ЎзА Ўзбек

11.05.2019 19:17 Чоп этиш версияси

Ёш драматургларнинг пьесалари республикамиздаги театрларда намойиш этилади

Ёш драматургларнинг пьесалари республикамиздаги театрларда намойиш этилади

Аввал хабар берганимиздек, Республика ёш ижодкорлари кенгаши томонидан Хива шаҳрида “Ўзбекистон баҳори” II республика анъанавий ижод фестивали давом этмоқда.

Республика ёш ижодкорлари кенгаши 2017 йил Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган эди. Ўтган қисқа вақт ичида Кенгаш фаолияти ҳақида турли фикрлар билдирилди, билдирилмоқда. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, бу соҳанинг ишига вақт билан баҳо бериб бўлмайди. Агарда улар архитектор бўлганида эди, амалга оширган иши тезда кўзга ташланган бўларди. Ижод соҳасининг натижасини кўрсатиш учун бир неча йиллар керак. Кенгаш ташаббуси билан ўтган қисқа вақт давомида тўрт лойиҳа амалга оширилди. Масалан, “Самарқанд шеър оқшомлари” лойиҳаси туркий тилда сўзлашувчи ёш ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорликни бошлаб берди десак муболаға бўлмайди. Улар Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан келиб, юртимиз ёшлари билан мустаҳкам дўстлик алоқаларини боғлади. Бугунги кунда ҳам ўзаро ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.

photo_2019-05-11_19-15-59.jpg

Куни кеча “Нуриллабой” маданият ва истироҳат боғида танишув, адабий мушоира ҳамда иштирокчилар билан суҳбатлар уюштирилди. Бугун эса Хоразм Маъмун академиясида 6 та йўналиш наср, назм, драматургия, журналистика, тасвирий санъат ва фотография бўйича давра суҳбати ташкил этилди. Суҳбатдан сўнг маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Маҳорат дарсларининг 4 йўналиши Маъмун академиясида қолган иккитаси эса Хива Ичан қалъа музейида ташкил этилди. Сўнг ижодкорлар белгиланган жойларда ижодий ишлари бўйича фикр алмашди. Ишчи гуруҳ эса ёшларнинг ижодий ишларини таҳлил қилди.

photo_2019-05-11_19-16-03.jpg

– Кимдир ўз истеъдодини расм чизиш, бошқаси шеър ёзиш орқали ифодалар, аммо уларни ижодкорлик тушунчаси бирлаштириб туради, – дейди Республика ёш ижодкорлари кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова. – Илгари турли соҳадаги ижодкорлар ўзаро ҳамкорликда ишлаган. Кимнингдир чизган суратидан таъсирланиб шеър ёзиш ёки бирор бир бадиий асардан тўлқинланиб сурат чизиш мумкин. Аммо орада ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик узилиб қолган эди. Ёшлар орасида рассом шоирни, шоир рассомни танимайдиган даражага келди. Улар ўртасида ижодий кўприк керак, деган мақсадда “Ўзбекистон баҳори” ижод фестивали ташкил этилди.

7867c584-d3f8-4dea-be92-213ab202676e.jpg

5d1259ae-0f88-485a-9397-1a7444e56a67.jpg

 Фестиваль биринчи марта Шаҳрисабзда ўтказилган эди. Унда қатнашган ижодкорларнинг алоҳида китоблари чоп этилди. Рассомлар, фотографларнинг алоҳида кўргазмалари ташкил этилди. 6 йўналишдаги ижодкорларнинг алманахи 10 минг нусхада чоп этилди. Бу йил ҳам фестиваль иштирокчилари китоблари чоп этилади. Хориж давлатларида ўтказиладиган ижодий форум ёки кўргазмаларда қатнашишида кўмаклашамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси билан ҳамкорликда ёш драматургларнинг пьесаларини республикамиздаги театрларда намойиш этиш, уларга яхши гонорар тўлашни режалаштиряпмиз.

photo_2019-05-11_19-16-06.jpg

Фестиваль 13 майга қадар давом этади.

Хуршид Қодиров, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
9 091