ЎзА Ўзбек

06.06.2019 13:28 Чоп этиш версияси

Ғурури баланд, ёвқур, танти ва қувноқ шоир

Ғурури баланд, ёвқур, танти ва қувноқ шоир

Бугун Пушкин ва унинг адабий меросига муносабат турлича. Шундай бўлиши табиийдек гўё. Мен Ҳумоюннинг Пушкиндан таржималарини ўқиш жараёнида у айтган бир гапни кўп эсладим. Таржимон ушбу қўлёзмаларни бир нашриётга таклиф этганда, ношир: “Бугун Пушкинни ким ўқийди”, деган. Бу савол эмас, балки ўша ноширнинг таклифга жавоби (Ҳумоюннинг гапига қараганда), бироқ ўйлатадиган жавоб.

Гап Пушкиндан қилинган таржималарнинг китоб бўлиб чиқишида ҳам эмас – Пушкинга муносабатда. Ўша ноширнинг гапи Байрон, Гёте ёки бошқа мумтоз шоирлар ва уларнинг ижодий меросига нисбатан айтилса ҳам унчалик ажабланмасак керак. Ахир, XXI асрнинг қарийб чорагини яшаб қўйган одамлармиз, жуда кўп нарсалардан хабаримиз бор, йўқларини электрон воситалар йўндириб турибди – гўё одамзод муроду мақсадига етгандек... Хўш, унга яна нима керак?! Пушкин керакми?..

Керак! (Гарчи замондошимиз ўзидаги поэзияга эҳтиёжни инобатга олмаётган, балки англаб етмаётган бўлса-да.) Бу эҳтиёжга мувофиқ, дейлик, рақамли дунё соҳиблари саналмиш бугунги авлодлар учун Пушкин қайси жиҳатларига кўра муҳим?

* * *

Пушкин – ғурури баланд, ёвқур, танти ва қувноқ шоир. Бу хислатлар унга халқидан юққан. Пушкин тез ва жуда қаттиқ севиб қоладиган жўшқин қалб соҳиби. Бу ҳам унинг халқига хос хислат. Унинг маҳбубаси – озодлик, эрк. (Унинг бунга умрбод содиқ қолгани ҳайратланарли.) Рус халқи барча замонларда ҳур, озод яшаш учун курашиб келган. Пугачёвни эсланг: “Мен сизларга эрк бергани келдим!” дейди. Бир одам, гарчи ўта довюрак қўзғолончи бўлса ҳам, бутун бир халққа эрк бериши мумкинми?.. Халқнинг характери шундай – қучоққа сиғмаса ҳам дунёни қучишга интилади. Пушкин миллий шоир сифатида халқи руҳини, орзу-умидларини ўзида мужассам этган сиймо. У ҳақда гапирганда бежиз: “Пушкин бизнинг боримиз!” дейишмайди.

* * *

Башорат қилишга мойил Гоголь: “Пушкин фавқулодда ҳодисадир ва, эҳтимол, рус руҳиятининг ягона ҳодисаси” дея таъриф бераркан, унинг даражасидаги, унингдек рус кишиси, балки, икки юз йилдан кейин кўриниш берар, деб умид қилганди. Ҳа, Пушкин шахси ва шеърияти билан, мана, икки юз йилдан кейин ҳам ҳайратга солиб келаётир.

