Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 22:02 Чоп этиш версияси

Янги марказ кино тараққиётига хизмат қилади

Тошкентда кинематографияни ривожлантириш маркази очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда киношунос олимлар, режиссёрлар, ёзувчи ва сценарийнавислар, актёрлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори ўринбосари Н.Маҳмудов, марказ директори О.Абдушукуров ва бошқалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий кинематография санъатини ривожлантириш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва ёш киноижодкорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлади.

Мазкур марказ миллий кинематография санъатини жаҳон бозорида тарғиб этиб, ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ижодий, ижтимоий ва иқтисодий имкониятлар яратиб бериш, кинонинг халқимиз ҳаётидаги, айниқса, ёшлар тарбиясидаги таъсирини кучайтириш, ғоявий-бадиий савиясини оширишга хизмат қилади.

– Марказнинг ташкил этилиши ижодкорларни жуда хурсанд қилди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева. – Бу марказ актёр, режиссёр, сценарийнавис ҳамда томошабин ўртасида кўприк бўлади. Унинг жаҳон стандартларига жавоб берувчи замонавий технологиялар билан жиҳозлангани кино олиш ва уни томошабинга етказиш имкониятини янада кенгайтирди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлажак режиссёрларга сабоқ бераман. У ерда кўзлари ёниб турган, иқтидорли, ташаббускор ёшлар кўп, марказ уларни қўллаб-қувватлайди. Мисол учун, яқинда марказ кўмагида институт талабаси Мухлиса Азизованинг "У" номли фильми суратга олинди ва кинолента 70-Канн халқаро кинофестивали қисқа метражли фильмлар бурчагида намойиш этилади.

Марказ ташаббуси билан ижтимоий аҳамиятга молик турли мавзуларда киносценарийлар танловини ўтказиш, сараланган сценарийлар асосида фильмлар яратиш, продюсерлик фаолиятини янада ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш, танловлар ўтказиш режалаштирилган.

Азима Қиёсова, ЎзА
5 310






Все о погоде - Pogoda.uz