Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 19:10 Чоп этиш версияси

Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги кенг нишонланди

Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги кенг нишонланди Андижонда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, олим ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ва хорижда фаолият олиб бораётган бобуршунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг ижодий меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш, асарларида илгари сурилган эзгу ғояларни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бетакрор шеърияти, Шарқ халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, табиати ва қадриятлари ҳақида муфассал маълумот берувчи, инсонни комилликка ундовчи асарлари ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда шоир номи билан аталувчи вилоят мусиқали драма ва комедия театри жамоаси томонидан Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилди, ёш ижодкорлар шоир ғазалларидан намуналар ўқиди. Бобур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

– Бобур ижоди инсонни комилликка етакловчи улкан маънавий меросдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов. – Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбааларини ўрганишимизда муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилади. Бобур лирикаси ўзбек мумтоз адабиётининг энг гўзал саҳифаларидан биридир.

Тадбир доирасида Бобур боғидаги «Бобур ва жаҳон маданияти» музейида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш, “Бобур библиографияси”нинг тўлдирилган иккинчи нашрини чоп этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маърузалар тингланди.

– Ўзбекистонда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар юксак даражада олиб борилаётгани диққатга сазовор, – дейди афғонистонлик бобуршунос олим Зиёвуддин Қайсарий. – Бобур умри давомида Ватанга муҳаббат ва уни севиш ҳақида ёзган. Олимларнинг изланиши, илму маърифат аҳли ижод қилиши учун кенг имкониятлар яратган. Бобурга кўрсатилаётган эътибор халқингизнинг улуғ аждодларига бўлган ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин намунасидир.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
3 257






Все о погоде - Pogoda.uz