ЎзА Ўзбек

14.05.2019 18:49 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева оламдан ўтди ​

Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева оламдан ўтди ​

Ўзбекистон халқ артисти, актриса Яйра Абдуллаева 89 ёшида оламдан ўтди. 

Яйра Абдуллаева 1930 йилда Тошкентда туғилган. Ижодий фаолиятини 1944-1945 йилларда Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги хотин-қизлар ансамблида бошлаб, 1950 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 

1950 йилдан Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида ишлаб, Гулнор (“Қутлуғ қон”), Гулбаҳор (“Бой ила хизматчи”), Қорасоч (“Юлдузлар жамоли”), Элейн (“Қонли сароб”), Катерина (“Момақалдироқ”), Мильфордхоним (“Макр ва муҳаббат”), Хемнолини, Камола, Хеменкори (“Ганг дарёсининг қизи”), Марям (“Жазоир – менинг Ватаним”) каби ўнлаб рангбаранг образларни яратди. 

Яйра Абдуллаева “Бой ила хизматчи” фильмидаги Гулбаҳор роли билан 1953 йилдан бошлаб ўзбек кино санъатида ўз фаолиятини бошлади, бирин-кетин “Опа сингил Раҳмоновалар” (1954), “Стадионда учрашамиз” (1956), “Ҳамза” (1960), “Виждон амри билан” (1967) каби фильмларда суратга тущди. У кинода яратган Гулбаҳор, Дилдор, Раъно, Саодат ва бошқа образлар ёрқинлиги, жозибаси билан алоҳида диққатга сазовордир. Бу образлар талқинида ҳам актриса ижодининг ўзига ҳос муҳим индивидуал қирралари ярқ этиб кўзга ташланиб туради.

Санъаткорнинг 1960 йилда яратилган биринчи ўзбек телефильми "Азизахон"даги бош роль, “Зайнаб ва Омон” (1957), “Еттинчи қадаҳ” (1977) телеспекталларидаги Зайнаб, Хоним образлари кенг санъат мухлисларига манзур бўлди. Яйра Абдуллаева 50-йиллардан бери республика радиосида қатнашиб “Театр микрофон олдида”, “Бир актёр театри” номли эшиттиришларда фаол иштирок этди.

Эврипиднинг “Медея”, Ш.Р.Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи”, “Қудратли тўлқин”, А.С.Пушкиннинг “Дубровский” асарлари асосида тайёрланган радиоспектаклларда Медея, Баҳор, Мария образларини катта маҳорат билан ижро этди. Ибсеннинг “Нора” асари асосида тайёрланган радиоспектаклда у ҳам постановкачи режиссёр, ҳам актёр сифатида қатнашди.

Яйра Абдуллаевага 1964 йилда “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони берилди. В.Шекспирнинг “Қирол Лир” трагедиясида яратган Регина образи учун 1967 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди.


Яйра Абдуллаева 1998 йилда “Дўстлик” ордени, 2011 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган. 

Актрисанинг яқинларига ҳамдардлик билдирилади!

ЎзА
4 970