Хўш, бу ҳайратнинг сири нимада? Унинг замирида қандай мазмун мужассам? Бир мисол. Пушкиннинг “Капитан қизи” повестини кўпчилик ўқиган, “Пугачёв тарихи”дан хабари борлар ҳам топилади. Аммо айтиш жоизки, Пугачёв мавзуси Пушкин замонида қалтис мавзу ҳисобланган. Мустабид тузум расман “зулмкор”, “қароқчи” тамғасини босган, подшоликка қарши бош кўтарган исёнчини Державин, Сумароков каби салафлари кескин қоралаб, расмий сиёсатга мувофиқ тарзда лаънатлаб ёзган шеърларини Пушкин қабул қилмаган. Айнан Пугачёв масаласида у ўз даврининг расмий-сиёсий ҳукмини ҳам, ўзи устоз қаторида кўрган катта шоирларнинг исёнчига ўта салбий қарашларини ҳам маъқулламаган. Бунга далил сифатида пушкиншунослар талай далилларни келтиришади. Жумладан, А. Делвигга хатида атоқли шоир саналган Державин даҳосини саркарда Суворов даҳоси билан қиёслаш мумкинлигини айта туриб, Пушкин: афсуски “шоир тез-тез хўроз бўлиб қичқирди”, деб ёзган. Бундай фактларни яна келтириш мумкин. Бироқ улардан Пушкин Пугачёв ва унинг исёнини ёқлаган, деган хулосага келиш ўринсиз. Ўша даврдаги мустабид тузумнинг ижтимоий, миллий зулм-зўравонлиги қўзғолонга олиб келганини шоир яхши билган. Исёнчи қиёфасида Пушкин озодлик тимсолини кўрган бўлса ажабмас.

Пушкиннинг буюклиги шахсининг бутунлигида. Бу бутунлик замирида Инсон ҳурлигига ташналик бор. Ахир, бу дунё шоирман деганларнинг ҳар қандайини кўрган. Умр бўйи номенклатура рўйхатида ўтириб, ёзганлари тириклигидаёқ макулатурага айланганларнинг қанчаси унутилиб кетди. Истеъдодини “юқорининг юксак эътибори”га қурбон қилганлар-чи?!

Дарвоқе, пушкиншунослар шоирнинг Пугачёвга мойиллиги, унга айрича меҳри бўлганини ҳам таъкидлашади. Бу мойиллик, меҳр, аслида Инсондаги ҳур яшашга кучли истак туфайлидир. Гоголь айтганидек, Пушкиннинг фавқулодда ҳодиса экани, ўз замонидан жуда илгарилаб кетгани, танқид ва таҳдидларга қарамай Пугачёвнинг реалистик образини яратгани унинг барча замонлар ижодкорларига жасорат бобида берган адабий сабоғи, десак адашмасак керак.

* * *

Пушкиншунослар “Қуръонга назира” ва “Пайғамбар” асарларидаги мафкуравий ва бадиий талқинлар улар яратилган даврга хос анъанавий қарашлар ҳамда тасаввурларга батамом зид эканини, бу асарларида Пушкин умуминсоний қадриятларга юксак эътибор билан қараганини, беқиёс поэтик маҳоратини намоён этганини алоҳида таъкидлашади. Ўша пайтда рус дворян жамияти ва ҳукмрон мафкура “мусулмончилик”ка ўта тор миллатчилик, черков-миссионерлик манфаатларидан келиб чиқиб муносабатда бўлган. Қолаверса, Пушкин “Қуръонга назира”ни ёзаётган пайтда Греция билан Туркия ўртасида уруш бўлаётгани боис, рус жамиятида мусулмонларга қарши кайфият ниҳоятда авж олган, кунда-кунора матбуотда шу мавзуда шеърлар, насрий асарлар чиқиб турган.

Мана шундай вазиятда ҳукмрон мафкурадан холи бўла олиш, жамиятда жазавали кечаётган “миллий ва диний манфаатлар” учун муросасиз курашлар жараёнида Қуръонга холис, хотиржам, эътибор ва эъзоз билан ёндашиш шоирдан чинакам мардоналикни тақозо этарди. Пушкин бунинг уддасидан чиқди – “Пушкиннинг поэтик гулчамбаридаги ярқираган олмос”лар (В. Белинский) – “Қуръонга назира”, “Пайғамбар”дек асарлар яратди.

Ҳа, чинакам шоир миллийликдан чекинмайди, бироқ замон зайли тақозо этган миллий, диний манфаатлар доирасига сиғмайди. Бу буюклик нишонаси. Пушкин ҳам шундай шоирлар сирасидандир. Бундай шоирлар улкан шон-шарафларга катта истеъдоди билангина эмас, аввало, тафаккурининг озодлиги, фикрининг ҳурлиги билан эришади.

