Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 18:08 Чоп этиш версияси

Ўзбек Миллий академик драма театри музейи яна фаолият бошлади

Ўзбек Миллий академик драма театри музейи яна фаолият бошлади Ўзбек Миллий академик драма театрида мазкур жамоа тарихи ва ижод йўли, атоқли санъат намояндалари томонидан саҳналаштирилган ҳамда ижро этилган асарлар, амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳикоя қилувчи музей ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов, Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ф.Маъсудов ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида маданий-маърифий соҳада, жумладан, театр соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Ватанимиз мустақиллигининг 10 йиллиги арафасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбек давлат академик драма театри биносини реконструкция қилиш ташаббусини илгари сурди ва маҳобатли кошона янги қиёфада чирой очди. 2001 йил 30 август куни ана шу санъат кошонасининг очилиш маросимида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари театрнинг шонли тарихига юқори баҳо берди, ўзбек театр санъатини юксак поғоналарга кўтарган, буюк санъаткорларни етказиб берган ушбу қутлуғ даргоҳга “Миллий театр” мақомини беришни таклиф этди. Бу таклиф жамоатчилигимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, 2001 йил 21 сентябрда Биринчи Президентимизнинг “Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрига "Миллий театр" мақомини бериш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Бу эътироф ва эътибор театр жамоасини янада катта масъулият билан ижод қилишга, миллий истиқлол ғоялари руҳида юксак савияли асарлар яратишга ундади. Театр режиссёрлари томонидан ўтган йиллар давомида 100 га яқин асар саҳналаштирилиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти ёритилган драматик асарлар саҳналаштирилди.

2014 йилда театрнинг юз йиллик юбилей тўйи нишонланди, ижодий жамоа вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Сўнгги йилларда саҳналаштирилган Ҳамид Олимжоннинг «Семурғ», Уйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий», Иззат Султоннинг «Имон», Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек», Ўлмас Умарбековнинг «Кузги мактублар», Чингиз Айтматовнинг «Момо ер» каби асарлари томошабинлар томонидан юқори баҳоланди.

– Музейимиз қайтадан қисқа муддат – уч ой ичида ташкил қилинди, – дейди Ўзбек Миллий академик драма театри музейи директори Гулнора Содиқова. – Бу ерда 1914 йилдан бугунги кунга қадар театр ҳаётидан ҳикоя қилувчи фотоасарлар, турли ролларни талқин этган санъаткорлар образлари ўрин олган. Музейимиз бешта бўлимдан иборат бўлиб, йиллар кесимида тақсимланади. Келажакда экспонатлар сонини янада кўпайтириш, қўйиладиган асарлар кўламини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Ўзбек Миллий академик драма театри музейидан театр фаолиятидаги унутилмас тарихий воқеаларни акс эттирувчи видеолавҳалар ҳам ўрин олган.

Моҳигул Қосимова, Отабек Мирсатов (сурат), ЎзА
1 498






Все о погоде - Pogoda.uz