ЎзА Ўзбек

08.10.2019 Чоп этиш версияси

Яқин тарихга бир назар

Яқин тарихга бир назар
Тақдимот

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида серқирра ижодкор Зокир Худойшукурнинг “Тузоқ” номли китоби тақдимоти бўлди.

Унда адабиётшунос олимлар, ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар ва адабиётга ошно талабалар иштирок этди.

“Тузоқ” замонавий кўринишга эга бўлиб, ундан адибнинг халқона тилда ёзилган “Тузоқ” ва “Оқ ўтовнинг мунгли ўлани” қиссаси, “Қайтар дунё”, “Сўнгги ов”, “SMS севгиси” ва “Кайвони момо чўпчаклари”(туркум) ҳикоялари ўрин олган.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид олиб борди. Адиб маҳорати, китобнинг тарихий ва бадиий аҳамияти ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Зокир Худойшукурнинг ёзганлари устоз ёзувчи Тоғай Муродни ёдга солиши ва унда халқона достонларимизни эслатадиган бахшиёна оҳанг борлиги таъкидланди.

Бугун адабиётимиз тарихий асарларга муҳтож. Зокир Худойшукур яқин тарихимизга назар солган. Бу йўл давомли бўлишидан нафақат биз, қолаверса, ўзбек адабиёти умидвор. Чунки бу турдаги бадиий асарлар камайиб кетмоқда. Тарихий асар ёзишнинг ўзи бўлмайди. Бунда ижодкор фақат ёзувчигина бўлиб қолмасдан, тарихни яхши биладиган инсон бўлиши кераклиги қайд этилди. Устоз ёзувчи Шукур Холмирзаев барча ижодкорларга ўрнак бўладиган “Ёзувчи қандай ёзиши муҳим эмас, нимани ёзиши муҳим” деганди. “Тузоқ” ўзбек ёзувчиси ёзиши муҳим саналган тарихий мавзудаги асардир.

– Мадаминбек ҳақида авваллари кўп эшитардим, ўқирдим, аммо у ҳақида асар ёзиш иштиёқи бўлмаган. Унинг қабр тошидаги рафиқаси тилидан айтилган “Туринг бегим, гуноҳларни ювайлик, Босқинчини она юртдан қувайлик!” жумласини ўқиганимдан сўнг, менда у ҳақида қисса ёзиш туйғуси пайдо бўлди. Мадаминбек қўрбошининг аянчли ўлими ҳақида турли маълумотлар учрайди. Бу ҳақида узоқ тортишиш ҳам мумкин. Мен ўз асаримда унинг айнан бу ҳолатда кўнглимга яқин деб билган муқобил вариантини танладим. Ўқувчи эса буни инобатга олади, деган умиддаман. Асар “Тузоқ” дея номланиши ҳам Мадаминбекнинг кучли салоҳиятга эгалиги билан бирга ишонувчан ва содда эканлигига ишора, – деди Зокир Худойшукур.

Тадбир иштирокчиларига “Тузоқ” тўплами совға қилинди.

18.JPG

17-faqat saytga.JPG

4 460
Дилобар МАМАТОВА, Темур МАМАДАМИНОВ (Сурат), ЎзА