Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 17:20 Чоп этиш версияси

Улуғлар ёди – ибрат мактаби

Навоий кон-металлургия комбинати “1-Гидрометаллургия заводи” кон бошқармасида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Шароф Рашидовнинг республикамизни ғоят мураккаб ва оғир йилларда бошқаргани, Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари барпо этилишида бош-қош бўлгани, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маънавиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшгани ҳақида сўз юритилди.

Комбинатнинг меҳнат фахрийси, геолог Ҳамид Шарипов ҳаёти давомида Шароф Рашидов билан уч марта учрашган. У йиғилганларга ушбу унутилмас учрашувлар ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Хусусан, Шароф Рашидовнинг 1958 йил сентябрь ойида Конимех тумани Шодибек қишлоғида пахтакорлар билан учрашувини шундай эслади:

– Шароф Рашидов илғор теримчиларга совғалар топшириб бўлгач, мени ёнларига чақириб, қайси мактабда ва нечанчи синфда ўқишим, қандай бадиий китобларга қизиқишим ҳақида сўради. Мен Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжон шеърларини, Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” ва “Қудратли тўлқин” китобларини ўқиганимни айтдим. Шунда у кишининг нурли чеҳраси янада ёришиб кетди ва менга хитой авторучкасини совға қилди. Бу авторучкани онам сандиққа солиб яшириб қўйган экан, институтга ўқишга кирганимда менга бера туриб, бу ручкани авайла, ҳуда-беҳудага ишлатаверма, дедилар негадир. Ростдан ҳам, улуғ инсон қўлидан олган авторучка менга бахт-омад келтирди. Соҳанинг етук мутахассиси сифатида жамиятда ўз ўрним ва сўзим бўлишида доимо руҳлантириб турди.

Тадбирда Шароф Рашидовнинг “Самарқанд куйлари”, “Қаҳрим” шеърий тўпламлари, “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романлари, “Дил амри” қиссаси мазмун-моҳияти, уларнинг ёшлар таълим-тарбиясидаги ўрни ҳақида сўз юритилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 406






Все о погоде - Pogoda.uz