамда фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида такомиллаштириш ва бизнес жараёнларини мақбуллаштириш чораларини кўрсин.

15. “Давергеодезкадастр” қўмитаси (А.Абдуллаев) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Содиқов), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (Б.Қудратхўжаев) ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда жойларда аниқланган камчиликларни инобатга олган ҳолда (бўш ер майдонларини муқобил мақсадни белгилашда, расмларни ва бошқа маълумотларни юклашда, географик координатларини аниқлашда ва бошқалар) “YER ELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштириш ва имкониятлари кенгайтирилишини таъминласин;

тегишли давлат идоралари ва бошқа идоралар ходимларини “YER ELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимида сифатли ишлаш кўникмаларини оширишга қаратилган қўлланмаларни ишлаб чиқиш орқали ўқитишни ташкил этсин;

бир ой муддатда ер участкасига бўлган ҳуқуқни сотишда белгиланган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг аукцион ғолиби томонидан бажарилиши ҳолати мониторингини амалга ошириш, шунингдек, бажарилган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимларига қуйидагилар учун жавобгарлик юклансин:

ўзларининг фаолиятида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ошкоралик ва холислик принципларига амал қилиб ҳамда аҳолининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўзларига юклатилган вазифа, функция ва ҳуқуқларни самарали ва сифатли амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ҳал этиш;

мазкур Фармоннинг амалга оширилишида жойлардаги маҳаллий ижро органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш;

эксперимент доирасида лойиҳанинг амалга оширилишида юзага келадиган давлат мажбуриятларини молиялаштириш манбаларини таъминлаш;

маданий мерос объектларини сақлаш ва атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш;

ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ва турли хил қонунни бузиш билан боғлиқ бўлган мурожаат ва шикоятларга тезкор жавоб бериш.

17. Қуйидагилар:

Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари раҳбарлари –фаолият юритмаётган ёки қурилиши тугалланмаган давлат объектларини пухта хатловдан ўтказиш, уларни аукцион орқали сотиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш, тадбиркорлик субъектларига сотилган объектларни ўз вақтида расмийлаштириш;

“Давергеодезкадастр” қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари раҳбарлари – фойдаланилмаётган ерларни пухта хатловдан ўтказиш, уларни аукцион орқали сотиш учун ҳужжатларни тайёрлаш, “YER ELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимининг узлуксиз ва тўғри ишлаши, шунингдек, тупроқ бонитировкаси ишларининг ишончлилиги, тўлиқлиги ва сифатлилигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар қурилиш бош бошқармалари, қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияларнинг раҳбарлари – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган ер участкаларининг жойлашиш схемасини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ҳудуднинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда сифатли тайёрлаш, тадбиркорлик субъектларининг шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этиши, қурилиш-монтаж ишлари сифатини таъминлаш;

Мажбурий ижро бюроси ҳузуридаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК раҳбарлари – электрон савдо тизимининг узлуксиз ва тўғри ишлаши, давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни савдога чиқариш;

ҳудудий танлов комиссиялари ва хусусийлаштириш бўйича комиссиялар раҳбарлари, шунингдек, уларнинг аъзолари – ўзлари вакиллик қилаётган давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларининг масъулиятига доир функцияларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши, шунингдек, бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимлари раҳбарлигида инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг миқдори ва турларини белгилашда шахсан жавобгарлиги белгилансин.

18. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектларига электрон рақамли имзо олинишини ва мазкур Фармонга мувофиқ ўтказиладиган савдоларда уларнинг фаол иштирок этишини таъминласин.

19. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

20. Белгилансинки, эксперимент 2019 йилнинг 1 апрелига қадар ўтказилади.

21. Давлат рақобат қўмитаси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси 2019 йилнинг 1 апрелига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига эксперимент ўтказиш натижалари бўйича умумлаштирилган маълумотларни қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар билан биргаликда киритсин.

22. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.





Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 11 октябрь

19 246