* * *

XXI асрга – Инсоният ақлга сиғмайдиган кашфиётлар қилган ва айни пайтда қайсар ўсмир каби ҳануз уқубатли эҳтиросларга асир бўлиб қолаётган замонга Пушкин ҳурфикрли эрксевар шоир сифатида дадил кириб келди. Ва айни шу сифатлар унинг шеъриятини замонавийлаштирди, долзарблигини таъминлади. Замонлар, мафкуралар ўзгарди, мустабид тузумлар барҳам топди, дунё неча марта эврилди – Пушкин эса, ўша-ўша – бошини мағрур тутиб, рост сўз билан “юракларга олов ёқиб” турибди. Ўтган икки асрнинг нари-берисида рўй берган воқеалар, бўронли, тўфонли даврларда ҳам унинг шеърияти завол топгани йўқ, мероси рус маданияти ҳудудида қолиб кетмади, умумжаҳон маданиятининг бир бўлагига айланди. Бу меросдан биз ҳам кўпдан бери баҳрамандмиз.

Чунончи, Пушкин шеърларини ўзбекчалаштиришга XIX аср охирида қўл урилган экан. Шундан кейинги бир юз йигирма йил мобайнида бу жараён тўхтагани йўқ. Орадаги фарқни ўзбек таржима мактабининг шаклланганида, ривожланиб боргани ва такомиллашганида кўриш мумкин. Ўзингиз қиёсланг: қуйидаги мисоллар ҳам буни яққол кўрсатиб турибди:

Анда ул пира зан жаҳолатдин,

Ғазаб этди анга ниҳоятдин.

Айтдиким: Бул нечун балоҳатдур,

Халқ аро тушмаган балодатдур.

Ўйламасму киши надур ҳоли,

Кимга қилмиш зиён жаҳон моли...

Ушбу парча Пушкин эртакларининг илк таржималаридан (1899 йил). Кейинги мисолимиз эса, Пушкиннинг яқинда қилинган бошқа бир асари таржимаси; мутаржим Ҳумоюн.

Ёт элда ҳам қилиб эзгу иш –

Асраб юртим урф-одатини:

Озод этдим, учди митти қуш,

Порлоқ баҳор байрами куни.

Таскин топдим ўша фурсатда

Нечун кўкка зорланай нолон,

Ҳеч қурганда, битта хилқатга

Этолдимку озодлик инъом.

* * *

“Ҳақиқий шоирларнинг асарлари барча замонларда ўзининг янгилигини ва навқиронлигини сақлаб қолади”, деб ёзган эди Пушкин. Бу фикр фақат шоирнинг меросигагина эмас, унинг маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилинган асарларига ҳам тааллуқли.

XX аср бошларига келиб нақшли, серҳашам жимжимадорликдан қутула бошлаган ўзбек шеъри оддий тилга кўчди: очиқ-тиниқ, ифодаси маънодор ва ширали, жарангдор шеърият бадиий таржимада ҳам юксак поэтик техникани, мукаммал услубни намоён этди. Буни Чўлпон таржимасидаги “Борис Годунов”, Ойбек таржимасидаги “Евгений Онегин”, Ҳамид Олимжон, Элбек, Усмон Носир таржималаридаги Пушкин асарларида кўрамиз. Айниқса, тилининг содда, ёрқин ва оҳангдорлиги билан Усмон Носир таржимасидаги “Боғчасарой фонтани” поэмаси Пушкиннинг “ҳақиқий шоирларнинг асарлари” га қўйган “ташхиси” – “янгилиги ва навқиронлигини сақлаб келаётгани” билан ўзбек таржимачилиги мактабининг ибратли намунасидир.

Устозлар изидан бориб, Ҳумоюн мансуб бўлган кенжа авлод шоирларининг жаҳон адабиёти классик асарлари таржимасига дадил қўл ураётгани қувонарли ҳол.

Ушбу тўпламга Пушкиннинг икки юз йигирмадан ортиқ шеърий асари таржималари жамланган. Шулардан, мутаржим маълумотича, олтмишдан зиёдроғи олдин таржима қилинган асарлар бўлса, бир юз олтмиштачаси Ҳумоюн ўзбекчалаштирган янги таржималардир. Хабарим бор, бу таржималар устида Ҳумоюн узоқ вақт қунт билан ишлади, меҳнат қилди. Меҳнатининг самараси ҳақида адабий жамоатчилик, таржимашунос олимлар, ижодкор таржимонлар, Пушкин шеъриятининг чинакам мухлислари фикрларини айтар. Мен эса, бу борада айрим кузатишларим, мулоҳазаларим билан чекланаман.

