Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 13:09 Чоп этиш версияси

Жиззах вилояти ўлкашунослик музейи – ўтмиш ва бугун акс этган маскан

Жиззах вилояти ўлкашунослик музейида юртимизнинг қадим ўтмишидан гувоҳлик берувчи 22 минг 700 дан ортиқ экспонат сақланмоқда.

Музейда, айниқса, халқимизнинг миллий озодлик ҳаракатига бағишланган экспонат ва ҳужжатларга кенг ўрин берилган. Жумладан, 1916 йилги Жиззах қўзғолонига бағишланган кўргазма бу борада алоҳида ўрин тутади.

Музей жамоаси халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватанимиз тарихи, бой маданий меросимиз ҳақидаги билимини бойитиш, муассаса фаолиятини тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида музей ходимлари томонидан 500 дан ортиқ муассаса, ташкилот ва маҳаллада вилоят тарихи, маданияти, ўлкашунослик музейи фаолияти ҳақида суҳбатлар ўтказилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2016 йил 29 декабрдаги мажлиси баёни ҳамда Республика музейларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий ва эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди вилоят ўлкашунослик музейи илмий ходими Ш.Эшонқулова. – Жойларда ўтказилаётган суҳбат ва тарғибот тадбирларида ёшларни юртимиз тарихи билан кенг таништириш, уларда музейга қизиқиш уйғотишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда июнь-июль ойларида болалар оромгоҳларида кўчма кўргазмалар ташкил этилди.

Ушбу маънавият масканида ҳам таниқли ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Музей жамоаси Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, халқимизнинг содиқ фарзанди меросини ўрганиш, ёшларни унинг ҳаёти ва фаолияти билан кенг таништиришга хизмат қиладиган мемориал уй-музейини ташкил этиш ишларида фаол қатнашмоқда.

Вилоят ўлкашунослик музейининг Шароф Рашидовга бағишланган бўлимидаги кўплаб экспонатлар янги музейдан муносиб ўрин эгаллайди. Мемориал уй-музейи Шароф Рашидов нафақат ўта мураккаб йилларда республикамизни бошқарган доно раҳбар, балки миллий адабиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган улкан адиб экани ҳақида тўлиқ тасаввур берадиган муассаса бўлади.

Ушбу сана муносабати билан Жиззах шаҳрида халқимизнинг севимли шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейлари ҳам барпо этилаётгани вилоят маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Яқин кунларда Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Зулфия музейлари кўркам ва замонавий бинога кўчиб ўтади. Вилоят ўлкашунослик музейи жойлашган бино ва иншоотларни таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилиши билан муассасанинг тўлақонли фаолият юритиши учун барча шароит яратилади.

– Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тарихи, бетакрор табиати, у ердан етишиб чиққан таниқли шахслар билан аҳоли, айниқса, ёш авлодни кенг таништиришда музейлар муҳим аҳамият касб этади, – дейди Жиззах шаҳрининг Мустақиллик маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси С.Қобилов. – Жиззахнинг ҳам Ватанимиз тарихидаги ўрнини кўрсатувчи, унинг бой ўтмиши ҳақида ҳикоя қилувчи музейлар фаолиятини яхшилаш, янгиларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Бахмал, Жиззах, Зомин, Ғаллаорол туманларида вилоят ўлкашунослик музейи филиаллари ишлаб турибди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар самараси сифатида ушбу маънавият масканларига ташриф буюрувчилар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 257






Все о погоде - Pogoda.uz