ЎзА Ўзбек

10.06.2019 12:25 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими кўчки бўлган ҳудудда сайёр қабул ўтказди

Вилоят ҳокими кўчки бўлган ҳудудда сайёр қабул ўтказди

Апрел-май ойларидаги ёғингарчиликларнинг кўп бўлиши ва тупроқдаги намлик миқдорининг йиллик меъёрдан ошиши тоғли ҳудудлардаги айрим йўл ёқаларида кўчки хавфини келтириб чиқарди.

Қашқадарё вилояти Китоб тумани “Кухсор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Деновболо қишлоғининг шаҳар маркази билан боғловчи автомобиль йўлида иккиламчи оқувчи кўчки ҳосил бўлиб, ушбу йўлдаги ҳаракатни чеклаб қўйган эди.

photo5469753457364806396.jpg

“Паландара – Жовуз – Деновболо” ички автомобиль йўлининг 39 километридаги Жиннидарё ўзанининг чап қирғоғи, “Отбоқар” сойининг бошланиш қисмидан узунлиги 300 метр, эни 60 метр, узилиш чуқурлиги 14 метр бўлган, тахминий 252 минг кубометр ҳажмга тенг иккиламчи оқувчи кўчки массаси автомобиль йўлининг 50 метр қисмини қоплаб қолган. Ушбу йўлда вилоят ҳокимлиги, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва тегишли хизматлар ҳамкорлигида махсус техникалар жалб этилди. 80 метр қўшимча айланма йўл қуриш ишлари амалга оширди. Ҳозирги кунда йўлни очиш учун жами 3 километр масофада 300 кубометр тупроқ ишлари тўлиқ бажарилиб, хавф бартараф этилди.

Қашқадарё вилояти ҳокими ва сектор раҳбарлари мазкур ҳудуддаги Деновболо ва Жовуз қишлоқлари аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди.

Туманнинг энг олис ҳудудларидан бири – Деновболо ва Жовуз қишлоқларида ташкил этилган мулоқотда вилоят ва туман секторлари, бошқарма ва ташкилотлар, мурожаатчи фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Барча даражадаги раҳбарларнинг энг чекка ҳудуд аҳолиси билан бевосита мулоқотга киришаётгани, уларга муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ва имкониятлар ишга солинаётгани одамларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими аҳолининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириб, дунёқарашини тубдан ўзгартириш, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратаётир.

photo5469753457364806407.jpg

Тадбирлар давомида аҳоли мурожаатига асосан арзонлаштирилган нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Кам таъминланган оилаларга бепул ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, уларнинг фарзандларига кийим-кечак тарқатилди. Ўрганишлар доирасида бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилиб, Деновболо ва Жовуз қишлоқлари аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди.

Китоб тумани Деновболо қишлоғидаги мактаб кутубхонаси учун китоб фондини бойитиш мақсадида вилоят ҳокими ташаббуси билан 100 миллион сўм маблағ ажратилди. Мазкур мактабда таълим ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади.

– Бизнинг қишлоқда қарийб 1 минг 300 нафар киши яшайди, – дейди Деновболо қишлоғида яшовчи фуқаро Сайидаҳмад Нуров. – Албатта, аҳолининг йўл, коммунал хизмат, таълим, тадбиркорлик ва фуқаролик ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолари ҳам бор. Қишлоғимиз туман марказидан анча олисда жойлашгани боис, ҳа деганда марказга бориб келишнинг имкони йўқ. Чекка қишлоқларда мана шундай муаммолар борлигини билиб, уларни ҳал этиш учун республика ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари келаётгани бизни беҳад қувонтирди.

photo5469753457364806409.jpg

Вилоятдан ташриф буюрган турли соҳа мутахассислари иштирокидаги сайёр қабул ва воҳа санъаткорлари томонидан намойиш этилган концерт дастури қишлоқ аҳолисини мамнун қилди.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА
2 585