ЎзА Ўзбек

11.07.2019 18:22 Чоп этиш версияси

Қумли ва тузли муолажаларнинг сири нимада?

Қумли ва тузли муолажаларнинг сири нимада?

Бугунги кунда спелеотерапия бронхиал астма, гипертония ва бўғим касалликларини даволашда кенг қўлланиб келинмоқда.

Айни чилла пайтини қум билан даволаниш учун қулай фурсат, дейишади. “Саратонда қумга кўмилиб, бутун дардларимдан фориғ бўлдим” ёки “Оёқ оғриғидан қутулдим”, “Боладаги энурез касаллигига қумли муолажалар даво экан” каби гап-сўзларга ҳеч ким беэътибор бўлмаса керак.

Айниқса, бемор киши қандай йўл билан бўлсин, дардига шифо излайди. Бир неча юз километрли масофани босиб ўтиб, ушбу муолажадан доимий фойдаланадиганлар талайгина. Аксинча бу даволаш усули қайси касалликларда самарали фойда бериши ҳақида биладиганлар кўп эмас.

Хўш, қумга кўмилиш қайси касалликлар учун фойдали? Умуман, қумли муолажалар қандай хусусиятларга эга? Шу хусусда псаммотерапия шифокори Шоира Худойберганова билан суҳбатлашдик.

— Иссиқ қумдан фойдаланиш иссиқлик билан даволаниш усулларидан бири ҳисобланиб, тиббиётда псаммотерапия деб аталади, — дейди Ш. Худойберганова. — Қум билан даволаш қадимдан мавжуд бўлиб, бугунги кунда бутун дунёда кенг қамровда ривожланмоқда. Шу жумладан, юртимизда ҳам ўнлаб қумли муолажали сиҳатгоҳлар, масканлар мавжуд. Бундай масканларни деярли барча вилоятларда учратиш мумкин. Улардан энг машҳурлари Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида жойлашган. Тиббиётда организмни чиниқтиришда қум ванналарини қўллаш энг самарали усуллардан бири дея тан олинган. Ҳаттоки, Абу Али ибн Сино ҳам ўзининг “Тиб қонунлари” китобида “Агар қумнинг хусусиятларидан оқилона фойдаланилса, инсонда модда алмашинуви яхшиланиб, у кучли ва бардам бўлади. Бадандаги ортиқча ёғлар эрийди. Сурункали совуқлик ва бош оғриғи бартараф бўлиб, мия фаолияти мустаҳкамланади” деб ёзиб қолдирган. Қумли ванналардан фойдаланиш учун, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Шундагина даволаш усуллари самарали таъсир этади. Чунки шундай касалликлар борки, қумга кўмилиш орқали кучайиб кетиши ёки турли хил асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Табиий ва сунъий иситилган қумдан фойдаланиш

Даволаш борасида табиий ва сунъий қум ванналари мавжуд. Табиий қум ванналари учун дарё ва денгиз соҳилларидаги қуёшда исиган қум ишлатилади. Бундай муолажа йилнинг июнь ойидан то август ойи охиригача қуёш нурининг энг юқори иситиш соатида (14:00 дан 16:00 гача) амалга оширилиши керак. Шифобахш қумнинг ҳарорат даражаси, намлиги ҳар куни ўлчаб турилади. Муолажа учун иссиқ қумнинг устки юпқа қатлами (0-5 см.) бўлиши керак. Умумий қум ванналарида беморнинг қўл-оёқлари ва танаси 5-12 см. 40-45 даражагача қизиган қум қатлами билан кўмиб қўйилади (бош ва юрак соҳасидан ташқари).

Сунъий қум ванналарида тоза денгиз ёки дарё қуми қиздирилиб, қутиларга солинади ва бемор қумга кўмилади (бўйин ва кўкрагидан ташқари). Беморнинг очиқ тана қисми чойшаб билан ёпилади. Бош тагига паралон ёстиқ ёки матога ўралган қум болиши қўйилади. Бош устига соябон ўрнатилиб, баъзан бош совуқ сув билан намлаб турилади. Умумий қум ванналари катталар учун 15-20 дақиқа, болалар учун 10-15 дақиқа, маҳаллий қум ваннаси эса 40-60 дақиқага қўйилиши мақсадга мувофиқ. Муолажа вақтида беморнинг кайфияти ва аҳволи назорат қилиб борилади: қон босими, юрак уриши ва тана ҳарорати ўлчаб турилади.

