Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 16:20 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида бадиий кўргазма ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида бадиий кўргазма ташкил этилди Санъат инсонни эзгуликка чорловчи илоҳий куч. Ҳар бир ижодкор санъат намуналарини яратар экан, кишиларга ўз қизиқишлари ва ички дунёсидан сўзлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида «Анъаналар этади давом!» мавзуида ташкил этилган бадиий кўргазмадан ўрин олган миллий ҳунармандлик намуналари ана шундай асарлар сирасига киради. Ўзбекистон Бадиий академияси «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари томонидан яратилган ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, хаттотлик, наққошлик буюмлари, мусиқа асбоблари юксак дид ва маҳорат билан яратилганки, томошабинни ҳайратга солмай иложи йўқ.

– Аждодларимиздан қолган ана шундай мерос, урф-одатларимизни улуғлаш ҳамда мустақиллик йилларида эришган ютуқларимизни ёшлар орасида тарғиб қилиш уларнинг маънавий савияси юксалишига хизмат қилади, – дейди музей директори Мусаллим Нуриддинов. – Тадбирдан кўзланган мақсад, бу ерга келган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига эстетик завқ улашиш, ушбу санъат турларига бўлган қизиқишини уйғотишдир.

4.JPG

Мамлакатимизда халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада кўплаб истеъдод эгалари етишиб чиқмоқда. Улар ўз ижодий ишлари билан халқаро танлов ва кўргазмаларда иштирок этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси Раҳматилла Зокиров ҳам "Эътироф – 2017" кўрик-танловида "Йилнинг энг моҳир ҳунарманди" номинациясини қўлга киритди. Устанинг дутор, рубоб, ғижжак, танбур сингари кўплаб амалий ишлари мазкур кўргазмадан ўрин олган.

Кўргазмада намойиш этилаётган ҳунармандлар, усталар, рассомлар, айниқса, олий ҳарбий билим юртлари талабаларининг турли ижодий ишларида юрт манзаралари, табиат тасвири, ватанпарварлик, самимийлик, тантилик, меҳр-оқибат туйғулари етакчилик қилади.

Моҳигул Қосимова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
2 424






Все о погоде - Pogoda.uz