* * *

Пушкин шеърларининг тили содда, бир қарашда таржима қилиш осондек туюлади, бироқ бу соддаликда шоирнинг бой поэтик арсенали мужассам. Пушкиннинг шеърий матни остига яширинган маъно-мазмунни излашга ҳожат йўқ, унда ҳаммаси кафтдагидек – очиқ-ойдин. Оддий, барчага бирдек тушунарли тилда ёзиш, ёза билиш – ижодкорнинг баркамоллиги, таъбир жоиз бўлса, даҳо ижодкорлиги белгиси. Бундай асарлар таржимасида алданиб қолиш, тилининг оддийлигига уйғун беқиёс поэтикани ҳис этмаслик самарасиз машғулот. Ҳумоюн таржимада аслият матнидаги сўз, ибора, тимсол, сифатлаш, ўхшатишларни имкон қадар сақлашга – матн аниқлигига эришишга интилган ва мана шу қунт уни “алданиб қолиш”дан сақлаган.

Келинг, “Булбул ва атиргул” шеъри сарлавҳаси ва илк мисралари ҳамда уларнинг таржимасига эътибор қаратайлик. Асар номи таржимада “Булбул ва атиргул” деб берилган. Пушкиннинг яна бир “Гул” (“Цветок”) номли шеъри ҳам бор. Ҳумоюн “роза”ни айнан – “атиргул” деб беради. Аслида “атиргул” ҳам гул. Орада фарқ йўқдек, бироқ таржимоннинг аниқликка интилгани ўз самрасини берган: тасаввуримизда умуман “гул” эмас, “атиргул” пайдо бўлади, ва бу аслиятдаги тимсолга, қолаверса, шарқона анъанавий образга ҳам мос.

Аслиятда ўқиймиз:

В безмолвии садов, весной, во мгле ночей,

Поёт над розою восточный соловей.

Таржимаси:

Баҳор, намозшомда, салқин боғ ичра,

Шарқ булбули куйлар атиргул узра.

Таржимада аслиятдаги бирор-бир сўз ёки ибора тушириб қолдирилмаган ёки таржимон ўзидан ниманидир қўшмаган. Мутаржимни аслиятга “қуллик”дан сақлаган омил эса вақт, вазият, ҳолат ва манзарани ихчам, мантиқан изчил боғлаб ифодалаганида. Бу принцип шеърнинг охиригача сақланган.

Албатта, шу ўринда ушбу шеърнинг Чўлпон амалга оширган гўзал таржимаси ёдга келади. Устоз шоирнинг эркин таржимасида сўз ва ибораларнинг ўзгартирилиб, айрим жойларда аслиятда йўқ сўз ва ибораларнинг киритилгани (масалан, “восточный соловей” – “ғариб булбул”, “Гулим, раҳм айлагил дерди” каби) таржимада аниқликдан кўра шеърнинг яхлит поэтик мазмунига таржимоннинг содиқлигини далиллайди. Чўлпон таржимасида шеър матни шарқона колорит талабларига кучли даражада бўйсундирилган ва гўзал ўзбекча шеърий асар яратилган; таъбир жоиз бўлса, бу шеър таржимаси менга таржима асардан кўра Чўлпоннинг ўзининг нодир асарларидан биридек туюлади. Таъкидлаш жоизки, “Булбул ва гул” таржимаси – ўзбек таржима мактабининг дурдона асари ва айни пайтда, “Булбул ва атиргул” бугунги таржимачилигимизнинг ютуғи: бирида аслият мазмунига садоқат, иккинчисида таржимада аниқлик принципи ўзини тўла намоён этган.

Кенжа авлод ижодкорлари устозлар очган қўриқлардан баҳраманд бўлиб, уларнинг тажрибаларидан ўрганиб, Пушкин каби мумтоз шоирлар асарлари таржималарини “янгилаётгани” Ҳумоюннинг уринишларида ҳам кўзга ташланади.

