Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 12:08 Чоп этиш версияси

Юртни мадҳ этмоқ саодати

1.JPG

– Қизим Муштарийбегимнинг қўлга киритган ютуқларини эшитиб, кўп қувонганман, аммо давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлгани ҳақидаги хушхабар мени жуда тўқинлантириб юборди, – дейди Шаҳноза Қурбонова. – Ўша пайтдаги ҳолатимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ҳаётимда ҳеч қачон бундай ширин туйғуни ҳис этмаганман.

Мамлакатимизда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, имконият ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Турли кўрик-танлов, санъат ва спорт фестиваллари ўтказилаётир.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танлов ҳам маданият, санъат, спорт, таълим ва адабиёт йўналишлари бўйича юзлаб ёш иқтидор соҳибаларини кашф этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 мартдаги қарорига мувофиқ Фарғона давлат университети 1-курс талабаси Муштарийбегим Қурбонова ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари сафига қўшилди.

Фарғона шаҳрида туғилган Муштарийбегим болалигидан илмга чанқоқлиги, қизиқувчанлиги ва қатъиятлилиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Турли тадбирлар, байрам ва семинарларда фаол ўқувчи сифатида олдинги сафларда бўларди. Айниқса, унинг расм чизишга иштиёқи жуда кучли эди. Мактабда ўқиб юрган чоғларида турли мавзуларда расмлар чизиб, танловларда қатнашди. Фарғона санъат коллежида интерьер ва мебеллар дизайнери йўналиши бўйича ўқиб, тасвирий санъат сирларини ўрганди. Бугунги кунда Фарғона давлат университети педагогика факультетининг “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” йўналишида таҳсил олмоқда.

– Муштарийбегимнинг картиналарини кузатиб, унда миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсоннинг ички дунёси, яратувчанлик кайфияти, бетакрор табиатимизнинг гўзал манзаралари ўз аксини топганига гувоҳ бўласиз, – дейди Фарғона давлат университети ўқитувчиси Иброҳимжон Йўлдошев. – Асарлар ҳаётийлиги, замонавий ва табиийлиги билан ўзига ром этади. Айниқса, “Мушоира”, “Оила”, “Буюк ипак йўли”, “Водилнинг зилол сувлари”, “Баҳор” каби асарлари мутахассислар томонидан юксак баҳоланган. Адрас матосига ишланган миниатюралари хорижда ҳам кенг эътироф этилган.

Ёш истеъдод соҳибаси мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказилган танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. 2016 йили “Юрт келажаги” фестивалининг шаҳар ва вилоят босқичи ғолиби сифатида диплом билан тақдирланди. Шу йили Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Евро-Осиё юлдузлари” халқаро ижодий лойиҳаси доирасида ўтказилган II халқаро “Феерия” танлов-фестивалида Гран-прини қўлга киритди. Халқаро “Летний Фейерверк” танловида махсус сертификат билан тақдирланди. Россиянинг Қозон шаҳрида “Салют, талантов!” лойиҳаси доирасида ўтказилган болалар ва ёшлар XIV халқаро “Слияние культур. Хореография и театр” номли ижодиёт фестивалида ҳам дипломга сазовор бўлди.

– Мустақил юртимиз ёшлари дунёдаги энг бахтли ёшлардир, – дейди Муштарийбегим. – Бизга ўқишда, спортда, санъатда, умуман, барча соҳаларда ўз истеъдодимизни рўёбга чиқариш учун замонавий шароит яратиб берилган. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ёш истеъдодли қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти юртимиз қизларига билдирилган юксак ишонч, алоҳида эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир. Бу мукофот мени доимо улкан мақсадлар билан яшашга ундайди.

Дарҳақиқат, Муштарийбегимнинг орзу-интилишлари бир олам. Ҳозир ўқиш билан бирга, янги асарлар устида тинимсиз ишламоқда. “Шундай гўзал юртни асарларимда ифода этиш менинг бурчим” дейди у. Муштарийбегимнинг дилидаги самимий ниятлари албатта ижобат бўлади. Чунки унда ғайрат-шижоат, интилиш бор, қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғулари мужассам. Юз-кўзида ўзига, эртанги кунга ишонч порлаб турибди.

Маъсуджон Сулаймонов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
2 536






Все о погоде - Pogoda.uz