Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 15:14 Чоп этиш версияси

Ҳунармандлар сулолаларининг амалий санъат буюмлари ярмаркаси ташкил этилди

Пойтахтимизда юртимиздаги халқ ҳунармандлиги ҳудудий мактабларининг амалий-безак санъати буюмлари ярмаркаси бўлиб ўтди.

Унда барча вилоятлардан ҳунарманд сулолалар қатнашиб, ипак, пахта, газлама, ёғоч ва металлдан қадимий анъаналар асосида тайёрлаган буюмларини намойиш этди.

Ўзбекистон халқ ҳунармандлиги ҳар бир вилоятнинг ўзига хос жиҳатларини акс эттиради. Ҳунармандларимиз асрлар давомида турли буюмларга ишлов бериш усулларини яратиб, асраб-авайлаб келмоқда, маҳоратини такомилига етказмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида юртимизда миллий ҳунармандликни асраб-авайлаш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, унут бўлиб кетаёзган ҳунармандлик анъаналарини қайта тиклаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Бу борада Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Анъанавий “Ташаббус” танлови доирасида “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси таъсис этилди. Буларнинг барчаси кўплаб ҳунармандлик мактабларини қайта тиклаш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда юртимизда 18 мингдан зиёд уста миллий ҳунармандликнинг 25 тури бўйича фаолият юритмоқда. Усталар томонидан ишланган буюмлар юртимиз ва дунёда машҳур. Хорижда ўтказилган турли кўргазма ва фестивалларда қўлга киритилган мукофотлар, диплом ва сертификатлар бунинг яққол далилидир.

Ярмаркада иштирок этган 30 дан ортиқ халқ устасининг аксарияти ҳунарманд сулолалар вакилларидир.

– Бизнинг оилада пичоқ ва қайчи ясаш, металлга ишлов бериш санъати асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда, – дейди андижонлик ҳунарманд Хайрулло Абдураҳимов. – Ҳозир ҳам уйимизда 200 йил аввал ясалган пичоқ авайлаб сақланади. У ҳамон ўзининг мустаҳкам ва ўткирлигини йўқотмаган. Мен учун у ҳақиқий санъат асаридир. Оилавий ҳунармандлик мактаби анъаналарини сақлаб қолиш билан бирга, металлга ишлов беришнинг янгича усулларини ўзлаштиришга ҳаракат қилаяпман. Айни пайтда Дамашқ пўлати билан ишлашнинг бир неча усулини ўрганганим боис ўз маҳсулотларим турини янада кенгайтирдим.

Ярмаркада гўзал ва нафис Марғилон матолари ҳам намойиш этилди. Масалан, ҳунарманд Нурмуҳаммедовлар оиласи ипак, пахта ва жундан мато тайёрлаш билан шуғулланадиган бешинчи авлод вакилларидир. Улар тайёрлаган маҳсулотлар ўзининг ёрқин ранги билан ажралиб туради. Ҳунармандлар шу кунгача матони бўяш сирларини асраб-авайлаб келаётгани туфайли уларнинг ранги ўчмайди ва ҳеч қачон чаплашиб кетмайди. Улар ярмаркага анъанавий матолардан ташқари, пахта ва жундан тайёрланган мутлақо янги мато намунасини ҳам олиб келган.

Тадбир доирасида усталар тажриба алмашди, ҳунармандликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 105






Все о погоде - Pogoda.uz