* * *

Таржима асарларнинг “янгиланиши”ни, аввало, замон тақазо этади. Дейлик, муайян бир даврда тил воситаларидан эркин фойдаланиш, айрим тушунча, атамаларнинг айнан, ўз мазмунида қўлланиши имконсиз бўлиши, ҳукмрон мафкурага ёқмаслиги мумкин. Мисол учун, Пушкиннинг машҳур “Я вас любил...” шеърининг сўнгги:

Я вас любил так искренно, так нежно,

Как дай вам Бог любимой быть другим –

сатрларидаги “Бог”нинг таржимада кичик ҳарфда “ҳақ” дея берилганида шўро даври мафкурасининг тазйиқи сезилади: “Сизни севган эдим, содиқ, вафодор, Энди ҳақ айласин бошқага дилдор”.

Дарвоқе, ушбу шеърнинг устоз шоир-таржимон Ҳамид Олимжон томонидан амалга оширилган илк таржимаси ўзбек таржимашунослари томо

нидан таҳлил этилиб, юқори баҳоланган: табиийлиги ва ҳаққонийлиги, ёрқин ва ҳаётий чиққани таъкидланган. Пушкин шеърининг жарангдор оҳанги сақлангани эътироф этилган. Ва айни пайтда таржимоннинг аслиятга хийла эркин ёндашгани, таржимага аслиятда йўқ сўзлар киритилгани ва улар шеър матнига зид эмаслиги айтилиб, бу жиҳатни ҳам мантиқан далиллашга ҳаракат қилинган. Ана шу таҳлилий мулоҳазаларни маъқуллаган ҳолда айтиш жоизки, ҳар қандай юксак бадиий асар, муайян вақт ўтгач, қайта таржимани тақазо этади, бундай асарлар таржимаси янгиланади, муваффақиятли чиққан ҳолатда янги таржима юзага келади ва бу табиий ижодий жараён. Шу маънода мен “Я вас любил...” шеърининг Ҳумоюн таржимасидаги “янгиланган” жиҳатларига эътибор қаратдим. Мана шу таржиманинг тўла матни:

Сизни севар эдим: севгим эҳтимол,

Сўниб қолмагандир кўксимда менинг;

Аммо энди сизга у келмас малол;

Истамайман, бошқа хафа қилгани.

Сизни севар эдим унсиз, умидсиз,

Гоҳ журъатсиз, рашкда ўртаниб гоҳо;

Сизни севар эдим чин дилдан, нафис,

Бошқага ҳам шундай суйдирсин Худо.

Ушбу таржимани мазкур шеърнинг илк таржимаси билан қиёслаганда кейинги таржимада дастлаб кўзга ташланадиган “янгиланиш” – бу шеърнинг қофиялар тизими деярли аслиятдаги ҳолида сақланганида. Дастлабки таржимада қўлланилган аслиятда йўқ сўзлар (“не тревожит” – “бўлмайман ёв”, “ревностью томим” – “ғашда бедаво” каби) Ҳумоюн таржимасида аслиятга яқин мазмундаги, муқобил иборалар билан ифодаланган (“не тревожит” – “келмас малол”, “ревностью томим” – “рашкда ўртаниб” каби). Мана шундай янгиланишлар ҳисобига биз Пушкиннинг энг машҳур шеърларидан бирининг янги таржимасини кўриб турибмиз.

