ЎзА Ўзбек

01.07.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Йўлнома

Йўлнома
Кўнгил дастхати

ҒУЛОМ МИРЗО

Йўлнома

“Ўзбекистон энг тезюрар поездларга эга мамлакатлар бўйича дунё рейтингида 17-ўринда қайд этилди ва бу борада АҚШдан ҳам ўзиб кетди”. Интернет хабари


“Афросиёб”: Тошкенту Қарши;

тезлик – 255 километр/соат –

Шошдан чиқиб кетяпман шитоб.

Қаторларни қувар бетоқат

жигарранг тўп мисоли офтоб.


Шошаяпман,

қуёш ҳам шошар,

ғилдирайди неча том оша.

Мўлтиб чиқди Сирдарёга ҳам,

мана, сизга тонгдан томоша.



Деразада бошланди даштлар,

офтобимда сусайди шаштлар.

Шаҳарлик-да,

қайдан ҳам билсин,–

кенгликлардан олмоқни гаштлар.


Жиззах.

Довон ошётган оним,

бўм-бўш кўрдим хира самони.

Йўқ, ҳар ҳолда, ойнам олдида

учратмадим кун – бевафони.



Юзин тўсгач абрлар ила,

кетавердим

сабрлар ила.

Йўл таноби йиғлаб кўришди

соғинч отлик жабрлар ила.



Сўнг суратин чизди тоғларда,

баъзан қолиб кетди боғларда.

(Ишқ сарғайтган чеҳрайи зардин

қизғандими биздек “соғ”лардан?)



Ярқиради қиличдек дарё,

шарқиради яшил қон,

ҳар ён 

дарахтлар қўл ушлашиб гўё

чекиндилар ортга – Шош томон.



Ортда йўллар – аршин ва аршин.

Олдда йўллар – аршин ва аршин.

оралиқда учқур робита –

“Афросиёб”:

Тошкенту Қарши.



Жанговар саф аробалари

каби ўтар 

уйлар карвони.

Кўҳна кентлар харобалари –

мозийларнинг ўлмас достони.



Қўш торининг ҳавозасини

наволарга ростлагач

оқин, –

Амир Темур дарвозасидан

куйдек кирар ложувард оқим.



Самарқанддан отланиб,

Темур

қанча муддат юрган Кашк[1]кача?

От устида ўтган бир умр...

Аммо, бугун – давр бошқача.



...Кўк бағрида чарх урар лочин,

балки бизни қувиб ўтмоқчи?!.

Қанотлари толди – жонҳалак

ва шиддатдан чирпирак

очун.



Бор бўлсин йўл,

работ, расталар!

Эй, соғинчдан кўнгли хасталар,

пойингизга гилам бўлмоқда

дарахтлар – шу ғуж гулдасталар.



Йўл оғмоқда Насафга сари,

сафарим тез бормоқда қариб.

Бекат. Гавжум.

Қаршим кутмоқда –

Ойлар ойи, кунлар сарвари!

ЎзА
16 781