ЎзА Ўзбек

10.06.2019 12:19 Чоп этиш версияси

ВАТАННИ СЕВ

ВАТАННИ СЕВ

Боқ дунёнинг ишларига кўзинг очиб,
Қанча мазлум ўз юртидан айро — қочиб...

НАЗМ ГУЛШАНИ

Бир қоринга бир бурда нон кифоятдир,
Ҳалол бўлса, шу ошу туз иноятдир,
Лек тузлуққа тупурмоқлик жиноятдир,
Бўлса дилда заррача ор, Ватанни сев.

Ётиб есанг, бир кун тоғ ҳам қулар, билсанг,
Дўст бўлмаган зимдан ҳасад қилар, билсанг,
Гар тўзисанг, бор ортингдан кулар, билсанг,
Қолмай десанг чекиб озор, Ватанни сев.

Қолмай десанг эрта бир кун маломатга,
Енг шимариб хизмат қилгин адолатга,
Нима етсин кўнгилдаги ҳаловатга,
Шу ҳаловат учун такрор, Ватанни сев.

Боқ дунёнинг ишларига кўзинг очиб,
Қанча мазлум ўз юртидан айро — қочиб,
Қўймаган-ку ризқни оёқ ости сочиб,
Меҳнатсиз бахт эрур душвор, Ватанни сев.

Аслида ўз ичингдаги душмандан қўрқ,
Юзга боқиб, ортдан олар нишондан қўрқ,
Битта лоқайд бўлса ҳамки, ўшандан қўрқ,
Эл дардида бўлиб бемор, Ватанни сев.

Орзулари осмон ўғил-қизинг учун,
Ортда қолар текис, равон изинг учун,
Рўзи маҳшар чоғи ёруғ юзинг учун,
Бўлиб ҳушёр, бўлиб бедор, Ватанни сев.

Тизгинламоқ мушкул замон шитобини,
Ўқи, ўрган қўҳна ҳаёт китобини,
Дилга жойлаб элбошининг хитобини,
Далда бўлгин, бўл мададкор, Ватанни сев.

Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ

ЎзА
2 635