Пушкиннинг таржима қилинган асарларининг Ҳумоюн томонидан амалга оширилган қайта таржималарида атоқли шоир-таржимонларимизнинг жуда катта хизмати бор. Улар очган қўриқ – илк таржималар бугунги ёш таржимонлар авлодининг “юкини енгиллаштириши” шубҳасиз. Мумтоз асарлар таржимасига биринчи бўлиб қўл уриш ҳамиша янги асар яратиш билан тенг турадиган иқтидор ва ижодий заҳматни талаб этади. Бу заҳматни чекиб, ўзбек таржима мактабининг пойдеворини яратган Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Миртемир сингари устоз шоир-таржимонларнинг таржима асарлари бугунги ёш таржимонлар учун икки жиҳатдан фойдали: биринчидан, уларнинг таржималари ушбу соҳага кириб келаётганлар учун ўзига хос намуналар; иккинчидан, уларнинг таржималари кейинги авлод таржимонлари учун ўзбек таржима мактаби савиясини янада юқори кўтаришда ишончли асос. Таржима қилинган асарларни “янгилаш”да, уларнинг янги таржималарини яратишда устоз шоир-таржимонлар амалга оширган таржималарнинг қайси бир нуқталарига қайта ишлов бериш, кучайтириш, яхшилаш, аслият руҳини, оҳангини янада тиниқлаштириш зарурлигини, замонавий тил воситаларини қўллай билиш ёш таржимонларнинг иқтидори, фаҳм-фаросатига боғлиқ. Албатта, устоз шоир-таржимонлар эришган ютуқлар, ўзбек таржима мактабини бойитган тажрибалар кейинги авлод таржимонларига ўзбек таржима санъатини янада юқори даражага кўтаришда пойдевор вазифасини ўтайди. Бундай ижодий саъй-ҳаракатнинг яхши натижаларини Ҳумоюннинг ушбу тўпламидаги бир қатор таржималарда кўрдик, кузатдик.

* * *

Пушкин барча замонларда, барча халқлар томонидан асарлари севиб ўқиладиган шоирлар сирасидан. Мумтоз шоир шеърларининг яхши таржималари миллий маданиятни, адабиётни бойитишга хизмат қилади. Бунда энди устозлар қатори Ҳумоюннинг ҳам улуши бор десак янглишмаймиз. У таржима учун танлаган асарларни ишончли манбадан – “Наука” нашриётида чоп этилган Пушкиннинг ўн жилдли тўла асарлар тўпламидан (1977) олган.

Қўлингиздаги китобга Пушкин адабий меросининг каттагина қисми қамраб олинган, шоир ижодий фаолиятининг деярли барча даврларида – 1814 йилдан тортиб 1836 йилгача ёзган шеърларидан намуналар, “Евгений Онегин” шеърий романига бағишлов, “Лўлилар”, “Анжело” ва “Рицарлар замонидан саҳналар” достонлари таржималари жамланган. Эътироф этиш жоизки, бу тўплам катта ва жиддий ижодий меҳнатнинг самарасидир.

Пушкин поэзияси ихлосмандлари бу китобдаги шеърларни ўқиб, улуғ шоирнинг овози ўзбекчада янгидан жаранглаганига, жумладан, “Ўзинг асра мени туморим”, “Сўрама, не учун паришон, маҳзун...”, “Ёқилган мактуб”, “Бўрон”, “Қиш оқшоми”, “Тумор”, “Ҳайкал қўйдим ўзимга”, “Қуръонга назира” каби бир қатор машҳур асарлари таржимасида Пушкинга хос сурурли, жўшқин оҳанг ва Пушкинга хос реализм ёрқин ифодаланганига гувоҳ бўладилар. “Анжело” ва “Лўлилар” достонларининг қайта яратилган таржимаси ҳам Ҳумоюннинг ижодий изланишлари ўзининг жозиб натижаларини берганини очиқ-ойдин намоён этган.

Пушкиннинг шеърларида “бўрон”, “тўлқин”, “денгиз” тимсоллари кўп учрайди. Табиат ҳодисалари гўё шоир юрагидан куч олгандек. “Бераҳм асримда ҳам Эркинликни куйладим” деб ёзган шоирнинг лирик қаҳрамони “Денгиз ўғлонига” даъват этаркан “бепоён Уммон”га – кенгликка, эркинликка интилади, кўҳна соҳилларда қолишни истамайди. Аслида ҳам улуғ шоирнинг ҳур тафаккури, қалбидаги эркка ташналик, эркка чорлов, миллати ва эътиқодидан қатъий назар, инсонларни курашиб яшашга, озод яшашга чорлайверади. Бу қутлуғ мероснинг умумбашарий аҳамияти ва барча замонлар ҳамда барча халқлар учун қадр-қиммати ҳам шундадир.

Аҳмад ОТАБОЙ, ЎзА
4 209