Муолажа тугаши билан бемор шамоллашдан ҳимояланган айвонга олиб ўтилиб, танаси қуриб қолган ва тер таъсирида намланган қумлардан тозаланади. Кейин бемор чойшаб билан ўралиб, унга кўк чой ичирилади. Муолажадан 20-30 дақиқа ўтгандан кейин ҳам унинг қон босими, томир уриши, ҳароратини назорат қилиш шарт. Бемор айвонда то терлаш жараёни тугагунча дам олгач, қум қолдиқлари илиқ сувда ювиб ташланади. Сўнгра хонада 1,5 - 2 соат ётиб дам олиш тавсия этилади. Қум ваннаси кун­ора ўтказилади. Даволаш курси 8-10 муолажани ташкил этади. 

Қайси касалликларни даволайди?

Қумнинг даво самарадорлиги механик ва ҳароратли таъсири билан боғлиқ. Қум иссиқни яхши сақлайди ва уни организмнинг қон-томир ва бошқа тизимларига секин-аста етказиб беради. Иссиқ қум инсон танасини қоплар экан, тери, тери ости ёғ қавати ва тўқималарни ёқимли массаж қилади. Бунинг натижасида тери ва унинг остидаги тўқималарда капилляр қон айланиши ҳамда лимфа айланиши яхшиланади, орган ва тўқималарнинг кислород билан таъминланиши, тер безларининг фаолияти яхшиланади, бу эса тер ажралиши ҳисобига ортиқча тана вазни самарали камайишига олиб келади. Алмашинув ва оксидланиш жараёнлари барқарорлашади. Буйраклар ва сийдик ажратиш аъзолари, хусусан, сийдик қопи фаолияти яхшиланади. Ортиқча тана вазнига қарши курашишда ҳам иссиқ қум билан даволаш самарали ҳисобланади. Бунда инсоннинг юрак соҳаси очиқ қолдирилган ҳолда тананинг барча қисмлари қиздирилган қум билан қалин қилиб қопланади ҳамда шундай ҳолатда ярим соат ётилади.

Қум ванналари таъсирида бутун тана бир хилда қизийди, оғриқлар қолади. Организмда оксидланиш жараёни кучаяди. Тана бўйлаб қон лимфа айланиши тезлашиб, бадандаги шиш ва яллиғланишлар, артроз, артрит, ревматизм, неврит, радикулит, бод, бўғимлар шамоллаши, бачадон ва тухумдон яллиғланишлари, неврология сингари дардларни қум муолажаси ёрдамида даволаш мумкин. Бўғимлар ва бел соҳаси касалликларидаги оғриқлар маълум бир вақтдан сўнг йўқолади. Аммо қумга тушишнинг қоидалари билан таниш бўлмаган ҳолларда муолажалар етарлича фойда бермаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам псаммотерапия шифокори кўмагида амалга оширилгани маъқул. Қум дардларни ўзига ютиш баробарида кишининг иммун тизими фаолиятини мустаҳкамлайди.

Қумдан чиққач, пахтадан тайёрланган кийимлар кийиш лозим. Чунки кишининг терлаши давом этади. Тушликка эса шолғом, сабзи, картошка ва кўкатлар солинган товуқ шўрва ичиш мақсадга мувофиқ. Қовун-тарвуз, мева, ҳар хил шарбат ва ичимликларни совутиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Муолажа тугамагунича ювиниб бўлмайди. Йўқса, яна намлик йиғилиши мумкин.

Буни билиш шарт!

