ЎзА Ўзбек

12.09.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик санъаткорлар ўз маҳоратларини намойиш этади

Ўзбекистонлик санъаткорлар ўз маҳоратларини намойиш этади
Шу йилнинг 18 сентябрдан 26 сентябрга қадар Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг “ОPEN AIR. Silk road simfony” концерт дастурлари бўлиб ўтади.

Мазкур дастурлардан кўзланган мақсад – аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшларни миллий ва жаҳон санъатининг юксак намуналаридан баҳраманд қилиш, шу орқали уларни глобаллашиб бораётган “оммавий маданият” таъсиридан ҳимоялаш, юртимиз санъаткорларининг ютуқлари ҳамда имкониятларини кенг тарғиб этишдир.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Sothis Aegis” компанияси ҳамда кенг жамоатчилик таклифига биноан миллий ва жаҳон классик симфоник мусиқаси, қўшиқ ва ариялардан ташкил топган концерт дастурлари 18 сентябрь куни Гулистонда, 20 сентябрь – Жиззахда, 22 сентябрь – Самарқандда, 24 сентябрь – Навоийда ва 26 сентябрь куни Бухоро шаҳарларида ўтказилади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий веб-сайти (uza.uz)да кенг ёритилиши режалаштирилган. Тадбир билан боғлиқ тафсилотларни сайтимизда кузатиб боринг!

ЎзА
2 943