Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 13:01 Чоп этиш версияси

Янги галереяда илк кўргазма

Янги галереяда илк кўргазма Наманган шаҳрида фойдаланишга топширилган Тасвирий санъат асарлари кўргазмалар саройи зали ўз фаолиятини вилоят ижодкорларининг “Ўзбекистон – озод ва бетакрор диёр” номли бадиий асарлар кўргазмаси билан бошлади.

Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган кўргазманинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, рассомлар, ҳайкалтарошлар, халқ амалий санъати усталари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, ижодкор ва ҳунарманд-усталар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, истеъдодли ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– XIX асрда барпо этилган мазкур меъморий обиданинг Тасвирий санъат асарлари кўргазмалар саройи сифатида бўлимимиз тасарруфига берилгани мамлакатимизда бу соҳага қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Комилжон Қамбаров. – Обидани таъмирлашга 300 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Унинг меъморий қиёфасига соя ташлаб турган иморатлар ўрнида кўркам хиёбон барпо этилди. Бу ерда турли кўргазмалар ташкил этиш, уларда нафақат маҳаллий, балки мамлакатимиз ва хорижлик ижодкорларнинг асарларини намойиш этиш имконияти яратилди. Бу тасвирий ва амалий санъат билан бир қаторда вилоятимиз сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Янги галереяда ташкил этилган илк кўргазмада Эркин Азизов, Абдумажид Ҳусаинов, Муҳаммаджон Тожимирзаев, Равшан Йўлдошев каби мусаввир, ҳайкалтарош ва амалий санъат вакилларининг 200 дан зиёд ижодий иши намойиш этилди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
756






Все о погоде - Pogoda.uz