Инфекцион касалликлар, гипертония ҳамда аёлларда учрайдиган айрим касалликлар (миома, эндометриоз, мастопатия), ўпка сили, варикоз, варикоцеле, жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларга қумли муолажалар тавсия этилмайди. Бундан ташқари, 3 ёшгача бўлган болаларга, касалликларнинг ўткир даврида ва иссиқ муолажаларга қарши кўрсатма бўлган барча ҳолатларда ҳам қумли ванналарни қабул қилиб бўлмайди.

Тузли ғорлар қайси касалликларни даволайди?

Тузли ғорлар билан даволаш услуби фанда спелеотерапия деб аталади. Бугунги кунда спелеотерапия бронхиал астма, гипертония ва бўғим касалликларида кенг қўлланилиб келинмоқда.

Маълумотларга кўра, бундай илк даволаш масканлари XIX асрда Италияда фаолият кўрсатган. Кейинчалик худди шу асрнинг охирларида Америка Қўшма Штатларининг Кентукки шаҳри Мамонт ғорида сил касаллигини даволаш учун мўлжалланган шифо маскани очилган. Замонавий спелеотерапия тарихи ХХ асрнинг 50-йилларига тўғри келиб, Шимолий ва Жанубий Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Бу даврда спелеотерапиянинг даволаш методи сифатида кенг тарқалиши Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ.

Юртимизда ҳам тузли ғор билан даволаш усули кенг қўлланилади. Ушбу тузли ғорлар санатор-курорт типида халқимизга бир неча йиллардан буён хизмат кўрсатмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятида “Оқтош”, Жиззахда “Зомин”, Чирчиқда “Бўстон” ва Сурхондарё вилояти Шеробод туманида “Вандоб” санатор-курортларида спелеотерапевтик даволаш усуллари мавжуд.

Иммун тизимини яхшилайди

Тузли ғорлар босимни бир меъёрда ушлаб туриши билан ажралиб туради. Ғорда йил бўйи ҳарорат ўртача 10-16 градус атрофида бўлади. Тузли ғор ҳавоси таркибидаги туз заррачалари балғам кўчиши ва унинг чиқарилишини осонлаштиради, нафас ва юрак қон-томир, иммун тизими фаолиятини яхшилайди. Дастлабки муолажаданоқ беморларда юрак уриши ва қон айланиши яхшиланади, иммун тизими ҳамда чуқур нафас стимулятицияси кучаяди.

Спелеотерапия орқали сурункали бронхит, бронхиал астма, юқори нафас йўлларининг сурункали касалликлари (ринит, гайморит), нейросиркуляр дистония, ўпка ва диафрагмада ўтказилган жарроҳликлардан кейинги ҳолатларда, жадал кечувчи экзема, атопиc дерматит ва нейродерматитларни даволаш мумкин. Ҳаддан зиёд семизлик юзага келган тақдирда ҳам тузли ғорлардан фойдаланилади. Соғлом одамнинг тузли ғорда бўлиши, чарчоғини олибгина қолмай, уйқусини яхшилайди.

Хулоса ўрнида

Бир сўз билан айтганда, юртимизда мавжуд имкониятлар, яъни қумли муолажалар ва тузли ғорлардан унумли фойдаланиб, шифокорлар назорати остида баъзи касалликлардан фориғ бўлиш мумкин. Саломатлигингизга қайғуришнинг айни пайти. Қуёш тафти забтига олаётган шу кунларда ажойиб имкониятни қўлдан бой берманг.

ДАРВОҚЕ:

Бухоронинг Олот туманида шифобахш туз кўли бор. Фақатгина ёз фаслида — саратон ойининг чилласида 40 кунча бу ер шифоталаблар билан гавжумлашади. 300 йилдан буён бу масканда бўғимлардаги оғриқлар, танага йиғилган тузлар, остеохондроз каби дардлар самарали даволаниб келинмоқда.

Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги Етимқум масканида оёқ, қўл ва бел оғриғига чалинган кишилар қум ваннаси қабул қилишади. Айни пайтда Термиз туманидаги “Жайронхона” сиҳатгоҳида ҳам ревматологик касалликларни даволашда қумдан унумли фойдаланилмоқда.

Манба: “Mahalla” газетаси​​

ЎзА
4 626