ЎзА Ўзбек

12.01.2018 16:25 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг 99 ёшдаги музейида бўлганмисиз?

Ўзбекистоннинг 99 ёшдаги музейида бўлганмисиз?
Таассурот ва истак
Асрга туташ маскан солномаси
Осори-атиқаларда ўтмиш тасвири
Янги ислоҳотлар – музей фаолиятида муҳим омил

Илмий ва халқаро ҳамкорликлар

Ўзбекистон давлат санъат музейи жамоасининг яна бир орзуси – бу халқаро статусга эга бўлиш. Яъни, муассасани халқаро даражадаги музейлар қаторидан жой олишига интилишдир.


Шундан келиб чиқиб, музейни ҳар жиҳатдан мукаммал ва замонавий кўриниш касб этишини таъминлаш, фондни асраш, бугунги кунга мос равишда хизмат кўрсатиш орқали мухлислар эътиборини қозониш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Айниқса, бу жараёнда илмий ва халқаро ҳамкорликларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боис мазкур жамоанинг Париж шаҳридаги Лувр музейи, Санкт- Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи, Москва шаҳридаги А.С.Пушкин номидаги тасвирий санъати музейи, Қозоғистон давлат миллий музейи, Москвадаги Третьяков давлат галереяси ва бошқа бир қатор музейлар билан ўзаро ижодий ҳамкорликлари ижобий самара бераётир. Масалан, Қозоғистон давлат миллий музейида ўтказилган “Ўзбекистон замонавий санъати” кўргазма ҳам ана шундай ўзаро келишувлар натижасидир. Келгуси режа эса парижликларга Ўзбекистон санъатини намойиш этиш. Шу сабаб 2018 йил Лувр музейи билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қадимий ҳайкалтарошлик санъати” деб номланган кўргазмани ўтказиш режалаштирилмоқда.

40.JPG

Бу ерда музейшунос мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Британия Кенгаши томонидан ўтказилган “Замонавий халқаро кўргазмаларни ўтказиш” мавзуидаги семинар, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва ЮНЕСКО халқаро ташкилоти ҳамкорлигида “Музейларда таълим: XX асрда янги глобал ва миллий стратегиялар” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференциянинг ўтказилиши илмий ходимлар учун фойдали бўлди.

31.JPG

Илмий ходимлар томонидан амалга оширилаётган тадқиқот ва ишланишлар музей фаолияти учун жуда муҳим. Шу сабаб улар илмий мақола ва китоблар нашр эттириб, жараёнда фаол иштирок этаётир. Яқинда чоп этилган “XIX аср охири ва XX аср бошларида Тошкент шаҳрининг маҳаллий ўқув муассасалари тарихи” китоби музей илмий ходими Обид Тангриев қаламига мансубдир. Бундан ташқари, “Дарёга икки марта кириш” кўргазма каталоги, “Ўзбекистон давлат санъат музейи ноёб хазинасидан“ китоби, санъатшунослар В.Файзиеванинг “Ўзбекистон давлат санъат музейининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалари“, “Музейнинг ижтимоий ҳамкорлик йўналишлари“, Т.Нуриддинованинг “Ўзбекистон давлат санъат музейида археология топилмалари – ноёб маданий меросимиздир» каби мақолалари шундай эзгу ишлар жумласидан.
Музейни тарих кўзгусига қиёслаш мумкин. Биз аждодларимиз қадами теккан муқаддас қадамжолар, турмуш-тарзи, маданияти ва санъатига доир ашёларда буюк мозийни кўрамиз. Ва шунда бизга ҳам ғурур, ҳам ота-боболар ҳаёти ва касби корини қайта-қайта ёдга солувчи бу муассаса ходимларига фақат таҳсинлар айтгимиз келади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
13 341